currencies image

11 783,47 UZS

14,45

usd

currencies image

13 688,86 UZS

51,00

eur

currencies image

139,70 UZS

1,70

ru



АсосийЯнгиликларСолиқ текширувчиси корхона ҳудудига қачон кириши мумкин?

Солиқ текширувчиси корхона ҳудудига қачон кириши мумкин?

Ҳуқуқ

calendar

11.09.2026

eye

58

Солиқ текширувчиси корхона ҳудудига қачон кириши мумкин?

Солиқ текшируви ўтказилаётганда солиқ органи ходимлари текширилаётган тадбиркорлик субъектининг ҳудуди ёки биносига ҳар қандай ҳолатда ҳам кириши мумкин эмас. Бунинг учун қонунчиликда белгиланган муайян асослар ва тартибларга риоя қилиниши лозим. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 144-моддаси солиқ органлари мансабдор шахсларининг солиқ тўловчи ҳудудига ва биносига кириш тартибини белгилайди.

 

Солиқ текширувчиси қандай ҳужжатларни кўрсатиши керак?

Бевосита солиқ текширувини ўтказувчи солиқ органи мансабдор шахси текширилаётган шахснинг ҳудуди ёки биносига киришидан олдин:

— ўзининг хизмат гувоҳномасини;

— солиқ органи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан қабул қилинган солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ёки қарорни тақдим этиши лозим.

Яъни, солиқ органи ходими фақат хизмат гувоҳномасини кўрсатиш билан чекланиб, текширув ўтказиш учун ҳудудга кириши мумкин эмас. Солиқ текширувини ўтказишга асос бўлувчи тегишли буйруқ ёки қарор ҳам тақдим қилиниши талаб этилади.

 

Солиқчилар ҳудуд ёки бинода нимани текшириши мумкин?

Солиқ органининг текширув ўтказувчи мансабдор шахслари текширилаётган шахснинг тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ҳудудлари ёки биноларини кўздан кечириши мумкин.

Бундан асосий мақсад — солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлардаги маълумотлар ҳақиқатдаги ҳолатга мос келиши ёки келмаслигини аниқлашдир.

Шунингдек, солиқ солиш объектлари ҳам кўздан кечирилиши мумкин. Масалан, ҳужжатларда кўрсатилган мол-мулк, ишлаб чиқариш объекти ёки бошқа солиқ солиш объектининг ҳақиқатда мавжудлиги ва маълумотларнинг тўғрилиги текширилиши мумкин.

 

Солиқ текширувчиси киришига тўсқинлик қилинса нима бўлади?

Агар солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ҳудуд ёки бинога киришига тўсқинлик қилинса, солиқ органи ходими бу ҳақда далолатнома тузади.

Далолатнома солиқ органи мансабдор шахси ва текширилаётган шахс томонидан имзоланади. Агар текширилаётган шахс далолатномани имзолашдан бош тортса, бу ҳақда далолатноманинг ўзига тегишли қайд киритилади.

Энг муҳими, бундай далолатнома солиқ органи учун солиқ суммасини мустақил равишда аниқлашга асос бўлиши мумкин. Бунда солиқ органи:

— ўзида мавжуд бўлган маълумотлардан;

— ёки худди шундай солиқ тўловчилар ҳақидаги маълумотлардан

фойдаланган ҳолда тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини мустақил аниқлаш ҳуқуқига эга.

Шу сабабли, солиқ текширувига асоссиз равишда тўсқинлик қилиш солиқ тўловчи учун кейинчалик салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

 

Солиқчилар турар жойга кира оладими?

Солиқ кодекси турар жой биноларига кириш масаласига алоҳида ёндашади.

Солиқ текширувини ўтказувчи мансабдор шахсларнинг фуқароларнинг хоҳишига қарши равишда турар жой биносига киришига умумий тартибда йўл қўйилмайди.

Бундай ҳолат фақат қонунчиликда белгиланган ҳолларда ёки суд қарори асосида амалга оширилиши мумкин.

 

Хулоса қилиб айтганда

Солиқ органи ходими солиқ тўловчининг тадбиркорлик фаолияти юритиладиган ҳудуди ёки биносига кириши учун хизмат гувоҳномаси ҳамда солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги тегишли буйруқ ёки қарорни тақдим этиши шарт.

Текширувчиларнинг қонуний асосда киришига тўсқинлик қилинган тақдирда, далолатнома расмийлаштирилиши ва солиқ органи мавжуд маълумотлар асосида солиқ суммасини мустақил аниқлаши мумкин.

Бироқ фуқароларнинг турар жойлари дахлсиз ҳисобланади ва солиқ органи мансабдор шахслари бундай жойларга фуқаронинг хоҳишига қарши равишда фақат қонунда ёки суд қарорларида белгиланган асослар мавжуд бўлгандагина кириши мумкин.

Зиёвуддин Намозов,
журналист

Улашиш: