currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларТошкент атрофидаги иссиқхоналарга экологик талаблар кучайтирилади

Тошкент атрофидаги иссиқхоналарга экологик талаблар кучайтирилади

#NoComment

calendar

14.10.2026

eye

50

Тошкент атрофидаги иссиқхоналарга экологик талаблар кучайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёевга иссиқхоналарда «яшил» технологияларни жорий этиш ва атмосфера ҳавосининг ифлосланишини камайтириш бўйича таклифлар тақдим этилди.

Таклифларга кўра, Тошкент шаҳри ва унга туташ бешта туманда иссиқхоналар учун махсус экологик тартиб жорий этилади. Иситишда табиий газ, электр энергияси, геотермал ва қуёш энергияси ҳамда иссиқлик электр станцияларининг иккиламчи иссиқлигидан фойдаланишга рухсат берилади. Шина, пластмасса, битум, мазут, ишлатилган мой ва чиқиндиларни ёқиш тақиқланади.

Қаттиқ ёқилғида ишлаётган иссиқхоналарга 2026 йил 1 декабрга қадар муқобил энергия манбаларига ўтиш таклиф қилинмоқда. Белгиланган техник талабларга жавоб берадиган иссиқхоналаргина қаттиқ ёқилғидан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин.

Жорий йил 15 октябрдан 2027 йил 15 мартга қадар иссиқхоналарда доимий экологик мониторинг олиб борилади. Ҳавога чиқарилаётган ташламалар, тозалаш ускуналарининг ишлаши ва ёқилғи турларига қўйилган талабларга риоя этилиши назорат қилинади. Маълумотлар реал вақт режимида Экология қўмитасининг ахборот тизимига узатилади. Талаблар бузилган тақдирда, иссиқхона фаолиятини тўхтатишгача бўлган чоралар қўлланилиши мумкин.

Иссиқхона хўжаликларига молиявий кўмак бериш ҳам таклиф этилмоқда. Экологик ва энергия тежамкор ускуналарни ўрнатиш учун ҳар гектарга 50 миллион сўмгача субсидия, етти йил муддатга 3 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратиш кўзда тутилган.

Шахсий томорқалардаги иссиқхоналарни модернизация қилиш учун ҳам имтиёзлар таклиф этилди. Жумладан, 2030 йилгача ер ва мол-мулк солиқларини 50 фоизга камайтириш, айланмадан олинадиган солиқдан озод қилиш ҳамда энергия тежамкор тизимлар истеъмол қилган электр энергияси харажатларининг ярмини қоплаш масаласи кўриб чиқилди. Янги «яшил» иссиқхоналар қуриш учун 300 миллион сўмгача, мавжудларини қайта жиҳозлаш учун эса 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит бериш таклиф қилинди.

Тақдимотда Сурхондарё вилоятидаги «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасида иссиқхоначиликни ривожлантириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Зона учун 940 гектар ер ажратилган. Бу ерда иссиқхоналар ва агрологистика объектларини қуриш, жумладан, Тошкент шаҳри ва вилоятидан айрим иссиқхоналарни кўчириш режалаштирилмоқда.

Лойиҳалар доирасида инфратузилмага 220 миллиард сўм, уларни молиялаштиришга 200 миллиард сўм йўналтириш ва 2027 йилда 100 миллион доллар инвестиция жалб этиш вазифаси белгиланган.

 

Иссиқхоначиликка ихтисослашган 50 та маҳаллада эҳтиёжманд оилалар учун экологик хавфсиз иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилган.

Иссиқхоналарда ҳосил бўладиган ифлосланган дренаж ва фильтр сувларини йиғиш, тозалаш ҳамда қайта ишлатиш масаласи ҳам кўтарилди. Бунинг учун махсус оператор фаолиятини йўлга қўйиш ва Оҳангарон туманида зарур инфратузилмани ташкил этиш таклиф қилинди.

Тақдимотда иқлими қулай ҳудудларда замонавий иссиқхоначиликни ривожлантириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Шеробод туманидаги «Сурхон-Агро» эркин иқтисодий зонасига 940 гектар ер ажратилган ва унинг мастер режаси ишлаб чиқилган. Зонада иссиқхоналар ва агрологистика объектларини барпо этиш, шу жумладан, банклар балансидаги иссиқхоналарни бу ерга кўчириш таклиф этилди.

Эркин иқтисодий зонада инвесторлар учун ер ижарасига беш йил давомида ноль ставка қўлланилмоқда, канализация ва ер ости сувлари билан боғлиқ тўловлар бўйича уч йиллик имтиёз берилган. Қўшимча равишда ер участкаларини норматив қийматининг 10 фоизи миқдоридаги бошланғич нарх билан аукционга чиқариш, қиймати 10 миллион доллардан юқори бўлган лойиҳалар ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятидан иссиқхоналарини кўчирадиган тадбиркорлар учун эса ушбу кўрсаткични 1 фоиз этиб белгилаш таклиф қилинди.

Улашиш: