Ўзбекистон
02.02.2026
27

2022 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида мослашувчан иш вақти режими ва масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари акс этди. Шу ўринда қайд этиш керакки, анъанавий иш усулидан фарқли ўлароқ масофадан туриб ишлаш режими – давлат хизматчиларининг ўз лавозим вазифаларини иш берувчи жойлашган ҳудуддан ёки объектдан ташқарида интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда бажариши мумкин бўлган ишни ташкил этиш усулидир.
Мослашувчан иш вақти режими – давлат хизматчиларининг айрим тоифалари учун иш кунининг бошланишини, тугашини ва умумий давомийлигини муайян доирада уларнинг ўзи тартибга солишига йўл қўйиладиган иш вақтини ташкил этиш усули ҳисобланади.
Илмий адабиётларда масофадан туриб ишлаш меҳнат ҳуқуқининг анъанавий институтларини инкор этмайдиган, балки уларни замонавий технологиялар орқали қайта шакллантирувчи институт сифатида талқин этилади.
Масофадан туриб ишлаш институти меҳнат ҳуқуқида нисбатан янги бўлиб, унинг ҳуқуқий моҳияти ходимнинг иш берувчи жойлашган ҳудуддан ташқарида меҳнат вазифасини бажариши билан тавсифланади. Бироқ бу ҳолат ходимнинг иш берувчига ташкилий жиҳатдан бўйсунишини истисно этмайди. Шу сабабли масофавий меҳнатни фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар билан тенглаштириш илмий ва амалий жиҳатдан асоссиз ҳисобланади.
А.В. Афанасев ва Э.В. Бикадорова масофавий меҳнатни ҳуқуқий тартибга солишда асосий муаммо қонун нормаларининг мавжуд эмаслигида эмас, балки уларнинг реал меҳнат муносабатларига мос қўлланилмаслигида эканини таъкидлайди. Муаллифлар иш вақти, электрон мулоқот ва масофадан назорат қилиш механизмларининг етарли даражада ҳуқуқий аниқлаштирилмаганини асосий камчилик сифатида кўрсатади.
Мазкур ёндашув масофадан туриб ишлаш институтини меҳнат ҳуқуқининг мустақил, бироқ мураккаб ҳуқуқий институти сифатида баҳолаш имконини беради.
Масофадан туриб ишлаш, одатда, меҳнат шартномасида алоҳида шарт сифатида мустаҳкамланади ёки қўшимча келишув асосида жорий этилади. Бироқ илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, масофавий меҳнат шартномаларида иш вақти режими, техник воситалар билан таъминлаш ҳамда алоқа механизмларининг аниқ белгиланмаслиги меҳнат низоларининг юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Д.Д. Хромованинг фикрича, пандемия даврида масофавий меҳнатнинг оммавий жорий этилиши меҳнат шартномаларида мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни янада яққол намоён этди. Муаллиф иш берувчининг масофавий ишга ўтказиш бўйича бир томонлама ташаббуси ходим ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари билан мувозанатлашиши лозимлигини таъкидлайди.
Шу нуқтаи назардан, масофавий меҳнат шартномасида мажбурий шартлар доирасини аниқлаштириш меҳнат ҳуқуқининг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Масофадан туриб ишлашни ҳуқуқий квалификация қилиш масаласи суд амалиётида муҳим ўрин эгаллайди. А.В. Кузменко, Н.Н. Старцев ва М.В. Филиппова томонидан олиб борилган суд-амалий таҳлил шуни кўрсатадики, судлар масофавий меҳнат мавжудлигини аниқлашда шартнома матнига эмас, балки фактик меҳнат шароитларига устувор аҳамият беради.
Муаллифлар масофавий меҳнатда меҳнат ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни ажратиш анъанавий мезонлар асосида мураккаблашаётганини таъкидлайди. Сабаби масофавий иш шароитида иш берувчининг бевосита назорати чекланган бўлиб, бу ҳолат ҳуқуқий муносабатларнинг “хиралашувига” олиб келади.
Мазкур ҳолат масофавий меҳнат институтини қўллашда ягона суд-амалий ёндашувни шакллантириш заруратини кўрсатади. Халқаро илмий манбаларда масофавий меҳнат бандликни ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар учун меҳнат имкониятларини кенгайтириш воситаси сифатида баҳоланади. Қозоғистонда ўтказилган халқаро илмий конференция материалларида масофавий меҳнат ижтимоий давлат концепцияси билан боғлиқ ҳолда таҳлил қилиниб, давлатнинг назорат ва кафолат берувчи роли алоҳида таъкидланган.
Мазкур ёндашув масофавий меҳнат институтини нафақат иқтисодий, балки ижтимоий аҳамиятга эга ҳуқуқий механизм сифатида баҳолаш имконини беради.
Масофадан туриб ишлаш меҳнат муносабатларининг фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар билан адаштирилишига олиб келмаслиги лозим. Чунки меҳнат қонунчилигига мувофиқ, масофавий ишловчи ходим иш берувчи билан айнан меҳнат муносабатлари доирасида ҳуқуқий алоқага киришади.
Бунда ходим иш берувчининг ташкилий-бошқарув тизимига бўйсунади, белгиланган тартибда иш ҳақи олади ҳамда меҳнат қонунчилигида назарда тутилган ижтимоий кафолатлардан фойдаланади. Мазкур белгилар масофавий меҳнатнинг ҳуқуқий табиатини фуқаролик-ҳуқуқий шартномалардан тубдан фарқловчи асосий мезонлар ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 453-моддасига мувофиқ, масофадан туриб ишлаш шарти меҳнат шартномасида бевосита назарда тутилиши ёки амалдаги меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузиш орқали жорий этилиши мумкин.
