currencies image

11 825,40 UZS

5,47

usd

currencies image

13 483,32 UZS

32,80

eur

currencies image

140,34 UZS

1,07

ru



АсосийЯнгиликларЖиноятга жазо муқаррар

Жиноятга жазо муқаррар

#NoComment

calendar

27.09.2026

eye

30

Жиноятга жазо муқаррар

Наманганда 5 ёшли мурғак қизча билан содир бўлган мудҳиш фожиа ҳеч биримизни бефарқ қолдирмади. Бундай ғайриинсоний ваҳшийликни эшитиб, кўнглимиздаги ғазабга тоқат қилиш қийин. Бутун халқимиз жиноятчига энг олий жазо — ўлим жазосини талаб қилаётгани тушунарли ва ҳақли ҳолат.

Шу билан бирга, жамиятда адолат ўрнатилишида ҳиссиётлар эмас, ҳуқуқий тамойиллар устувор бўлиши лозим. Бу ўринда иккита муҳим ҳақиқатни англаб етишимиз керак:

Биринчидан, ҳуқуқий тўсиқ. Жиноят ҳуқуқининг қатъий ва ўзгармас қоидаси бор: жавобгарликни оғирлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас. Яъни, бугун жамият талаби билан қонунчиликка ўлим жазоси қайтарилган тақдирда ҳам у айнан шу жиноятчига нисбатан қўлланилмайди. Бутун дунёда қонун устуворлиги шу тамойилга асосланади.

Иккинчидан, ўлим жазосининг асл моҳияти. Ўлим жазоси — бир лаҳзалик жараён. Қилмиши билан инсон қиёфасини йўқотган ваҳший учун бу қилмишининг азобини тортмай, «осон қутулиш» йўли бўлиб қолиши мумкин.

Аслида, умрбод озодликдан маҳрум қилиш — жиноятчини тириклай гўрга тиқиш билан тенг. Қолган бутун умрини қамоқхонанинг энг оғир, кескин ва умидсиз шароитларида ўтказиш, ҳар куни ва ҳар дақиқада ўз қилмишининг юки билан яшашга маҳкум этиш — ўлимдан-да оғирроқ ва адолатлироқ жазодир.

Шуни барчамиз қатъий билиш керакки, давлатимиз раҳбарияти томонидан тегишли идораларга барча зарур кўрсатмалар берилган ва вазият назорат остига олинган. Жиноятчи амалдаги қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилишига шубҳамиз йўқ. Қолаверса, бу қабоҳатга йўл очган, хизмат вазифасига лоқайд қараб, норасида гўдакни асрай олмаган барча масъуллар ҳам жазосиз қолмайди.

Шу ўринда, Президент Админстрацияси раҳбари шахсан мазкур ҳолатдан хабардор экани ва жавобгарлик максимал даражада кучайтириш ҳаракатлари бораётганини маълум қилгани тармоқларда айрим фойдаланувчилар томонидан янглиш талқин қилинмоқда. Назаримда, Админстрация раҳбари ҳар бир ҳолат назорат остидалигини, бундай жирканч ҳолатлар учун жавобгарлик кучайтирилиши ва одиллик принципи асосида айбдор шахслар ўз қилмишларига мутаносиб жазо олишларини жуда нозик тарзда барчамизга етказдилар. Шу билан бирга, қонунимизда олий жазо назарда тутилмаганини, лекин Жиноят қонунимизда бундай қабиҳ жиноятлар учун амалдаги жазоданда оғирроқ жазолар мавжудлиги ва айнан шу оғир жазолар қўлланилиши масаласи қонун доирасида қайта кўриб чиқилишига ишора қилганлар. Мазкур хабар ўз адресатларига етиб борганига шубҳамиз йўқ. Яқин келажакда, демократик қоидалар асосида жазо тизими ва жавобгарлик асослари қайта кўриб чиқилиши мумкин.   

Бизнинг бош мақсадимиз — шунчаки қасос олиш эмас, балки жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ва келгусида жавобгарликни максимал даражада кучайтириш орқали бундай даҳшатли жиноятларнинг олдини олишдир. Адолат албатта қарор топишига ишонамиз.

Алтиев Раззоқ, 
Юридик фанлар бўйича 
фалсафа доктори, профессор в.б. 

Улашиш: