Ўзбекистон
21.11.2025
31

Ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга. Меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш тақиқланади. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек, ходимларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек, бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита имтиёзлар бериш камситишдир.
Меҳнат ва машғулотлар соҳасида ходимларнинг ҳуқуқларини меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (оилавий вазифаларни бажариш билан банд бўлган шахслар, вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлик билан боғлиқ ҳолда асосланган тарзда фарқлаш, истисно этиш, уларга афзаллик бериш, шунингдек, уларни чеклаш камситиш деб ҳисобланмайди.
Айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасидаги асосланган фарқлар ходимнинг иш берувчи билан меҳнат алоқаси хусусиятига, меҳнат фаолияти амалга ошириладиган жойга, ходим меҳнатининг шарт-шароитлари ва хусусиятига, иш берувчининг ҳуқуқий мақомига, баъзи тармоқлар ва касблардаги ходимлар меҳнатининг ўзига хос хусусиятларига, организмнинг психофизиологик хусусиятларига, оилавий вазифаларнинг мавжудлигига ҳамда бошқа объектив ҳолатларга боғлиқ бўлиши мумкин.
Меҳнат ва (ёки) машғулотлар соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситилиш факти устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши, шу жумладан, камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённинг компенсация қилиниши тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга бўлиш ҳар бир шахснинг камситишсиз ишга кириш, ишлаш ва меҳнат шартларидан фойдаланишини таъминлайди. Бу норманинг асосий мақсади жинс, ирқ, миллат, дин, ёш ёки бошқа шахсий хусусиятлардан қатъи назар, барчага адолатли муносабат кўрсатилишини кафолатлашдир.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг 7-моддасига кўра, «Барча одамлар қонун олдида тенгдирлар ва ҳеч бир тафовутсиз қонуннинг тенг ҳимоясига ҳақлидирлар. Барча одамлар ушбу Декларацияни бузувчи ҳар қандай камситишдан ва шундай камситилишга ундайдиган ҳар қандай ғаламисликдан тенг ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эгадирлар».
Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган ХМТнинг 1951 йилги “Тенг ҳақ тўлаш тўғрисида”ги 100-сонли ҳамда 1981 йилги “Ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисида”ги 156-сонли Конвенцияларида меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенгликнинг халқаро ҳуқуқий асослари мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар», деб кўрсатилган. Конституцияда имтиёзлар фақат қонунга мувофиқ белгиланади ва ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шартлиги назарда тутилган. Мазкур ҳужжатнинг 37-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқлилиги, 58-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлиги белгиланган. Давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикасининг 02.09.2019 йилдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-562-сон қонунида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари мустаҳкамланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги ПҚ-4235-сон «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарори билан Аёллар меҳнати тўлиқ ёки қисман қўлланилиши тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) ўз кучини йўқотди. Мазкур рўйхатнинг ўз кучини йўқотиши билан меҳнат соҳасида аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланди.
Улашиш:
Бошқалар
Банк сирига нималар киради ва қачон ошкор қилиниши мумкин? Муҳим 5 саволга жавоб
Банк, унинг мижози (вакили) ва Марказий банкидан ташқари бошқа барча шахслар учинчи шахслар ҳисобланади.
Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин
Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.
Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати
Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.
Олий таълимда тарбиянинг янги устуни: Тьюторлик институти касбий босқичда
Қарорнинг энг муҳим янгилиги — тьюторлик лавозимининг мақомини оширишдир. Низомда тьюторлик асосий меҳнат фаолияти эканлиги аниқ белгиланди.