Ўзбекистон
10.04.2026
55

Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ҳар бир ходимнинг меҳнати, малакаси ва бажараётган ишининг мураккаблигига қараб адолатли баҳоланишини таъминлашга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 250-моддасида айнан тарифли тизим асосида иш ҳақини белгилаш тартиби батафсил ёритилган.
Мазкур нормага кўра, тарифли тизим бу турли тоифадаги ходимлар иш ҳақини уларнинг малакаси ва бажарадиган ишининг мураккаблигига қараб фарқлашга хизмат қиладиган механизмдир. Ушбу тизим орқали ходимларнинг иш ҳақи ягона мезонлар асосида белгиланади ва бу адолатли меҳнат муносабатларини шакллантиришда муҳим рол ўйнайди.
Тарифли тизим бир нечта асосий элементлардан иборат. Аввало, тариф сеткаси мавжуд бўлиб, у ишларнинг мураккаблиги ҳамда ходимларнинг малакасига қараб тузилади. Ушбу сеткада турли касб ва лавозимлар тариф разрядлари орқали тартибга солинади.
Тариф разряди эса ишнинг мураккаблиги ва ходимнинг малака даражасини ифодаловчи кўрсаткичдир. Яъни, разряд қанчалик юқори бўлса, ишнинг мураккаблиги ва ходимнинг малакаси ҳам шунчалик юқори бўлади.
Шунингдек, тизимда тариф ставкаси (маош) муҳим ўрин тутади. Бу ходимнинг маълум вақт бирлигида бажарилган меҳнати учун қатъий белгиланган иш ҳақи бўлиб, унга қўшимча рағбатлантирувчи ёки компенсацион тўловлар киритилмайди.
Тариф тизимининг яна бир муҳим элементи тариф коэффициенти. У юқори разрядлар учун белгиланган ставканинг биринчи разрядга нисбатан неча баробар кўп эканлигини кўрсатади. Бу эса ходимлар ўртасидаги малака фарқини аниқ ифодалаш имконини беради.
Бундан ташқари, малака разряди ходимнинг касбий тайёргарлиги даражасини акс эттиради. Ишларни эса махсус тартибда тарификациялаш, яъни уларни мураккаблигига қараб разрядларга ажратиш орқали баҳоланади. Айнан шу жараён орқали бажариладиган ишларнинг қанчалик мураккаблиги аниқланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ишларни тарифлаш ва ходимларга разряд бериш жараёни касбга оид стандартлар асосида амалга оширилади. Бу эса тизимнинг шаффоф ва асосли бўлишини таъминлайди.
Хулоса қилиб айтганда, тарифли тизим меҳнатга ҳақ тўлашда адолатни таъминловчи муҳим механизм бўлиб, у ходимларнинг малакаси ва иш мураккаблигига мос равишда иш ҳақи белгиланишига хизмат қилади.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар ажратиш тартибини биласизми?
Уй-жой субсидияси – бу даромади юқори бўлмаган шахсларга уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмаслик шарти билан ажратиладиган маблағдир.
Кўп қаватли уйларда яшашнинг айрим қоидалари
Қўшнилар подездларда ёки зинапояларда ўзларининг шахсий буюмларини (шкаф, эски мебел, қурилиш чиқиндилари) сақлашга ҳақли эмаслар. Бу ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид.