Life Style
30.06.2026
437

Кўпчилик МЧЖда барча масалалар фақат устав билан тартибга солинади, деб ўйлайди. Аслида эса қонунчилик жамият иштирокчиларига ўзаро корпоратив шартнома тузиш ҳуқуқини ҳам беради.
Бу шартнома орқали иштирокчилар ўз ҳуқуқларини қандай амалга оширишини олдиндан келишиб олиши мумкин.
Масалан, улар:
— умумий йиғилишда қандай овоз беришини;
— муҳим қарорларни биргаликда қабул қилишини;
— жамиятни бошқаришда келишилган тартибда ҳаракат қилишини;
— ўз улушини қайси нархда ёки қандай шартлар юзага келганда сотиши ёки сотиб олишини;
— айрим ҳуқуқларини маълум муддат амалга оширмаслигини келишиб олиши мумкин.
Бундай келишув фақат ёзма шаклда тузилади ва унинг шартлари фақат уни имзолаган иштирокчилар учун мажбурий ҳисобланади.
Шу билан бирга, корпоратив шартномага ҳамма нарсани киритиш мумкин эмас. Масалан, иштирокчиларни жамият директори ёки бошқа органларнинг кўрсатмасига кўра овоз беришга мажбурловчи шартлар киритилиши мумкин эмас. Шунингдек, жамият органларининг тузилиши ёки ваколатларини корпоратив шартнома орқали белгилашга ҳам йўл қўйилмайди. Агар бундай шартлар киритилган бўлса, улар ҳақиқий ҳисобланмайди.
Корпоратив шартнома тузилгандан сўнг унинг тарафлари 15 кун ичида жамиятни ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бироқ шартноманинг мазмунини ошкор қилиш талаб этилмайди. Хабарномани тарафларнинг келишувига кўра улардан бири юбориши мумкин.
Агар ушбу мажбурият бажарилмаса ва бунинг оқибатида бошқа иштирокчиларга зарар етса, улар етказилган зарарнинг ўрнини қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Яна бир муҳим қоида шундаки, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, иштирокчилардан бирининг жамиятдаги улуши тугаши ёки у жамият таркибидан чиқиши корпоратив шартноманинг қолган иштирокчилар учун бекор бўлишига сабаб бўлмайди.
Бундан ташқари, корпоратив шартномада мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш усуллари ҳамда шартнома шартлари бузилган тақдирда жавобгарлик чоралари ҳам белгиланиши мумкин.
Корпоратив шартнома — бу МЧЖ иштирокчиларига ўзаро муносабатларини янада аниқ ва ишончли тартибга солиш имконини берадиган ҳуқуқий воситадир. У уставнинг ўрнини босмайди, балки иштирокчиларнинг ўзаро келишувларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлайди. Шу сабабли, айниқса бир нечта таъсисчиси бўлган жамиятларда корпоратив шартнома келажакда юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Маъмурий жазони қўллаш, энг енгил жазони қўллаш асослари: муҳим 6 саволга жавоб
Маъмурий жазони қўллашда содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинади.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
“Инсон ва қонун” – барчаси бир нашрда!
Агар шуларнинг ҳаммаси бир нашрда мужассам десак ишонасизми?
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.