Ҳуқуқ
08.04.2026
356

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 264-моддасига мувофиқ, ходимларнинг тунги вақтда бажарган меҳнати алоҳида тартибда ва оширилган миқдорда ҳақ тўланиши шарт. Бу норма ходимларнинг меҳнат шароитларини муҳофаза қилиш ва уларни қўшимча рағбатлантиришга қаратилган муҳим кафолат ҳисобланади.
Қонунга кўра, тунги вақтда бажарилган меҳнат учун ҳақ тўлаш камида бир ярим баробар (1,5 коэффициент) миқдорида амалга оширилади. Бу тартиб меҳнатга ҳақ тўлашнинг турли шаклларига қараб қуйидагича белгиланган:
Вақтбай тизимда ишловчи ходимлар учун тунги вақтда ишланган ҳар бир соатга нисбатан камида 1,5 ёки ундан юқори коэффициент қўлланилади. Яъни, одатдаги соатлик иш ҳақига нисбатан кўпроқ тўлов амалга оширилади.
Ишбай тизимда ишловчи ходимлар учун эса қўшимча тарзда ҳақ тўланади. Бунда тегишли разряд (малакали) вақтбай ишловчининг соатлик тариф ставкаси (маоши)нинг камида 50 фоизи миқдорида устама қўшилади ва умумий иш ҳақи шу асосда ҳисобланади.
Муҳим жиҳат шундаки, тунги вақт учун белгиланган ушбу оширилган ҳақ тариф ставкаси ёки асосий маош таркибига киритилмайди. У алоҳида қўшимча тўлов сифатида амалга оширилади.
Шунингдек, тунги вақтда ишлаш ёки кўп сменали иш режимида фаолият юритиш учун қўшимча тўловларнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, иш берувчининг ички ҳужжатларида ёки меҳнат шартномасида белгилаб қўйилади. Бу эса ҳар бир корхона ёки ташкилотда ушбу масала бўйича аниқ ва шаффоф тартиб ўрнатилишини таъминлайди.
Тунги вақтда меҳнат қилиш ходим учун қўшимча жисмоний ва руҳий юкламани талаб қилади. Шу сабабли, қонунчиликда бундай меҳнатга нисбатан оширилган ҳақ тўлаш тартиби белгиланган. Ходимлар ўз ҳуқуқларини билиши ва зарур ҳолларда ушбу нормаларга таянишлари муҳим аҳамиятга эга.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш кафолатлари
Бу жараёнда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва амалдаги қонунлар талабларига қатъий риоя этилиши лозим.
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Ижарачилик сарсонгарчиликми ёки қулайлик?!
Ижарачиларнинг ҳам елкасига шамол тегадиган бўлибди, деб қўйдим.