Ҳуқуқ
29.10.2026
111

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига кўра, жисмоний шахс томонидан кўчмас мулк сотилганда, айрим ҳолларда даромад солиғи тўлаш мажбурияти юзага келади, лекин бу ҳар доим ҳам эмас.
Бунда асосий эътибор мулкка эгалик қилиш муддатига қаратилади. Солиқ кодексининг 378-моддаси 7-бандига асосан, агар жисмоний шахс уй-жойни маълум белгиланган муддат (3 йил ва ундан ортиқ) давомида ўз номида сақлаган бўлса ва шундан кейин сотса, бу ҳолда у даромад солиғидан озод қилинади. Бу норма фуқароларни узоқ муддатли мулкдорликка рағбатлантириш ва ортиқча солиқ юкини камайтириш мақсадида жорий этилган.
Агар уй сотиб олсангиз, уйни номингизга расмийлаштирган кундан бошлаб 36 календарь ой ўтмаган бўлса, уни сотганингизда, сотишдан кўрилган даромаддан даромад солиғи тўлайсиз. Лекин орадан 36 календарь ой ўтган бўлса, сизда солиқ тўлаш мажбурияти бўлмайди.
Бунда солиқ солиш объекти — бу сотишдан олинган умумий сумма эмас, балки мулкни сотишдан олинган фойда, яъни сотиш нархи билан уни сотиб олиш (ёки баҳоланган) қиймати ўртасидаги фарқ ҳисобланади. Агар фуқаро мулкни арзонроқ олиб, қимматроқ сотган бўлса, айнан шу фарқ даромад сифатида қаралади ва тегишли ставка бўйича солиққа тортилади.
Солиқ кодексининг 381-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси резиденти, фуқароси бўлган жисмоний шахснинг даромадларига 12 фоизлик солиқ ставкаси бўйича солиқ солинишини инобатга олсак, фуқаро кўчмас мол-мулкни сотишдан олган даромадининг 12 фоизи миқдорида даромад солиғи тўлаши лозим бўлади.
Масалан, турар жойни сотишдан кўрилган фойда 35 миллион 500 минг сўм бўлса, 12 фоиз даромад солиғи, яъни 4 миллион 260 минг cўм солиқ тўланиши шарт ҳисобланади.
Шу билан бирга, қонунчиликда айрим енгилликлар ҳам мавжуд. Масалан, айрим тоифадаги шахслар ёки алоҳида ҳолатлар (мерос орқали олинган мулк, ҳадя қилинган мулк, ижтимоий аҳамиятга эга ҳолатлар) бўйича солиқ масаласи бошқача тартибда ҳал қилиниши мумкин. Шунингдек, мулк ягона яшаш жойи бўлган ҳолатларда ҳам амалиётда имтиёзли ёндашувлар учрайди.
Хулоса қилиб айтганда, уйини сотган ҳар бир шахс белгиланган тартибга кўра, солиқ тўлайди ёки ундан озод қилинади. Асосий омиллар — мулкка эгалик қилиш муддати, сотишдан олинган реал даромад ва қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлардир. Шу сабабли кўчмас мулкни сотишдан олдин унинг ҳуқуқий ва солиқ билан боғлиқ оқибатларини олдиндан таҳлил қилиш муҳим, акс ҳолда кутилмаган солиқ мажбуриятлари юзага келиши мумкин.
Феруз Жўраев,
“Адолат” МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Шахсий расмларни интернетда тарқатганлик учун қандай жавобгарлик бор?
Оддий расм ҳам шахсга доир маълумот бўлиши мумкин
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Маълумотларни ошкор қилиш учун қандай жарима бор?
Қонунга кўра, фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган айрим маълумотлар сир сақланиши лозим.
Муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жарималар оширилади
Янги қоидаларнинг асосий мақсади — инсон саломатлиги ва ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларни ўз вақтида аниқлаш ва муомаладан чиқариш.