currencies image

12 938,01 UZS

22,94

usd

currencies image

14 673,00 UZS

13,10

eur

currencies image

158,73 UZS

2,30

ru



АсосийЯнгиликларКонституцияда шундай дейилган: шахсни ушлаш чоғида унга ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асослари тушунтирилиши шарт

Конституцияда шундай дейилган: шахсни ушлаш чоғида унга ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асослари тушунтирилиши шарт

Ҳуқуқ

calendar

04.12.2023

eye

612

Конституцияда шундай дейилган: шахсни ушлаш чоғида унга ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асослари тушунтирилиши шарт© Фото: Hudud24.uz

Hudud24.uz “Конституцияда шундай дейилган” рукни доирасида шахсни ушлаб туриш чоғида унга ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асосларининг тушунтирилиши, яъни “Миранда қоидаси” ҳақида батафсил маълумот беради.

“Миранда қоидаси” нима?

Шахсни ушлаб туриш чоғида унга ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асосларининг тушунтирилиши (“Миранда қоидаси”) халқаро ҳуқуқда умумэътироф этилган норма бўлиб, суриштирув, тергов ва суд жараёнларида қонун бузилишига йўл қўймасликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Шу маънода, янги Конституциямизнинг 27-моддасида “Шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши шартлиги” белгиланди.

“Миранда қоидаси” ўз тарихига эга. 1966 йилда жиноят содир этган Э.Мирандани АҚШнинг Аризона штати полицияси ҳибсга олади. Сўроқ қилишдан аввал гумонланувчи сифатида ҳуқуқлари тушунтирилмаганлиги туфайли, кейинчалик унинг айбга иқрорлиги тўғрисидаги кўрсатмаси асосида чиқарилган ҳукм АҚШ Олий судида бекор бўлган.

“Миранда қоидаси”га (ингл. Miranda warning) биноан шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши, айбланувчи айбловнинг моҳияти ва асосларидан хабардор қилиниши, шунингдек, сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши, жиноят ишларида ўзига қарши гувоҳлик беришга мажбур қилинмаслиги, малакали юридик ёрдам таъминланиши талаб этилади.

Кўпчилик тергов органлари томонидан кимдир қўлга олинганида, у нима учун ушлангани айтилмаслигидан, айтилганида ҳам ушлаш сабаблари ва айбноманинг асл маъносини тушунмаслигидан шикоят қилади.

Одатда, ушланган шахс ўз ҳуқуқларини билмаган шароитда тергов органлари томонидан айбига иқрорлик кўрсатмалари беришга мажбурланиши хавфи катта. Айнан процессуал ушлаш вақтида инсон оғир руҳий ҳолатга тушади ва ҳуқуқий ёрдамга, айниқса муҳтождир, чунки у бундай мураккаб вазиятда жиноятда айбдор ёки айбсизлигини исботлаш мажбурияти унга эмас, аксинча, тўлиқ тергов органларига юклатилганлигини англай олмайди.

Муҳими, мазкур қоидага кўра, шахснинг ҳуқуқлари у яхши тушунадиган тилда тушунтирилиши ва бу тил айнан унинг она тили бўлиши шарт бўлмай, шахс одатда мулоқот қиладиган ва яхши тушунадиган тил бўлиши талаб этилади.

Шу нуқтаи назаридан, ушбу қоида ушланган шахсга унинг ҳуқуқлари реал таъминланишини кафолатлайди ва унга нисбатан тергов органлари томонидан алдов, нотўғри маълумот бериш ва бошқа ҳар қандай қонунга хилоф усуллар қўлланилишини олдини олади.

“Миранда қоидаси”нинг мазкур талаби Испания, Греция, Нидерландия, Хорватия, Словения ва бошқа бир қатор давлатлар конституцияларида мустаҳкамланган.

Ушбу қоиданинг Конституцияга киритилиши шахснинг асоссиз ушланиши, адвокат иштирокисиз ёки ўзига қарши кўрсатма беришга мажбур қилинишини олдини олади.

Ўз ҳуқуқларини яхши билган ва талаб қиладиган инсонларга нисбатан тергов вақтида зўравонлик ёки қонунга хилоф ҳаракатлар қилиш эҳтимоли албатта кескин пасаяди.

Дилмурод Ражабоев,

Hudud24.uz колумнисти

Улашиш:

Мавзуга доир янгиликлар: