currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларРеклама қилишда нималарга эътибор бериш керак? Қандай маҳсулотлар рекламаси тақиқланган?

Реклама қилишда нималарга эътибор бериш керак? Қандай маҳсулотлар рекламаси тақиқланган?

Ҳуқуқ

calendar

09.11.2026

eye

48

Реклама қилишда нималарга эътибор бериш керак? Қандай маҳсулотлар рекламаси тақиқланган?

Реклама тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, товар ва хизматларни оммага танитишнинг муҳим воситаларидан бири ҳисобланади. Бироқ реклама тайёрлаш ва тарқатишда қонунчилик талабларига риоя қилиш шарт. Айрим маҳсулот ва хизматларни реклама қилиш эса қонун билан тақиқланган.

Реклама қандай талабларга жавоб бериши керак?

«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ, реклама ҳаққоний бўлиши, истеъмолчиларни чалғитмаслиги ва номақбул реклама хусусиятларига эга бўлмаслиги лозим. Унда товарнинг хусусиятлари, сифати, нархи ва имкониятлари ҳақида ёлғон ёки бўрттирилган маълумотлар берилиши мумкин эмас. Шунингдек, рақобатчиларнинг ишчанлик обрўсига путур етказиш, шахсларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини ва ижтимоий мавқеига кўра камситиш, инсон ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи ҳаракатларга ундаш тақиқланади.

Рекламада шахснинг исми ва тасвиридан унинг розилигисиз фойдаланиш, давлат органлари ёки мансабдор шахслар маҳсулотни маъқуллаган деган нотўғри тасаввурни юзага келтириш ҳам мумкин эмас. Реклама ўзининг реклама эканлигини аниқ англатиши ва яширин реклама шаклида тарқатилмаслиги керак.

Қандай маҳсулотлар рекламаси тақиқланган?

Қонуннинг 34-моддасига кўра, фақат шифокор рецепти билан бериладиган, таркибида гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган, Ўзбекистонда тиббиётда қўллашга рухсат этилмаган ёки давлат рўйхатидан ўтказилмаган дори воситаларини реклама қилиш тақиқланади.

Шунингдек, Қонуннинг 36-моддасига мувофиқ, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар рекламасига йўл қўйилмайди.

Алкоголь маҳсулотларини реклама қилиш ҳам умумий қоидага кўра тақиқланган. Бироқ қонунчиликда пиво, табиий ва кўпикланадиган винолар рекламасига нисбатан алоҳида талаблар ва истиснолар белгиланган (38–39-моддалар).

Тамаки маҳсулотлари, тамаки ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларини реклама қилиш тақиқланади (40-модда). Бундан ташқари, пиротехника воситалари, қурол-яроғ ва унинг ўқ-дорилари, ҳарбий мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар рекламасига ҳам йўл қўйилмайди. 

Қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан интернет орқали ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва букмекерлик хизматлари рекламаси ҳам тақиқланган (46-модда).

Қандай маҳсулотлар рекламасига махсус талаблар белгиланган?

Айрим маҳсулотларни реклама қилиш бутунлай тақиқланмаган, бироқ уларни тарғиб қилишда махсус талабларга риоя этиш зарур.

Масалан, биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасида уларни дори воситаси сифатида кўрсатиш мумкин эмас. Рекламада «Бу дори воситаси эмас» деган огоҳлантириш бўлиши керак. Шунингдек, уларни реклама қилишда рағбатлантирувчи акциялар ўтказишга йўл қўйилмайди (35-модда).

Энергетик ичимликлар рекламасига ҳам махсус чекловлар ўрнатилган. Жумладан, уларни вояга етмаганларга қаратилган ҳолда реклама қилиш, телевидение ва радиода соат 07:00 дан 22:00 гача тарқатиш, ташқи реклама конструкцияларида жойлаштириш ҳамда болалар ва ўсмирлар иштирокидаги тадбирларда реклама қилиш тақиқланади (37-модда).

Молиявий хизматлар, қимматли қоғозлар ва аҳоли маблағларини жалб этиш билан боғлиқ хизматлар рекламасида ҳам қонунчилик талабларига риоя қилиш шарт. Хусусан, молиявий хизматларни реклама қилишда тегишли лицензия ва рухсатномалар мавжуд бўлиши, қимматли қоғозлар рекламасида эса инвесторларни чалғитувчи кафолатланган даромад ҳақидаги асоссиз ваъдалар берилмаслиги лозим (42–43-моддалар).

Халқ табобати товарлари рекламасида касалликдан тузалишни кафолатлаш, шифокорга мурожаат қилиш шарт эмас деган тасаввурни шакллантиришга йўл қўйилмайди (45-модда).

Реклама қонунчилигини бузганлик учун қандай жавобгарлик бор?

«Реклама тўғрисида»ги Қонуннинг 47-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарилиши, реализация қилиниши ёки реклама қилиниши тақиқланган ёхуд чекланган маҳсулот ҳақида реклама тарқатганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима белгиланган.

Номақбул реклама тарқатганлик ёки аксилрекламани беришни рад этганлик учун 70 баравар, энергетик ва алкоголь ичимликлари, тамаки маҳсулотлари, пиротехника воситалари ва қурол-яроғ рекламасига оид талабларни бузганлик учун 50 баравар, вояга етмаганлар, дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар ва болалар озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасига оид талабларни бузганлик учун эса 30 баравар миқдорида жарима қўлланилади.

Қонуннинг 49-моддасига кўра, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва айбига қараб реклама берувчи, реклама тайёрловчи ёки реклама тарқатувчи жавобгар бўлиши мумкин.

Хулоса

Демак, реклама фақат маҳсулотни танитиш воситаси эмас, балки қонунчилик талабларига қатъий риоя этилиши лозим бўлган фаолият ҳамдир. Шу сабабли реклама беришдан олдин маҳсулотни реклама қилиш мумкинлигини, унга нисбатан махсус чекловлар мавжудлигини ва реклама мазмуни қонун талабларига мослигини текшириш муҳим.

Феруз Жўраев

Улашиш: