currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларПаспорт нусхангиз ҳозир кимнинг қўлида? Шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилишнинг 7 муҳим қоидаси

Паспорт нусхангиз ҳозир кимнинг қўлида? Шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилишнинг 7 муҳим қоидаси

Ҳуқуқ

calendar

09.11.2026

eye

36

Паспорт нусхангиз ҳозир кимнинг қўлида?  Шахсий маълумотларингизни ҳимоя қилишнинг 7 муҳим қоидаси

Дўконда муддатли тўловга телефон олаётганингизда сотувчи паспортингизни суратга олади. Меҳмонхонада нусхасини қолдирасиз, ишга кирганда яна биттасини топширасиз. Бир йил давомида шу тариқа ўнлаб жойда маълумотларингиз қолади, уларнинг кейинчалик қандай сақланиши ва ишлатилиши эса кўпинча эътибордан четда қолади.

Ушбу масаланинг долзарблигини сўнгги вақтда юз берган ҳолатлар ҳам тасдиқламоқда. Жорий йил бошида айрим давлат органларининг ахборот тизимларига киберҳужум уюштирилиши оқибатида 60 мингга яқин фуқаронинг шахсга доир маълумотлари рухсатисиз шахслар қўлига ўтгани аниқланди. Ваколатли орган маълумотига кўра, мазкур маълумотлардан шахснинг номидан юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга ошириш учун фойдаланиб бўлмайди, бироқ улардан фирибгарлик мақсадида фойдаланилиши эҳтимолини ҳам истисно этмайди.

 

Бош қомусимизнинг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга бўлиб, ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Шу билан бирга, ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган.

Шунингдек, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига асосан шахсга доир маълумотлар субъекти ўз шахсга доир маълумотларига ишлов бериш учун розилик бериш ва бундай розиликни чақириб олиши мумкин. Умумий қоида бўйича шахсга доир маълумотларга ишлов бериш субектнинг розилиги билан амалга оширилади. Истиснолар фақат қонун билан белгиланади ва улар, асосан, жамоат тартиби, аҳоли соғлиғи, мудофаа ва давлат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ.

Маълумотларингизни ҳимоя қилиш учун аввал улар кимда ва нима мақсадда сақланаётганини билишингиз керак. Қонун фуқарога айнан шу ҳуқуқни беради. Маълумотларингиз базага киритилганда бу ҳақда сизга ёзма хабар берилиши, маълумот бошқа ташкилотга берилса, уч кун ичида хабар қилиниши шарт (23-модда). Ўзингиз ҳақингиздаги маълумотларни сўраб мурожаат қилишингиз ҳам мумкин. Сўровингиз рад этилса, ўн кун ичида ёзма жавоб берилади ва бу жавоб устидан шикоят қилиш мумкин (22-модда).

Маълумотдаги хато биринчи қарашда арзимас техник камчиликдек кўринади. Аммо манзил ёки туғилган санадаги битта хато кредит, нафақа ёки давлат хизматини олишда рад жавобига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун нотўғри киритилган маълумот мурожаатингиздан кейин уч кунлик муддатдан кечиктирилмай тузатилиши шарт (11-модда). Ишлов бериш мақсадига эришилгач ёки розилигингизни қайтариб олганингиздан кейин маълумот йўқ қилиниши керак (17-модда). Фуқаро розилигисиз маълумотларни бошқаларга ошкор қилиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди (28-модда).

Фуқаролар қонунчилик бўйича қандай мажбуриятга эга?

  •  

Қонунчилик фуқароларга фақат ҳуқуқ бермайди, мажбурият ҳам юклайди. Жамоат тартиби, фуқароларнинг соғлиғи, мудофаа ёки давлат хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолларда қонун талаб қилса, ўз маълумотингизни тақдим этишингиз шарт (30-модда).

Бошқаларнинг маълумотини ҳурмат қилиш ҳам шундай мажбуриятга киради. Телефонингиздаги контактлар каби шахсий мақсадда сақланадиган маълумотларга қонун татбиқ этилмайди (3-модда). Бировнинг расми, телефон рақами ёки шахсий ҳужжатларини унинг розилигисиз ижтимоий тармоқларда тарқатиш ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин. Масалан, маҳалла гуруҳида қарздорлар рўйхатини ёки ота-оналар чатида ўқувчиларнинг ЖШШИРи кўрсатилган жадвални улашиш ҳам шахсга доир маълумотлар дахлсизлигини бузиши мумкин.

  •  

Жавобгарлик масаласи

Шахсга доир маълумотни қонунга хилоф йиғган ёки тарқатган фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46-2-моддасига кўра БҲМнинг 7 баравари, яъни 3 миллион 80 минг сўм жаримага тортилади. Мансабдор шахс учун жарима 50 баравар, яъни 22 миллион сўм.

Сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда шахсга доир маълумотларга қонунга хилоф равишда ишлов бериш, уларни оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш 22 миллиондан 44 миллион сўмгача жарима жазосига сабаб бўлади. Бундан ташқари, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроллари ҳам мусодара қилинади.

Масалан, бировнинг юзи ёки овози қўйилган сохта видеони тайёрлаб интернетга жойлаганлик учун юқоридаги каби жавобгарлик чораси қўлланилиши мумкин.

  •  

Маъмурий жазодан кейин худди шу ҳуқуқбузарлик яна содир этилса, энди Жиноят кодексининг 141-2-моддаси қўлланади. Бу ҳолда жарима 44 миллион сўмдан бошланиши мумкин. Ҳуқуқбузарлик гуруҳ бўлиб ёки бошқа оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган бўлса, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳам мумкин.

Шунинг учун ҳазил учун бўлса ҳам, яқин танишингиз бўлса ҳам, бировнинг иштирокидаги видеони сунъий интеллект ёрдамида тайёрлаб, унинг розилигисиз тарқатишдан олдин жавобгарлик ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг.

Сиз билишингиз ва риоя қилишингиз лозим бўлган 7 та муҳим қоида

Биринчидан, паспорт нусхасини бераётганда устига “фақат … учун берилди” деб ёзиб, сана ва имзо қўйинг. Қонун маълумотдан фақат айтилган мақсадда фойдаланишга рухсат беради, бу ёзув эса кейин буни исботлашни осонлаштиради.

Иккинчидан, бирор илова ёки хизматда “розилик бераман” тугмасини босишдан олдин нимага рози бўлаётганингизни яхшилаб ўқиб чиқинг. Мақсад аниқ кўрсатилмаган бўлса, розилик бермаслигингиз мумкин ва бунинг сабабини тушунтиришингиз шарт эмас.

Учинчидан, OneIDга бир марта кириб қўйинг. id.egov.uz сайтидаги “Шахсий маълумотларни бошқариш” бўлимида маълумотингизни олишга рухсати бор ташкилотларни кўрасиз, кераксизларини ўчириб қўйишингиз мумкин.

Тўртинчидан, SMS-кодни, карта рақамини ва унинг амал қилиш муддатини ҳеч кимга айтманг. Қўнғироқ қилган одам исмингиз ва туғилган санангизни билиши унинг банк ходими эканини англатмайди.

Бешинчидан, яқинингиз видео ёки овозли хабарда шошилинч пул сўраса, дарҳол ўтказманг. Унга ўзингиз қайта қўнғироқ қилиб, текшириб кўринг.

Олтинчидан, маълумотларингиз ноқонуний ишлатилганини билсангиз, аввал ўша ташкилотга ёзма мурожаат қилинг. Жавоб бўлмаса ёки асоссиз рад этилса, соҳада ваколатли орган бўлган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция ва персоналлаштириш департаментига, зарарни ундириш бўйича фуқаролик судига мурожаат қилинг.

Еттинчидан, яқин инсонингиз ёки қариндошингизнинг тасвиридан ҳам унинг розилигисиз сунъий интеллект ёрдамида сохта видео ёки расмлар тайёрлаб, ижтимоий тармоқларда тарқатманг. Ушбу ҳолат қонунчилик бўйича уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони келтириб чиқариши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи, бошқаларнинг маълумотларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш эса барчамизнинг мажбуриятимиздир. Шу боис шахсий маълумотларингизни кимга ва нима мақсадда бераётганингизга эътиборли бўлинг, бошқаларнинг маълумотларини эса розилигисиз тарқатманг. Унутманг, шахсий маълумотлар хавфсизлиги, аввало, ўзимизнинг эҳтиёткорлигимиздан бошланади.

Шуҳрат Сулаймонов,

Адлия вазирлиги
Ҳуқуқий ахборот бошқармаси
бош маслаҳатчиси

 

Улашиш: