currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларКредит муносабатларининг долзарб масалалари: қарздорликнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида муҳим фактлар

Кредит муносабатларининг долзарб масалалари: қарздорликнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида муҳим фактлар

Ҳуқуқ

calendar

01.06.2026

eye

38

Кредит муносабатларининг долзарб масалалари: қарздорликнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида муҳим фактлар

Сўнгги йилларда кредитлаш тизими, айниқса онлайн кредитлаш хизматлари оммалашиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида қарздорлик билан боғлиқ низолар сонининг ортишига сабаб бўлмоқда. Шундай экан кредит муносабатлари ва қарздорликнинг ҳуқуқий оқибатларини кўриб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Кредит муносабатларининг ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикасида кредит муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.

Кредит муносабатларининг ҳуқуқий мазмуни

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744 – 748-моддалари кредит муносабатларига оид нормаларни ўзида жамлаган. Унга кўра кредит муносабатлари қарз олувчи ва кредитор ўртасида тузиладиган молиявий-ҳуқуқий муносабат бўлиб, бир тараф маълум бир пул маблағларини фойдаланиш учун иккинчи тарафга беради ва иккинчи тараф уни белгиланган муддатларда ва фоизи билан қайтариш мажбуриятини олади. Бунда кредитор сифатида банк ёки бошқа кредит ташкилоти назарда тутилади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 745-моддасига мувофиқ шартнома ёзма шаклда тузилиши шарт. Акс ҳолда кредит шартномаси ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмайди.

Кредит муносабатларида аксарият низолар шартнома шартларининг бузилиши натижасида юзага келади.

Бундан шундай хулоса қилинадики, кредит муносабатларига киришаётганда шартнома асосий ҳужжат ҳисобланади ва шартномада кредит миқдори, фоиз ставкалари, тўловни амалга ошириш муддати, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва жавобгарлик чоралари аниқ белгиланиши лозим.

Кредитни муддатидан олдин қайтариш ва кредитни муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиш шартлари

Қарз олувчи олинган қарз суммасини белгиланган муддатда ва миқдорда қайтариши шарт. Агар шартномада қарзни қайтариш муддати кўрсатилмаган бўлса, қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида қарз олувчи қарзни қайтариши керак. Фоизсиз қарзлар қарз олувчи томонидан муддатидан олдин қайтарилиши мумкин. Фоизли қарз суммалари ҳам қарз берувчининг розилиги билан муддатидан олдин қайтарилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 7461-моддаси мазмунидан келиб чиқиб агар кредит олувчи қарзни белгиланган вақтда тўламаса, банк ёки кредитор аввал судга фақат муддати ўтиб кетган қарзни ундириш учун мурожаат қилади. Агар қарз олувчи шу қарзни ҳам тўлиқ тўламаса, унда кредитор кредитнинг қолган барча қисмини ҳам муддатидан олдин қайтаришни талаб қилиб, судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Оддий қилиб айтганда, қарздор тўловларни вақтида амалга оширмаса, банк аввал кечиктирилган суммани сўрайди. Муаммо давом этса, банк бутун кредитни бирданига қайтаришни талаб қилиши мумкин.

Кредит муносабатларида қарздорликнинг келиб чиқиш сабаблари ва ҳуқуқий оқибатлари

Кредит шартномаси бўйича қарздорлик асосан 2 та ҳолатда, яъни қарз олувчи олинган пул суммасини қайтариш мажбуриятини ва фоизларни тўлаш мажбуриятини бажармаганда вужудга келади. Бундан ташқари кредит шартномасида назарда тутилган шартларни жиддий равишда бузилганда, олинган кредит мақсадсиз ишлатилганда ҳам қарздорлик юзага келиши мумкин ва бу бир қатор ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқади. Жумладан, кредит бўйича пеня ва жарималар ҳисобланиши, кредит тарихининг салбийлашуви, мол-мулкка нисбатан ундирув қаратилиши, суд тартибида қарзни мажбурий ундириш, айрим ҳолларда қарздор банкрот, деб топилиши мумкин. Суд қарорига асосан қарздорнинг иш ҳақи, банкдаги ҳисобварақлари ёки бошқа мол-мулкидан ундирув амалга оширилиши мумкин. Бу эса қарздорнинг молиявий ҳолатига жиддий таъсир кўрсатади.

Кредит муносабатларига киришган фуқаролар (қарздор) чет элга чиқиши мумкинми?

Кредит тўловларини ўз вақтида ва белгиланган шартларга мувофиқ амалга ошираётган фуқароларнинг чет элга чиқиш ҳуқуқи ҳеч қандай чекланмайди. Қарздорнинг чет элга чиқишига чекловлар қўйилиши мумкин ва бу ҳолат қарздор кредит тўловларини ўз вақтида амалга оширмаганда юзага келади.

Бу турдаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни ва тегишли норматив ҳужжатлар билан тартибга солинган. Агар қарздор кредит мажбуриятларини ўз вақтида бажармаса, банк судга мурожаат қилади. Тегишли суд қарори билан иш мажбурий ижро бюролари иш юритувига ўтган бўлса, қарздорнинг хорижга чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланиши мумкин.

Кредит муносабатлари иқтисодий ҳаётимизнинг муҳим қисмига айланиб бораётган бугунги кунда кредитлардан оқилона фойдаланиш кенг молиявий имкониятлар яратади. Бироқ кредит мажбуриятларини бажармаслик молиявий ва ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши ҳам мумкин. Шу сабабли кредит олишдан олдин шартнома шартларини пухта ўрганиш, ўз тўлов имкониятларини тўғри баҳолаш ҳамда кредит маблағларидан мақсадли фойдаланиш муҳимдир.

Зулайхо Носирова,

“Адолат” МҲАМ масъул ходими

Улашиш: