currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларУй-жой харидида алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш керак? Муҳим 6 саволга жавоб

Уй-жой харидида алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш керак? Муҳим 6 саволга жавоб

Ҳуқуқ

calendar

13.05.2026

eye

47

Уй-жой харидида алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш керак? Муҳим 6 саволга жавоб

Қурилиш ташкилоти қурилаётган уйнинг маълумотларини электрон тартибда платформага юклайди ва ваколатли органнинг масъул ходими маълумотларни кўриб чиқади ҳамда 3 иш кунида рўйхатдан ўтказилади. Агар барча ҳужжатлари тўлиқ бўлса,  бир кунда кўриб чиқилиб рўйхатдан ўтказиш имкони мавжуд.

1. Фуқароларни максимал даражада рисклардан ҳимоялаш учун қандай чора кўрилган?

Ўзбекистон Президентининг "Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида"ги ПҚ-4732 Қарори билан кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш учун фақат юридик шахс мақомига эга бўлган ҳамда Улуш киритиш асосида қуриш учун маблағларни жалб этувчи қурувчиларнинг электрон рўйхати (кейинги ўринларда — Электрон рўйхат)га киритилган қурувчилар томонидан амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган. Бунда қурувчининг  Қарорда белгиланган тартибда қурилишни бошлашига асос бўлувчи ва бешта талабга жавоб бериши керак бўлган ҳужжатлари жойлаштирилади. Ушбу қарорга асосан ташкил этилган электрон платформа кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш бозорини тартибга солиш, уй харид  қилаётган фуқароларни максимал даражада рисклардан ҳимоялаш мақсадида ишга туширилган. Рўйхатдан ўтган қурилиш ташкилотлари юқорида кўрсатилган талабларга асосан қурилиш жараёнини олиб бораётган бўлади.

2. Қурилишни текширишда энг муҳим ҳужжат қайси?

Қурилишнинг қонунийлигини текширишда энг муҳим ҳужжатлардан бири – Давлат архитектура-қурилиш назорати (ДАҚН) органида объектнинг рўйхатдан ўтказилганидир. Ушбу рўйхатдан ўтказиш қурилиш лойиҳаси тасдиқланиб, давлат экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан сўнг амалга оширилади ва қурилиш ишларини бошлаш учун мажбурий ҳисобланади.

3. Қурилиш лойиҳасининг параметрлари қандай аҳамиятга эга? 

Шунингдек, давлат экспертизаси хулосаси ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур ҳужжатда лойиҳанинг асосий параметрлари – биноларнинг қаватлилиги, техник ва меъморий кўрсаткичлари ҳамда амалдаги шаҳарсозлик меъёрларига мувофиқлиги акс эттирилади. Экспертизанинг ижобий хулосасисиз объектни ДАҚНда рўйхатдан ўтказиш мумкин эмас.

4. Қурилиш объектлари ҳақида қўшимча маълумотларни қаердан текширса бўлади?

Қурилиш объектлари ҳақида қўшимча маълумотларни расмий давлат порталлари орқали ҳам текшириш мумкин. Хусусан, ушбу платформаларда қурилишнинг бошланиш ва якунланиш муддатлари, қурувчи ташкилот, таъсисчилар, низом фонди ва бошқа очиқ маълумотлар жойлаштирилади:

• https://monitoring.mc.uz/objects

• https://open-data.mc.uz/

• https://nazorat.mc.uz/

• https://dshk.shaffofqurilish.uz/

Ушбу манбалар фуқароларга қурилиш лойиҳалари бўйича очиқ ва шаффоф ахборот олиш имконини беради ҳамда қарор қабул қилишда муҳим ёрдамчи восита ҳисобланади.

5. Қурилишни текшириш қандай босқичларда амалга оширилади?

Қурилиш компанияси ва объектнинг қонунийлигини текшириш бир нечта босқичда амалга оширилиши мумкин. Аввало, давлат хизматлари портали орқали очиқ реестрлардан фойдаланиб, компания ҳақида умумий маълумот олиш тавсия этилади. Хусусан, қурилиш компаниясининг СТИР рақами орқали унинг давлат рўйхатидан ўтган-ўтмагани ва ҳуқуқий мақоми текширилади.

Шундан сўнг, ер участкасининг кадастр рақами мавжуд бўлса, уни davreestr.uz платформаси орқали текшириш мумкин. Бу ерда ер ва биноларнинг кимга тегишли экани, қайси юридик шахс номига расмийлаштирилгани ҳамда мулкий ҳуқуқ турлари акс этади.

Қурилиш ишлари учун берилган рухсатномаларнинг амал қилиш муддатига ҳам эътибор қаратиш лозим. Одатда бундай рухсатномалар маълум муддатга берилади ва уларнинг амал қилиш санаси муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, my.soliq.uz портали орқали қурилиш компаниясининг солиқ ҳолати, фаоллиги ва молиявий интизоми ҳақида очиқ маълумот олиш мумкин.

Шуниндек, фуқаролар қурувчи ёки объектнинг қонунийлиги хусусида шубҳа туғилса ёхуд компания ҳужжатларни тақдим этишни пайсалга солса, Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизматининг poytaxtuz_bot расмий ботига мурожаат қилиб, кўчмас мулкнинг ҳуқуқий ҳолати ҳақида маълумот олишлари мумкин.

6. Эскроу-ҳисоб жорий этилиши

Уй-жой харид қилишда эскроу-ҳисоб – бу харидор хонадон учун тўлайдиган маблағни жойлаштирадиган махсус банк ҳисобидир. 2025 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда улушли қурилиш учун эскроу-ҳисоблар жорий этилган ва 2026 йил 1 январдан улар мажбурий тартибда қўлланилиши белгиланган.

Бу тизимнинг ишлаш механизми оддий: Аввал харидор шартномани имзолайди ва маблағни эскроу-ҳисобга ўтказади. Банк маблағни музлатади ва воситачи сифатида иштирок этади. Объект фойдаланишга топширилиб, мулк ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилгандан сўнг, банк маблағни қурувчига ўтказади. Агар қурилиш тўхтаб қолса ёки қурувчи банкрот бўлса, пул улуш тўлаган мижозга қайтарилади. Шу тариқа, бу схема ҳар икки томонни ҳимоя қилади: қурувчи маблағ мавжудлигидан хотиржам бўлади, харидор эса пулини йўқотмаслигига кафолат олади.

Феруз Жўраев,
тайёрлади

Улашиш: