Life Style
03.03.2026
42

Суд-экспертлик фаолияти суд соҳасида одилликни таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга институтлардан бири ҳисобланади. Давлат суд-экспертиза муассасалари билан бир қаторда нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш суд ишларини тезкор, холис ва сифатли кўриб чиқишга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 20-февралдаги 73-сон қарори билан “Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низоми тасдиқланди.
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми
Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари “Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандига мувофиқ суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш учун таъсис этилган, штатида бир хил ёки турли хил суд экспертизаси йўналиши бўйича суд экспертлари бўлган ташкилот ҳисобланади. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотларининг фаолияти фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишлари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича суд экспертизасини ўтказишга ва жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан тадқиқотлар ўтказишга ихтисослаштирилган. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари юридик шахс сифатида ташкил этилади. Бундан хулоса қилинадики, нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари алоҳида ҳуқуқий мақомга эга бўлиб, уларга нисбатан нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик нормалари татбиқ қилинмайди.
Нодавлат суд-экспертизасини амалга оширишда ваколатли субектларга қўйиладиган талаблар
Нодавлат суд-экспертиза ташкилоти раҳбари сифатида фақат суд эксперти фаолият юритади. Бундай ташкилотда раҳбар, раҳбар ёрдамчиси ва суд-экспертлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бошқа ходимлар фаолият олиб бориши мумкин. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотининг суд эксперти олий маълумотли бўлиши лозим. Низомнинг 20-бандига кўра, ташкилот раҳбари ва суд экспертлари ҳар икки йилда ўз малакаси ва ҳуқуқий билимларини оширишлари лозим.
Нодавлат суд-экспертизасини амалга оширишда ваколатли субектларга қўйиладиган чекловлар
Нодавлат суд-экспертизасини амалга оширишда ваколатли субектларга қўйиладиган чекловлардан бири ва энг муҳими улар давлат экспертиза муассасаларида асосий ёки ўриндошлик асосида фаолият юритиши мумкин эмас. Бундан ташқари муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар, қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар суд эксперти сифатида фаолият кўрсатиши тақиқланади.
Нодавлат суд-экспертизаси ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган суд экспертиза турлари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 17-январдаги ПҚ-4125-сон қарори билан Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари томонидан ўтказилишига руҳсат берилган суд экспертизалари рўйхати тасдиқланган. Суд-хатшунослик экспертизаси, ҳужжатларнинг суд-техникавий экспертизаси, суд-санъатшунослик экспертизаси, суд-портрет экспертизаси, суд-трасологик экспертизаси кабилар шулар жумласидандир. Ушбу рўйхатда 55 та турдаги суд экспертизалари турлари санаб ўтилган.
Нодавлат суд-экспертизасини амалга ошириш тартиби
“Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом 7-бандининг иккинчи хатбошига мувофиқ нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари суд экспертизасини ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023-йил 21-февралдаги 7-сон қарори билан тасдиқланган Суд экспертизаси тадқиқотларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги намунавий низом қоидаларига амал қилинади. Суд экспертизасини ўтказишда бундай ташкилотлар давлат суд-экспертиза муассасалари билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Суд экспертизаси жараёнида электрон ҳужжат айланишини таъминлаш мақсадида “Э-экспертиза” ахборот тизимидан фойдаланиш белгиланган бўлиб, бу жараённинг шаффофлиги ва тезкорлигини оширади. Суд экспертизасини амалга ошириш учун нодавлат суд-экспертиза ташкилоти зарур моддий-техник базага эга бўлиши шарт. Экспертиза ўтказиладиган бино хавфсизлик ва амалдаги стандарт талабларига жавоб бериши, экспертиза турига мос жиҳозлар билан таъминланган бўлиши лозим.
Шу билан бирга, нодавлат суд-экспертизасини амалга ошириш пулли асосда олиб борилади. Экспертиза учун тўлов белгиланган тартибда амалга оширилмаган тақдирда, текширув обектлари ва иш материаллари экспертиза ўтказилмасдан қайтарилиши мумкин.
Нодавлат суд-экспертизасини амалга ошириш тартибининг аниқ ва батафсил белгиланиши суд экспертизасида нодавлат сектор иштирокининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлайди. Ушбу тартиб бир томондан нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига имконият яратса, иккинчи томондан суд экспертизасининг сифати, холислиги ва ишончлилигини давлат томонидан назорат қилиш механизмини сақлаб қолади.
Адхамжон Фазилов,
“Адолат” МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат
Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.
Меҳнат кодексида таътилга оид нормаларнинг мазмуни: 5 муҳим саволга жавоб
Ҳар йилги меҳнат таътили иш ўрни ва иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда берилади.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.