#NoComment
05.06.2025
117
1. Қандай оила кўп болали оила деб ҳисобланади?
Оила кодекси 4-1-моддасига кўра, тўрт нафар ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оиладир. Бунда, агар тўрт нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида (ўрта махсус ва профессионал, олий таълим) таълим ташкилотларида ўқиётган ҳамда йигирма икки ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади.
2. Ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларни ишга жойлаштириш кафолатланган
Давлат кўп болали оилаларга турли имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди. Хусусан, кўп болали оилаларнинг ота-оналарига ишга жойлашишда кафолатлар назарда тутилган. Меҳнат кодекси 96-моддасига кўра, давлат аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни таъминлайди. Кўп болали оилалардаги ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига киради.
Иш берувчи Меҳнат кодекси 96-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган, меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан юборилган шахсларни қонунчиликда белгиланган тартибда ишга қабул қилади.
Меҳнат кодекси 119-моддасига кўра, иш берувчи қонунга мувофиқ меҳнат шартномасини тузиши шарт бўлган шахсларни (иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобига ишга юборилган шахсларни, иш берувчи алоҳида асослар бўйича меҳнат шартномасини бекор қилган шахсларни, улар қайта ишга қабул қилинган тақдирда ва бошқаларни) ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш ҳисобланади.
3. Кўп болали оилалар ер солиғини тўлашдан озод этилган
Солиқ кодекси 436-моддаси 1-қисми 5-бандига кўра, боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар (ота ва онадан бири ёхуд ота-она вафот этган кўп болали оилалар) жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан озод этилади. Ушбу имтиёз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги буджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади.
4. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси 100 фоиз тўланади
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 майдаги 314-сон қарорига 1-илова “Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақаларни ҳамда янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга нафақани тайинлаш ҳамда тўлаш тартиби тўғрисида” Низом 22-бандига кўра, қарамоғида 16 ёшга (ўқувчилар 18 ёшга) етмаган уч ёки ундан ортиқ болалари бўлган ходимларга вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси иш стажининг давомийлигидан қатъи назар, ўртача иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланади.
5. Кўп болали оилалар уй-жой фондидан турар жой бериладиган фуқаролар тоифасига киради
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11мартдаги 124-сон қарорига 1-илова “Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 8-бандига кўра, кўп болали оилалар аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жой бериладиган фуқаролар тоифасига киради.
Аниқ мақсадли коммунал уй-жой фонди — маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ихтиёрида бўлган, маҳаллий буджет маблағлари ҳисобидан барпо этилган, шунингдек, хусусий, муниципал ва идоравий уй-жой фондидан олиб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига берилган, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган, кам таъминланган тоифалари учун хусусийлаштириш ҳуқуқисиз ижара шартлари асосида фойдаланишга бериш учун мўлжалланган уй-жой фонди.
Шунингдек, мазкур низомнинг 70-бандига кўра, кўп болали оилалар хизмат турар жойларидан бошқа турар жой берилган ҳолда кўчирилади.
6. Давлат мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилинишда имтиёзга эга
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 майдаги 319-сон қарорига кўра, кўп болали оилаларнинг болалари давлат мактабгача таълим ташкилотларига устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга. Болаларни имтиёзли рўйхат бўйича қабул қилиш давлат-хусусий шерикликка асосланган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Мактаб битирувчилари қандай ҳолатларда якуний аттестация топширишдан озод этилади?
Низомнинг иловасига мувофиқ тасдиқланган 59 турдаги якуний давлат аттестациясидан озод қилиш мумкин бўлган касалликларга асосан озод этилади.
“Tashkent Law Spring” тўртинчи халқаро юридик форуми иштирокчиларига
Авваламбор, сизларни “Рақамли технологиялар даври: келажакка ҳуқуқий назар”мавзусидаги “Tashkent Law Spring” IV халқаро юридик форумининг очилиши билан самимий қутлайман.
Энергетика бўйича компенсация ва моддий ёрдамга оид 5 саволга 5 жавоб
Компенсация олиш учун “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки маҳаллаларда фаолият юритувчи ижтимоий ходимларга мурожаат қилиш керак.
Малака ошириш даврида ходимга ҳайфсан бериш мумкинми?
Қонуннинг 48-моддаси Давлат фуқаролик хизматчисига интизомий жазо қўллаш мумкин бўлмаган бир қатор ҳолатларни белгилайди.