Ушбу норма шартнома эркинлиги тамойилининг амалий ифодаси бўлиши билан бирга, тарафлар ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларни аниқ белгилаш заруратини ҳам юзага келтиради. Айнан шу аниқлик масофавий меҳнат муносабатларида ҳуқуқий ноаниқлик ва меҳнат низоларининг олдини олишга хизмат қилади.
Илмий доктринада масофавий меҳнат шартномаси ўзига хос мазмунга эга бўлиб, у бир қатор мажбурий шартлар билан тавсифланади. Хусусан, бундай шартномада меҳнат вазифасини бажариш усули, иш вақти режими, иш берувчи ва ходим ўртасидаги алоқа ҳамда ҳисобдорлик механизмлари, техник воситалар билан таъминлаш тартиби, шунингдек ходим томонидан бажариладиган иш билан боғлиқ харажатларни қоплаш шартлари аниқ ва равшан ифодаланган бўлиши лозим. Ушбу шартларнинг тўлиқ ва аниқ белгиланиши масофавий меҳнат муносабатларининг барқарорлигини таъминлайди.
Н.В.Закалюжнаянинг таъкидлашича, масофавий меҳнат шартномасида техник воситалардан фойдаланиш ҳамда ахборот хавфсизлиги масалаларининг етарли даражада аниқлаштирилмаслиги келгусида меҳнат низоларининг юзага келишига сабаб бўлади. Муаллиф фикрича, айниқса, иш берувчи ва ходим ўртасидаги рақамли ўзаро муносабатлар шароитида мазкур масалаларнинг шартномавий даражада мустаҳкамланиши масофавий меҳнатни самарали ҳуқуқий тартибга сольишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Жаҳон амалиётида масофавий ва мослашувчан иш усулларининг қўлланиши анча олдин бошланган. Хусусан, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Австрия, Белгия, Ирландия ва бошқа бир қатор хорижий давлатларда бугунги глобаллашув даврида рақобатнинг кескинлашиши, хизматлар кўрсатишнинг янги шакллари ривожланиши, иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни та’минлашнинг зарурати сабаб мазкур иш усулларидан фойдаланишга бўлган талаб ошиб бормоқда.
Тажрибадан маълум бўлишича, масофадан туриб ишлаш ва мослашувчан иш режимлари, айниқса, фарзанд парвариши билан банд аёллар, имконияти чекланган инсонлар, қариялар ва бемор шахсларга қаровчилар учун қулай ҳисобланади.
Шунингдек, масофадан туриб ишлаш ходим учун оиласига ва яқинларига кўпроқ вақт ажрата олиши, бир вақтнинг ўзида бир қанча иш жойларида меҳнат қилиб, анъанавий усулда ишловчи ходимга нисбатан кўпроқ маош олиш, касбий касалликларга чалиниш ҳоллари анъанавий иш режимида ишловчиларникига нисбатан пастроқ бўлиши, атроф-муҳитнинг иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатиши учун шарт-шароит яратади. Иш берувчига эса бошқа ҳудуддаги малакали мутахассисларни жалб этиш, коммунал харажатларни камайтириш каби имкониятларни беради.
Ўтказилган таҳлил шуни кўрсатадики, масофадан туриб ишлаш институти меҳнат ҳуқуқида мустақил ҳуқуқий институт сифатида шаклланиб, у анъанавий меҳнат муносабатларининг замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали трансформацияланган шаклини ифодалайди. Бунда масофавий меҳнатнинг ҳуқуқий табиати фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар билан адаштирилмаслиги лозим, чунки масофавий ишловчи ходим иш берувчи билан айнан меҳнат муносабатлари доирасида ҳуқуқий алоқага киришади ҳамда иш берувчининг ташкилий-бошқарув тизимига бўйсунади.
Тадқиқот натижалари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида масофадан туриб ишлашни тартибга солувчи нормальар мавжуд бўлишига қарамай, ушбу институтнинг самарали қўлланилиши, аввало, меҳнат шартномасининг мазмунига қўйиладиган талаблар билан бевосита боғлиқлигини кўрсатди. Хусусан, масофавий меҳнат шартномасида меҳнат вазифасини бажариш усули, иш вақти режими, алоқа ва ҳисобдорлик механизмлари, техник воситалар билан таъминлаш ҳамда харажатларни қоплаш шартларининг аниқ белгиланиши меҳнат муносабатларининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Илмий доктрина ва амалий тажриба таҳлили шуни кўрсатадики, масофавий меҳнат шартномаларида техник воситалардан фойдаланиш ва ахборот хавфсизлиги масалаларининг етарли даражада аниқлаштирилмаслиги меҳнат низоларининг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис, масофадан туриб ишлашни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда шартномавий механизмларни кучайтириш ҳамда тарафлар ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларни максимал даражада аниқлаштириш зарур.
Хулоса қилиб айтганда, масофадан туриб ишлаш институти меҳнат ҳуқуқининг мослашувчанлик ва ижтимоий йўналтирилганлик тамойилларини амалга оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Уни янада такомиллаштириш, бир томондан, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий кафолатларини ишончли ҳимоя қилишни, иккинчи томондан эса иш берувчилар манфаатларини мувозанатлашни таъминловчи аниқ ва самарали ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқишни талаб этади.
Улашиш:
Бошқалар
Дорихоналарда тез-тез учрайдиган ёзув: “сотиб олинган дори воситалари қайтариб олинмайди”
Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим.
Никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби белгиланди
Низомга кўра, нотариуслар томонидан никоҳ шартномаси нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа орқали ўтказса бўладими?
Нотариал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида амалга ошириш «E-notarius.uz» электрон портали ва «Notarius» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тартибга солинади.
Аҳолини рўйхатга олиш бошланди
Аҳолини рўйхатга олиш ўзи нима, унинг ҳуқуқий асоси борми?