Ҳуқуқ
27.04.2026
65

Меҳнат муносабатлари ва уларни тартибга солиш бугунги кун учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Давлатимизда тадбиркорликнинг ривожланиши, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг кўпайиши фонида меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талаб сезиларли ортди. Тадбиркорлар ёки иш берувчилар томонидан ишчиларга турли усулларда амалга ошириладиган меҳнат шакллари таклиф этила бошланди. Бу эса ўз ўрнида меҳнатга оид нормаларни замон талабларига мослаштиришни заруратини туғдирди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. Ушбу янгилаган Кодекс билан меҳнатнинг алоҳида шакли бўлган вахта усулида ишлаш алоҳида нормальар билан тартибга сольинди. Қуйида вахта усулида ишлаш нима ва қандай шаклда амалга оширилиши ҳақида батафсил маълумот берилади.
Вахта усулида ишлаш нима?
Вахта усулида ишлаш — бу иш жойингиз доимий яшаш жойингиздан шунчалик узоқда жойлашганки, сиз ҳар куни уйга қатнаб ишлай олмайсиз ва шу сабабли иш жойига яқин ҳудудда вақтинчалик яшаб меҳнат қилишингизга тўғри келади. Қонунчилигимизга кўра, бу усул шунчаки қулайлик учун эмас, балки асосан аҳоли яшамайдиган, олис, табиий шароити оғир ҳудудларда ёки йирик қурилиш-монтаж ишларини қисқа муддатда якунлаш керак бўлган ҳолларда қўлланилади. Агар сиз ҳар куни кечқурун ўз уйингизга, оилангиз бағрига қайтиш имкониятига эга бўлсангиз, демак, сизнинг ишингиз вахта усули ҳисобланмайди ва сизни мажбуран бу режимга ўтказиш мумкин эмас. Вахта усулининг асосий шарти шундаки, иш берувчи сизни ишлаш жойида яшашингиз учун барча шароитлар билан, яъни вахта шаҳарчалари ёки махсус жиҳозланган ётоқхоналар билан таъминлаши шарт. Бу усул кўпинча нефт-газ, тоғ-кон саноати, йирик инфратузилма лойиҳалари ва қурилиш соҳаларида кенг қўлланилади, чунки бу соҳалардаги объектлар кўпинча шаҳар ва қишлоқлардан узоқда, транспорт қатнови қийин бўлган жойларда жойлашган бўлади. Шунинг учун ҳам, вахта – бу шунчаки «узоқда ишлаш» эмас, балки ходимнинг уйидан узоқда яшаб, маълум бир смена давомида ишлаб, сўнгра уйига дам олишга қайтиши, қолган вақтда эса иш жойида тунаб қолиши назарда тутилган тизимли меҳнат режимидир.
Барча фуқаролар вахта усулида ишлаши мумкинми?
Йўқ, ҳамма ҳам вахта усулида ишлай олмайди, чунки Меҳнат кодексида меҳнат қилиш имконияти чекланган ёки алоҳида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган фуқароларни бундай мураккаб ва ўзига хос иш режимига жалб қилиш тақиқланади. Меҳнат кодексининг 466-моддасига мувофиқ, агар сиз ўн саккиз ёшга тўлмаган бўлсангиз, вахта усулидаги ишларга жалб қилинишингиз мумкин эмас, чунки ёш ходимларнинг соғлиғи ва жисмоний ривожланиши бундай оғир шароитларга мос келмаслиги мумкин. Шунингдек, ҳомиладор аёллар ҳам қонун ҳимоясида бўлиб, уларни вахта усулига жалб этиш тақиқланади, худди шунингдек, уч ёшгача бўлган болани тарбиялаётган ота-онадан бири ёки васий ҳам бу иш режимида ишлай олмайди, чунки кичик ёшдаги фарзанд парвариши доимий назоратни талаб қилади ва вахта усулидаги узоқ муддатли узилишлар бунга тўсқинлик қилиши мумкин. Бу тақиқлар фақатгина иш берувчининг хоҳиши эмас, балки қатъий қонуний норма бўлиб, уларнинг асосий мақсади инсон соғлиғини, оилавий фаровонлигини ва айниқса, келажак авлодни асрашдир.
Вахта усулида ишлаш пайтида иш вақтини ҳисобга олиш қандай бўлади ва одатда вахтанинг давомийлиги қанча?
