Life Style
11.09.2026
31

Замон талабига мос жамоат транспорти тизимини яратиш бугунги кун талаби. Сабаби бу йўллардаги тирбандликни камайтиришнинг асосий ечими ҳисобланади.
Бугунги кунда пойтахт жамоат транспорти кунига тахминан 2,5 миллион йўловчига хизмат кўрсатади. Тошкент кенгайиб бормоқда ва аҳолининг мунтазам ва қулай транспорт хизматларига бўлган талаби йил сайин ортиб бормоқда.
Тошкент шаҳрида жамоат транспортида йўлкира ҳақининг янги тарифларини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан тайёрланган қарор лойиҳаси 4 сентябрь куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган. Лойиҳа 19-сентябргача жамоатчилик муҳокамасида бўлади.
Унга кўра, 2026 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳрининг автобус ва метро йўналишларида бир йўловчи қатнови учун нақд тўловда ҚҚС билан 3 минг сўм ундириш таклиф этилмоқда. Бир марталик электрон тўловда эса рағбатлантирувчи чегирма қўлланган ҳолда йўлкира 2,5 минг сўм этиб белгиланади. Бир йўловчининг багажини ташиш хизмати учун эса ҚҚС билан 4 минг сўм ундириш кўзда тутилган.
Транспорт карталари орқали фойдаланиш учун ҳам қатновлар сонига қараб тариф режалари таклиф этилган. Фақат автобусдан фойдаланиш учун бир кунлик тариф 11,5 минг сўм, 5 кунлик — 42,5 минг сўм, 7 кунлик — 54 минг сўм, 10 кунлик — 84,5 минг сўм, 15 кунлик — 127 минг сўм, 20 кунлик — 169,5 минг сўм ва 30 кунлик ҳамда бир ойлик тариф 250 минг сўм бўлади.
Автобус ва метродан биргаликда фойдаланиш учун бир кунлик тариф 13,5 минг сўм, 5 кунлик — 57,5 минг сўм, 7 кунлик — 73 минг сўм, 10 кунлик — 115,5 минг сўм, 15 кунлик — 173 минг сўм, 20 кунлик — 231 минг сўм, 30 кунлик ва бир ойлик тариф эса 345 минг сўм этиб белгиланиши таклиф қилинмоқда.
Узоқ муддатли тарифларда чегирмалар ҳам назарда тутилган. Масалан, фақат автобус учун 3 ойлик тариф 682,5 минг сўм, 6 ойлик — 1,17 миллион сўм, йиллик — 1,95 миллион сўм. Автобус ва метро учун ушбу тарифлар мос равишда 945 минг сўм, 1,62 миллион сўм ва 2,7 миллион сўмни ташкил этади.
Лойиҳада транспорт картасидан фойдаланганда бир соат ичида бир йўналишдан бошқасига ўтиш учун имтиёзли ва бепул тарифлар ҳам кўзда тутилган. Айрим алмашиш комбинацияларида биринчи автобус учун 2,5 минг сўм, иккинчи транспортда 1,5 минг сўм тўланади, учинчи ва кейинги транспортга ўтишда эса тўлов ундирилмайди. Метро иштирок этадиган айрим комбинацияларда ҳам худди шундай чегирмали тартиб назарда тутилган.
Қарор лойиҳасида мазкур тарифларни 1 октябрдан жорий этиш таклиф қилинган. Ҳужжат ҳозирча лойиҳа мақомида бўлиб, унинг якуний шакли жамоатчилик муҳокамасидан сўнг белгиланади.
Улашиш:
Бошқалар
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Бегона юкни олиб ўтиш — «оддий илтимос» эмас: гиёҳвандлик воситалари айланмасига тасодифан аралашиб қолманг
Ҳушёрлик — қўрқув эмас, балки ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англашдир.
Муддатли тўловга оид талаблар: нималар ўзгарди?
Муддатли тўлов хизмати шартномаси бўйича истеъмолчининг мажбуриятининг энг кўп муддати 12 ой этиб белгиланди.
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.