currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларВояга етмаган ва муомала лаёқати чекланган шахслар иштирокида битимларни тасдиқлашнинг ҳуқуқий асослари

Вояга етмаган ва муомала лаёқати чекланган шахслар иштирокида битимларни тасдиқлашнинг ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон

calendar

10.11.2025

eye

45

Вояга етмаган ва муомала лаёқати чекланган шахслар иштирокида битимларни тасдиқлашнинг ҳуқуқий асослари

Фуқаролик ҳуқуқининг муҳим институтларидан бири бу — муомала лаёқати тушунчасидир. Муомала лаёқати шахснинг ўз ҳаракатлари билан ҳуқуқларни амалга ошириши ва мажбуриятлар олиши қобилиятини билдиради. Шу боис, вояга етмаган ёки соғлиғи сабабли муомала лаёқати чекланган шахсларнинг иштирокида тузиладиган битимлар алоҳида тартибда расмийлаштирилади. Ушбу тартиб жамиятнинг энг ҳимояга муҳтож қатламлари — болалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлашга қаратилган.

1. Вояга етмаган шахслар номидан битим тузиш тартиби

Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар (кичик ёшдаги болалар) ҳуқуқий жиҳатдан мустақил битим тузиш қобилиятига эга эмаслар. Шу сабабли, улар номидан битимни ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки васийлари тузадилар. Бунда васийлик органининг розилиги ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар эса чекланган муомала лаёқатига эга бўлиб, улар битимни ота-оналари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузишлари мумкин. Бундай тартиб ота-онанинг ҳар икки вакилининг розилигини талаб қилади. Бу эса вояга етмаганларнинг манфаатларини икки томонлама ҳимоя қилиш механизмини таъминлайди.

2. Васийлик ва ҳомийлик органларининг роли

Агар ота-оналар хизмат сафарида, узоқда ёки бошқа сабабларга кўра розилик бера олмасалар, битим васийлик ва ҳомийлик органи вакили иштирокида тасдиқланади.

Бу ҳолатда “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги Қонуннинг 37-моддаси талабларига қатъий риоя этилиши шарт.

Шунингдек, васий ёки ҳомий ўз манфаатлари тўқнаш келиши мумкин бўлган шахслар билан битим тузиш ҳуқуқига эга эмас. Бу нормалар манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда ҳимоядаги шахсларнинг ҳуқуқларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.

3. Муомала лаёқати чекланган ва лаёқатсиз шахслар иштирокида битимлар

Суд томонидан муомала лаёқатсиз деб топилган шахс номидан битимни фақат васий амалга оширади. Васий бундай шахс номидан ҳадя шартномаси тузиш ҳуқуқига эга эмас, чунки бу битимлар мол-мулкни текин бериш билан боғлиқ бўлиб, ҳимоядаги шахс манфаатларига зид бўлиши мумкин.

Муомала лаёқати чекланган шахс эса битимни фақат ҳомийнинг ёзма розилиги билан тузади. Бу тартиб уларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиради.

4. Жисмоний нуқсони бўлган шахслар иштирокидаги битимлар

Қонун кар-соқов, кар, заиф эшитувчи, кўр ёки заиф кўрувчи шахслар иштирокида битимларни тасдиқлашда ҳам аниқ тартибни белгилайди. Агар фуқаро саводсиз бўлса, битимни тасдиқлаш вақтида сурдо ёки тифло таржимон иштирок этиши шарт.

Нотариус бундай шахс билан бевосита мулоқот қила олса ёки махсус техник воситалардан фойдаланса, таржимон иштирок этмаслиги мумкин. Бу ҳолат ҳужжат матнида албатта қайд этилади. Шунингдек, битимни имзолай олмаган шахс ўз топшириғига кўра ҳужжатни бошқа фуқаро орқали имзолатиши мумкин — бу ҳам нотариал ёзувда акс эттирилади.

Мазкур тартиблар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий тенглигини таъминлаш ва уларнинг хоҳиш-иродасини аниқ ифода этиш имконини яратади. Битим жараёнида аудио ёки видеоёзувдан фойдаланиш шаффофликни янада оширади.

5. Таржимонларнинг жавобгарлиги

Сурдо ва тифло таржимонлар Ўзбекистон Республикаси Карлар ёки Кўзи ожизлар жамиятлари томонидан берилган ишончнома асосида иш юритадилар. Улар томонидан нотўғри таржима берилган тақдирда, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар. Бу норма битим иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Вояга етмаганлар, муомала лаёқати чекланган ёки жисмоний нуқсони бўлган шахслар иштирокида битимларни тасдиқлаш тартиби — инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим механизми ҳисобланади. Ушбу тартиб Фуқаролик кодекси, Васийлик ва ҳомийлик тўғрисидаги Қонун, ҳамда нотариал фаолиятга оид норматив ҳужжатлар асосида ишлаб чиқилган.

Бу механизмнинг асосий мақсади — ҳуқуқий жиҳатдан заиф тоифадаги шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий эркинликларини адолатли ва хавфсиз тарзда таъминлашдир. Шу тариқа, мазкур тартиб фуқаролик муомаласида ижтимоий адолат ва қонунийлик принципларининг амалда намоён бўлишини кафолатлайди.

Аҳмад Одилов,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш:

Бошқалар

24-октябр 2025, 04:21
659

Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин

Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.


21-октябр 2025, 11:03
628

Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?

Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.


20-октябр 2025, 04:32
561

Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар

Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.


30-октябр 2025, 07:11
530

Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати

Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.