Содда талқин
25.11.2023
457
Уйсиз жониворларга ғамхўрлик қилиш “зооҳимоя” дейилади. Лекин Ўзбекистонда бундай ҳимоячилар кўп эмас. Хусусий бошпаналар ҳам саноқли. Дайди ит-мушукларга меҳр кўрсатадиган кўнгиллилар эса доимам топилавермайди.
Бироқ кўчага улоқтирилган, шунчаки ташлаб кетилган ҳайвонлар учун жиззахлик қизалоқ яхшилик қилиш йўлини топган. 8 ёшни тўлдирган Асал турли мавзуда расмлар чизади. Уни Telegram каналида ота-онасининг ёрдами билан онлайн аукционга қўяди. Ким картинага баланд нарх айтса, ўша олади. Натижа узоқ куттирмади: қизалоқ аукцион сабаб бир ой ичи йиғилган 8 миллион сўмини яқинда Mushukkent лойиҳаси ва дайди ҳайвонларнинг “Hayot” бошпанасига ҳадя қилди.
Шу йил ёзда онаси билан Тошкентда ўтказилаётган суратлар кўргазмасига келган Асал Жиззахга бир олам режа билан қайтади.
Савдо марказларидан бирида ташкиллаштирилган “Шарқона бозор”ни ҳайратланиб томоша қилади. Унда тенгдошлари, ўзидан 2-3 ёш катта болажонлар чизган суратларни кўради. Завқланади. Ранглардан кўзини узолмайди. Қизиқиб сўраганида, савдодан тушган пул уйсиз жониворларга ёрдам берадиган Mushukkent билан “Hayot” лойиҳасига йўналтирилиши айтилади.
Шунда у ҳам онасига кўчада қолган ҳайвонларга ёрдам бермоқчилигини билдиради.
— Уйга қайтгач, Ўзбекистондаги жониворлар бошпанаси ҳақида олинган видеоларни кўрдим, — дейди Асал. — Youtube’даги ҳамма интервью, кўрсатувни томоша қилдим. Тошкентда кўрганларимни Жиззахда туриб ҳам қила оларканман. Ойим ҳам ёрдам бераман дедилар. Ўзингдан кучсизга ёрдам бериш учун бой ёки катта бўлишни кутиш шарт эмаскан. Кичик ҳаракатлар билан ҳам кўнгилларни олиш, меҳр кўрсатиш мумкин экан. Нега одамлар ўзидан кучсизга кучини кўрсатаверади? Мушук билан кучук тилсиз бўлса ҳам меҳр нималигини билади-ку?!
Илк сурат “Япон боғидаги оқшом” тезда эгасини топгач, “Пикачу”, “Сеҳргарнинг қуёни”, “Клеопатра”, “Мангулик”, “Ўзбеклар космосда”, “Кун ва тун”, “Кичкина шаҳзода”, “Куб”, “Ҳаво шарида”, “Саҳродаги тун”, “Вақт”, “Дастурхон”, “Жирафа”, “Болалар урушга қарши”, “Юлдузли тун”, “Галактика” ва бошқа мавзудаги суратлар яратилади.
Бир ой ичида аукционга қўйилган картиналардан эса умумий 8 млн сўм йиғилади. Митти рассом жами суммани иккига бўлиб, Тошкентда эшитгани – Mushukkent билан “Hayot” лойиҳаси раҳбарларига элтиб беради.
Суратлар 1 ҳафта оралиғида чизилгач, онаси Ирода опа Telegram’даги “Благотворительный аукцион ‘От сердца в лапке’” каналига эълон жойлайди. Бошланғич нарх ўртача 35 мингдан 50 минггача қилиб белгиланади. Изоҳларда аукцион иштирокчилари картинани баҳолайди. Кимдир 100 минг, бошқачи 250 минг, учинчиси 300 минг сўм нарх таклиф этади. Охирида энг кўп маблағ айтган суратга эга чиқади.
Унинг ҳозиргача энг қимматга сотилган ( 3 млн сўм) картинаси эса “Кичкина шаҳзода” бўлиб турибди.
Картинага кетадиган харажат, почта хизматларини Асалнинг ўзи қоплайди. Мўъжаз бюджети бор. Мактабда оладиган ҳар бир “беш” баҳосини дадаси 5000 сўмдан мукофотлайди. Буни эса рангли қалам, қоғоз, турли бўёқларга сарфлайди.
Оилада ҳеч ким рассом эмас. Асалдаги иқтидорни сезган онаси уни қўшимча дарс, машғулотга ёздирган. Қизининг ҳар қандай қизиқишини қўллаб-қувватлайди. Уйда театр томошалари қўйишга ёрдамлашади. Болалари орасида математика ва рассомчиликдан мусобақалар уюштиради.
Асалнинг энг севимли рассомлари Винсент ван Гог, Густав Климт, Клод Моне, Пабло Пикассо. Сураткашликдан ташқари у маржондан тақинчоқ ясаш, китоб ўқиш, роликда учиш, велосипедда сайр қилиш, фотографликни яхши кўради. Лекин ҳаммаданам келажакда судя бўлишни хоҳлайди, хайрия ишлари билан одамларга ёрдам бериш орзуси.
— Сал катта бўлсам, экохалталар чиқармоқчиман. Уларнинг табиатга зиёни йўқ. Бизга ҳам тоза шаҳар, ҳаво қолиши керак-ку! Халталарга ўзим расм чизаман, — дейди Асал. — Ҳар хил мавзудаги суратларим билан одамларни экохалта олишга, ишлатишга чақираман. Пакет, зарарли буюмларни ишлатмайлик ҳадеб. Яшаётган шаҳримда эса ҳайвонларга шифохона, бошпана қурилса, волонтёрлик қиламан, албатта.
Асал Ўзбекистонда, ўзи яшаётган Жиззахда, умуман, бутун дунёда ҳамма, ҳатто жониворлар ҳам тенг бўлиб яшашини хоҳлайди. Мультфильмлардаги қаҳрамонлардан кўра ҳаётда суперқаҳрамон бўлиб, кичик яхшилик билан ҳам меҳрли инсон бўлиб яшаш афзал дейди.
Чарос Низомиддинова суҳбатлашди.
Улашиш:
Бошқалар
Ҳар бир ҳудудда реновация жамғармалари ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Шу йилнинг 1 сентябридан ҳар бир қурилаётган объектнинг QR-кодли паспорти бўлади
Бу орқали шаҳарсозлик субъектлари, қурилиш муддатлари, шаҳарсозлик ҳужжатлари ва тасдиқланган экспертиза хулосалари ҳақидаги маълумотларни олиш имконияти яратилади.
Прокат шартномаси ва уни тузиш тартиби қандай?
Прокат шартномаси бир йилгача муддатга тузилади.
Опцион шартномаси нима учун керак?
Опцион шартномаси рисксиз қарорлар қабул қилиш имконини беради ва келажакдаги молиявий фойдани кўзлайди.