Вахта усулида ишлаганда иш вақтини ҳисобга олиш одатий офис ишларидан тубдан фарқ қилади, чунки бу ерда «иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш» тизими қўлланилади ва бу жараён бутун бир календарь йил ичида ўн икки ойгача бўлган давр учун белгиланиши мумкин. Сизнинг иш вақтингиз шунчаки ҳафталик ёки ойлик меъёрлар билан эмас, балки «ҳисобга олиш даври» деб аталадиган вақт оралиғи билан ўлчанади, бу давр ичига сизнинг вахтада ишлаган соатларингиз, иш жойига бориш ва ортга қайтиш учун кетган йўл вақтингиз, ҳамда шу даврга тўғри келадиган барча дам олиш кунларингиз бир бутун ҳисобда жамланади. Иш берувчи ҳар бир ходим учун ушбу вақт ҳисобини ҳам ойлик кесимда, ҳам бутун ҳисобга олиш даври учун юритиши шарт, шунингдек, иш берувчи сизни иш ва дам олиш жадваллари билан жараён бошланишидан камида икки ой олдин таништириши лозим, бу эса сизга ўз вақтингизни режалаштириш имконини беради. Ҳар бир сменада кунлик иш давомийлиги ўн икки соатдан ошмаслиги керак ва ҳар бир смена оралиғида сиз камида ўн икки соатлик узлуксиз дам олиш имконига эга бўлишингиз қонун билан кафолатланади.
Вахтанинг давомийлигига келсак, қонунчилигимиз бўйича вахта объектда ишларни бажариш вақти ҳамда сменалар ўртасидаги дам олиш вақтини ўз ичига олган умумий давр ҳисобланади ва унинг стандарт давомийлиги бир ойдан ошмаслиги керак. Бироқ, ҳаётий заруратлар ва ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан келиб чиқиб, жамоа келишувлари ёки жамоа шартномаларида белгиланган алоҳида ҳолларда, айниқса, олис ҳудудлардаги объектларда вахтанинг давомийлиги уч ойгача узайтирилиши мумкин, лекин бу ҳолатда ҳам барча меҳнат муҳофазаси ва дам олиш тартибларига қатъий риоя қилиниши шарт.
Вахта усулида ишловчи шахсларга йиллик меҳнат таътили бериладими?
Ҳа, албатта, вахта усулида ишловчи шахсларга ҳам йиллик меҳнат таътили берилади ва улар ҳам барча бошқа ходимлар каби тўлиқ дам олиш ҳуқуқига эгадирлар, бироқ бу жараён меҳнат кодексининг 471-моддасига кўра ўзига хос тартибга эга. Ушбу норма бўйича, йиллик меҳнат таътили одатда ходим вахталар оралиғидаги дам олиш кунларидан фойдаланиб бўлганидан кейин берилиши керак, яъни иш берувчи таътил жадвалини тузаётганда бу жиҳатни албатта ҳисобга олиши шарт, чунки бу ходимнинг вахта давридаги чарчоқдан тўлиқ чиқиб олиши ва соғлиғини тиклаши учун жуда муҳимдир.
Вахта усулида ишлаш шунчаки уйидан узоқда фаолият юритиш эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 465–472-моддаларида белгиланган қатъий қонуний талаблар асосида тартибга солинадиган ва ходимнинг ижтимоий ҳамда меҳнат ҳуқуқларини кафолатловчи махсус меҳнат шаклидир. Вахта — бу иш берувчи учун самарали ишлаб чиқариш воситаси, ходим учун эса муносиб даромад манбаи бўлиши шарт.
Улуғбек Уролов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Радарга тушиб қоидабузарлик содир этсам, менга жарима балл ҳисобланадими?
Жарима баллари эндиликда нафақат транспорт воситаси эгасига, балки автомобилни ҳақиқатан бошқариб турган шахсга ҳам ёзилади.
“Инсон ва қонун” газетаси ҳамда “Ҳуқуқ ва бурч” электрон обунаси билан танишинг!
Бунинг учун adolatmarkazi.uz сайтига ташриф буюриб, сайтнинг юқори қисмидаги “кириш” тугмаси босилади ҳамда сизга берилган логин ва паролни киритиб “кириш” тугмаси босилади.
Ходим соғлигига зиён етганда ким жавобгар?
Бу ерда муҳим жиҳат шундаки, зарар миқдори автоматик равишда эмас, балки ходимнинг айб даражасига қараб белгиланади.
Профессионал таржима хизмати — тезкор ва ишончли!
"Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази томонидан аҳолига ҳуқуқий ахборотни тезкор, аниқ ва юқори сифатда етказиш мақсадида замонавий таржима технологиялари тизимли равишда жорий этилган.