Содда талқин
25.06.2026
1 627

“Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан амалдаги Меҳнат кодексига ходимларнинг иш ташлаш ҳуқуқини белгилашга оид нормалар киритилди.
Ходимларнинг иш ташлаш ҳуқуқи жамоавий меҳнат низоларини ҳал этиш доирасидаги чора бўлиб, ушбу масалага оид қарор қабул қилиш меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ( конференцияси) ваколатига тааллуқли бўлади. Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши керак:
— иш ташлашни эълон қилиш ва ўтказиш учун асос бўлган жамоавий меҳнат низоси тарафларининг келишмовчиликлари рўйхати;
— иш ташлаш бошланадиган сана, вақт ва жой;
— иш ташлашга раҳбарлик қилувчи ва унинг иш ташлаш чоғидаги ваколатлари тўғрисидаги маълумотлар;
— ходимларнинг яраштирув-воситачилик тартиб-таомилларида иштирок этувчи вакиллари рўйхати.
Қонунчиликда иш ташлашга тушунча берилган бўлиб, унга кўра иш ташлаш — бу ходимларнинг меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иш берувчи билан жамоавий меҳнат низосини ҳал этиш усули сифатида меҳнат мажбуриятларини вақтинча, ихтиёрий ва биргаликда тўлиқ ёки қисман бажаришни тўхтатишларини англатади.
Шунингдек, Меҳнат кодексида ушбу жараёнлар билан боғлиқ ҳолатларда меҳнатга оид муносабатлар бўйича ходимларга бериладиган кафолатлар ҳамда жорий этиладиган чекловлар доираси ҳам аниқ белгиланган.
Хусусан, иш ташлашда қуйидагиларнинг қатнашиши мумкин эмас ҳамда улар иштирокидаги иш ташлаш тақиқланган ҳисобланади:
— тиббиёт ходимлари;
— давлат органининг ваколатларини амалга ошириш учун Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган шахслар;
— ҳарбий хизматчилар, судьялар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг махсус (ҳарбий) унвонларга ёки мартаба (малака, мансаб) даражаларига эга ходимлари;
— энергия ва сув таъминоти тизими ташкилотлари ходимлари;
— алоқа тизими ходимлари.
Меҳнат қонунчилиги билан иш ташлаш тақиқланган ҳолларда иш ташлашда иштирок этиш, ноқонуний иш ташлашга раҳбарлик қилиш, иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашмасликка мажбур қилиш ҳамда мулкий манфаатдор бўлиш эвазига ёинки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб ҳаракат қилганликда айбдор шахсларнинг маъмурий ва жиноий жавобгарлиги ҳам белгиланган.
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Хайриддин Файзиев,
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш институти доценти
Улашиш:
Бошқалар
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Бегона юкни олиб ўтиш — «оддий илтимос» эмас: гиёҳвандлик воситалари айланмасига тасодифан аралашиб қолманг
Ҳушёрлик — қўрқув эмас, балки ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англашдир.
Уй ҳайвонларини идентификация қилиш: муҳим 10 маълумот
Ҳайвонларни идентификация қилиш тизими — шунчаки бирка тақиш ёки рақам бериш эмас.
Муддатли тўловга оид талаблар: нималар ўзгарди?
Муддатли тўлов хизмати шартномаси бўйича истеъмолчининг мажбуриятининг энг кўп муддати 12 ой этиб белгиланди.