currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларРента тўлашни таъминлаш ва жавобгарлик

Рента тўлашни таъминлаш ва жавобгарлик

Ҳуқуқ

calendar

09.01.2026

eye

98

Рента тўлашни таъминлаш ва жавобгарлик

Рента шартномаси фуқаролик ҳуқуқида мулкий муносабатларнинг ўзига хос шакли бўлиб, у мулкни бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказиш ва бунга жавобан даврий тўлов ёки таъминлаш мажбуриятини юклашга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 512 — 529-моддаларида рента шартномасининг умумий қоидалари, доимий рента ва умрбод рентанинг алоҳида ҳуқуқий тартиби батафсил белгилаб берилган.

Рента шартномасининг тушунчаси ва турлари

Фуқаролик кодекси 512-моддага мувофиқ, рента шартномасига кўра рента олувчи кўчар ёки кўчмас мол-мулкни рента тўловчига мулк қилиб беради, рента тўловчи эса бунга жавобан маълум даврийликда пул суммаси ёки бошқа шаклда рента тўлаш мажбуриятини олади. Қонунчилик рентанинг икки асосий турини белгилайди:

— доимий рента, яъни муддатсиз тўланадиган рента.

(Доимий рента мисоли: Нотижорат ташкилот ўз фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ер участкасини фуқарога рента шартномаси асосида беради. Фуқаро ҳар чоракда белгиланган пул суммасини тўлаб боради. Бу тўловлар муддатсиз давом этади ва ташкилот тугатилмагунча амал қилади).

— умрбод рента, яъни рента олувчининг (ёки у кўрсатган шахснинг) ҳаёти давомида тўланадиган рента.

(Мисол, 70 ёшли фуқаро ўзининг квартираси бор, лекин доимий даромади йўқ. У бошқа фуқаро билан шартнома тузади. Унга кўра мулк эгаси бўлган фуқаро квартира мулкини ундан фойдаланувчи шахсга ўтказади. Ушбу шахс эса эса ҳар ой мулк эгасига маълум миқдорда пул тўлаб бориш мажбуриятини олади).

Умрбод рента фуқарони ўз қарамоғига олган ҳолда умрбод таъминлаш шаклида ҳам белгиланиши мумкин.

Рента шартномасининг шакли ва мол-мулкни топшириш тартиби

Фуқаролик кодексига кўра, рента шартномаси нотариал тасдиқланиши шарт. Агар шартнома кўчмас мол-мулкни рента тўлаш шарти билан беришни назарда тутса, у қўшимча равишда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Бу талаблар шартноманинг ҳақиқийлиги ва тарафлар ҳуқуқларининг ҳимоясини таъминлайди.

Шунингдек, рента тўлаш шарти билан мол-мулкни ҳақ эвазига ёки текинга топшириш мумкинлигини белгиланган. Ҳақ эвазига берилганда олди-сотди шартномаси қоидалари, текинга берилганда эса ҳадя шартномаси қоидалари қўлланилади, агар бу рента шартномасининг моҳиятига зид келмаса.

Рента тўлашни таъминлаш ва жавобгарлик

Рента муносабатларида рента олувчининг манфаатлари алоҳида муҳофаза қилинади. 516-моддага мувофиқ, кўчмас мулк рента тўлаш шарти билан берилганда, рента олувчи ушбу мулкка нисбатан гаров ҳуқуқига эга бўлади.

Масалан: Фуқаро Л. ўз уйини рента эвазига фуқаро М.га беради. Кейин М. уйни бошқа шахсга сотади. Қонунга кўра:

— рента шартномаси сақланиб қолади;

— янги эгаси ҳам рента тўлаш мажбуриятини олади;

— Фуқаро  Л. уйга нисбатан гаров ҳуқуқини сақлаб қолади.

Кўчар мол-мулк ёки пул шаклидаги рентада эса тўловчи гаров тақдим этиши ёки хавфни суғурталаши шарт. Рента тўлаш кечиктирилган тақдирда тўловчининг жавобгарлигини белгилаб, қонунга мувофиқ фоизлар тўланишини назарда тутилган.

Доимий рентанинг ҳуқуқий хусусиятлари

Доимий рентани фақат фуқаролар ва нотижорат ташкилотлари олиши мумкин. Рента пул шаклида ёки пулга тенг қийматдаги иш, хизмат ёки ашёлар билан тўланиши мумкин.

Доимий рентанинг муҳим жиҳатларидан бири — сотиб олиш тизимидир. Яъни, рента тўловчи маълум шартлар асосида доимий рентани сотиб олиб, кейинчалик рента тўлашдан озод бўлиши мумкин. Шу билан бирга, рентага олувчига ҳам айрим ҳолларда рентани сотиб олишни талаб қилиш ҳуқуқини берилган.

Мисол: Фуқаро Н доимий рента тўлаб келмоқда. У молиявий аҳволи яхшилангани учун рентадан қутулмоқчи.

У:

— рента олувчини олдиндан ёзма равишда огоҳлантиради;

— шартномада белгиланган суммани бир йўла тўлайди.

Шундан сўнг рента мажбурияти тугайди.

Қонунчиликда мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ёки бузилиши хавфи вужудга келса, зарарни қайси томон зимасида бўлишига ҳам аниқлиқ киритиб ўтилган. Агарда мол-мулк ҳақ эвазига рента олувчига топширилган бўлса ва унга тасодифан зарар етган бўлса, тўловчи рента тўлаш мажбуриятини тегишли тартибда тўхтатиши ёки уни тўлаш шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли. Ёки доимий тўлаш шарти билан мулк тўловчига бепул топширилган бўлса, тасодифан етган зарар хавфи рента тўловчи зиммасида бўлади.

Умрбод рентанинг ўзига хослиги

Умрбод рента фақат фуқаролар фойдасига белгиланади ва бир ёки бир неча шахс ҳаёти даври билан боғланиши мумкин. Унинг миқдори қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдоридан кам бўлмаслиги шарт.

Умрбод рентада рента олувчининг ҳуқуқлари янада кучли ҳимоя қилинади. Жиддий қонунбузарликлар содир этилганда рента олувчи шартномани бекор қилиш, рентани сотиб олишни талаб қилиш ёки айрим ҳолларда мол-мулкни қайтариб олиш ҳуқуқига эга (528-модда). Шунингдек, мол-мулкнинг тасодифан нобуд бўлиши ҳам рента тўловчини рента тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Масалан, рентага олинган уй-жой ёнғин натижасида ёниб кетди. Аммо рента тўловчи умрбод рентани тўлашда давом этади, чунки хавф унинг зиммасида бўлади.

Хулоса

Фуқаролик кодекси рента шартномасини мукаммал ҳуқуқий механизм сифатида тартибга солади. Ушбу тизим бир томондан мулкни тасарруф этишнинг алтернатив усулини яратса, иккинчи томондан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларни узоқ муддатли ёки умрбод таъминлаш имконини беради. Қонунчиликда рента олувчининг манфаатлари устувор равишда ҳимоя қилингани, рента муносабатларининг ижтимоий аҳамиятини яққол намоён этади.

Фазлиддин Насруллаев,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш:

Бошқалар

18-декабр 2025, 04:25
588

Фуқаролар қанча миқдорда нақд пулларни чет элга олиб чиқиш мумкин?

Белгиланган суммадан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига олиб чиқилишига йўл қўйилмайди.


19-декабр 2025, 03:34
529

ФҲДЁ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари нималардан иборат?

ФҲДЁ органларининг фаолияти юзасидан белгиланган тартибда Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органларига ҳисобот бериши шарт.


7-январ 2026, 05:23
521

Давлат органлари ва ташкилотлари функцияларининг мазмун-моҳиятига бағишланган янги услубий қўлланма

Қўлланмада давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функциялари ўзаро боғлиқ тушунчалар экани тушунтирилади.


18-декабр 2025, 04:18
487

Қандай ҳолатлар меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш тўғрисидаги талабларни бузадиган шартлар ҳисобланади?

Амалиётда дастлабки синов муддати билан ишга қабул қилинган ходимларга бир хил ишни бажарадиган ҳамкасбларига нисбатан меҳнатига тўланадиган ҳақининг камайтирилган миқдорини ўрнатиладиган ҳолатлар учраб туради.

Мавзуга доир янгиликлар: