Life Style
26.09.2026
356

Бугунги кунда саёҳат қилиш учун албатта хорижга чиқиш шарт эмас. Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида сайёҳни ўзига жалб этадиган бетакрор табиат, тарихий обидалар, миллий таомлар, урф-одатлар ва қадимий қишлоқлар бор. Шу билан бирга вилоятларга саёҳат қилиш – ички туризмни янада юксалтиришга ёрдам беради.
Ҳозир қайси вилоятга ташриф буюрманг, замонавийлик ва миллийлик уйғунлигига, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун кенг имкониятлар яратилганига гувоҳ бўляпмиз. Ҳар қадамда янгиланиш, ўзгариш мавжуд. Айниқса, қайта реконструкция қилинган меҳмонхоналар-у, меҳмон уйларини айтмайсизми... Меҳмон уйлари нима? деб ажабланаётган бўлсангиз, шу жойда маълумотлар тақдим этиб кетаман.
Оилавий меҳмон уйи нима?
Оилавий меҳмон уйи – уй эгаси ўз оила аъзолари билан бирга яшайдиган хусусий уй-жойда туристларга вақтинча яшаш ва зарур хизматлар кўрсатиш учун ташкил этиладиган жойлаштириш воситасидир. Бундай меҳмон уйида бир вақтнинг ўзида 20 нафаргача меҳмон жойлаштирилиши мумкин. Ҳар бир яшовчига камида 3 квадрат метр турар жой майдони тўғри келиши керак.
Агар Сиз сайёҳатчи сифатида бирор ҳудудга бораётган бўлсангиз, албатта, меҳмон уйларидан фойдаланиб кўринг. Бу меҳмонхоналарга нисбатан камҳаражат бўлиши, шубҳасиз.
Агар Сиз тадбиркор бўлсангиз ва оилавий меҳмон уйлари хизматини ташкил қилмоқчи бўлсангиз, ушбу ҳуқуқий маълумотларга диққатли бўлинг.
— Оилавий меҳмон уйини рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизмати бепул кўрсатилади.
— Тақдим этилган маълумотлар ва объект белгиланган талабларга мувофиқлиги 3 иш куни ичида ўрганилади.
— Талабларга мувофиқ объект тегишли реестрга киритилади. Агар тақдим этилган маълумотларда камчиликлар бўлса, уларни бартараф этиш учун ариза берувчига 10 иш кунигача муддат берилади.
Агар мурожаат рад этилса қайта мурожаат қилиш мумкинми?
Камчиликлар бартараф этилгандан кейин белгиланган тартибда қайта мурожаат қилиш мумкин. Объект талабларга мувофиқ эмас деб топилган ҳолларда ҳам камчиликлар бартараф этилганидан кейин 3 ойгача бўлган муддатда қайта ариза бериш имконияти назарда тутилган.
Ички туризмни ривожлантириш – нафақат янги туристик масканларни тарғиб қилиш, балки сайёҳ учун қулай шароит яратиш масаласидир. Оилавий меҳмон уйлари эса бу борада муҳим бўғин бўлиб, аҳоли учун қўшимча даромад манбасини яратиш, маҳаллий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини намоён этиш ва миллий қадриятларни тарғиб қилишга хизмат қилади.
Севинч Хушназарова,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар август ойи учун қанча субсидия олади?
Ўтган ойда субсидиянинг энг катта қисми Бухоро вилояти ҳиссасига тўғри келган.
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Қандай ҳолларда шахс маъмурий йўл билан ушлаб турилиши мумкин?
МЖтКнинг 287-моддасида маъмурий йўл билан ушлаб туришга ваколатли органлар ва мансабдор шахслар белгиланган.