currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларАэропортда қайси товарларни декларация қилиш шарт?

Аэропортда қайси товарларни декларация қилиш шарт?

Life Style

calendar

06.10.2026

eye

51

Аэропортда қайси товарларни декларация қилиш шарт?

Хориждан Ўзбекистонга қайтганда кўпчиликни бир савол қизиқтиради: “Қайси товарлар учун божхона декларациясини тўлдиришим керак?”

Аслида ҳар бир йўловчи декларация тўлдириши шарт эмас. Қонунчиликда товарларни оғзаки ёки йўловчи божхона декларацияси орқали декларация қилиш ҳолатлари белгиланган. Божхона кодексининг 259-моддасига кўра, йўловчи божхона декларацияси декларация қилиниши лозим бўлган товарларни олиб ўтаётган жисмоний шахс томонидан тўлдирилади.

Хўш, қайси ҳолатларда декларация масаласига жиддий эътибор бериш керак?

 

1. Товарнинг умумий қиймати божсиз олиб кириш меъёридан ошса

2025 йил 1 майдан бошлаб шахсий эҳтиёж учун Ўзбекистонга олиб кирилаётган товарларнинг божсиз меъёри транспорт турига қараб белгиланади:

ҳаво транспорти орқали — 1 000 АҚШ доллари;

темир йўл ва дарё транспорти орқали — 500 АҚШ доллари;

автомобиль ёки пиёда ўтказиш пунктлари орқали — 300 АҚШ доллари.

Курьерлик жўнатмалари учун — 200 доллар, халқаро почта жўнатмалари учун — 100 доллар меъёр белгиланган.

Масалан, йўловчи самолётда хориждан 1 200 долларлик шахсий товар олиб келса, 1 000 долларлик божсиз меъёрдан ошган қисми бўйича божхона талабларига риоя қилиши яъни 200 доллар учун ягона божхона тўлови — 30 фоиз давлат божини  тўлаши керак бўлади.

Муҳим: 2027 йил 1 январдан ягона божхона тўлови — 20 фоиз этиб белгиланган. 

 

2. Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари белгиланган миқдордан ошса

Йўловчи божхона декларацияси йўриқномасида алкоголь, тамаки маҳсулотлари ва бошқа айрим товарлар учун алоҳида миқдорий меъёрлар белгиланган.

Жумладан, амалдаги йўриқномада божсиз олиб кириш меъёри сифатида:

алкоголь — 2 литр;

сигарета — 200 дона;

сигара — 5 дона;

тамаки — 100 грамм;

атир ва ифор тарқатувчи сувлар — 3 дона, жами 300 млдан ошмаган миқдорда меъёрлар кўрсатилган.

Шунинг учун, хориждан белгиланган миқдордан кўп сигарета ёки алкоголь олиб келинаётган бўлса, уларни декларация қилиш ва божхона талабларига риоя қилиш масаласи юзага келади.

 

3. Дори воситалари олиб кирилаётган бўлса

Одатда шахсий эҳтиёж учун дори олиб келиш мумкин. Аммо таркибида гиёҳвандлик, психотроп ёки кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситалари алоҳида назорат қилинади.

Йўловчи декларацияси бўйича йўриқномада бундай дори воситалари чекланган товарлар қаторига киритилган.

Шунинг учун хориждан мунтазам қабул қилинадиган дори олиб келаётган шахс унинг таркиби ва миқдорига эътибор бериши, зарур ҳужжатларни сақлаб қўйиши керак.

 

4. Дрон олиб келинса

Ҳозир дронлар оддий электрон қурилма сифатида қабул қилинмаслиги мумкин.

Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш бўйича амалдаги йўриқномада учувчисиз учиш қурилмалари — дронлар ва уларнинг бутловчи қисмлари чекланган товарлар сифатида кўрсатилган.

Шунинг учун хориждан дрон олиб келаётган фуқаро уни шунчаки чемоданига солиб, декларациясиз олиб ўтиб кетиш мумкин деб ҳисобламаслиги керак.

 

5. Радиоэлектрон қурилмалар олиб кирилса

Рация, сунъий йўлдош телефони ва айрим юқори частотали қурилмалар ҳам махсус тартибга тушиши мумкин.

Амалдаги йўриқномада радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар чекланган товарлар қаторида кўрсатилган.

Демак, бундай қурилмани олиб киришдан олдин унинг мақоми ва рухсат талаб қилинадими-йўқми аниқлаштириш муҳим.

 

6. Қимматбаҳо металл ва тошлардан тайёрланган буюмлар бўлса

Заргарлик буюмлари ҳам божхона назоратида алоҳида аҳамиятга эга.

Йўловчи декларациясининг тегишли қисмида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар, уларнинг тури ва оғирлиги ҳақида маълумот кўрсатилиши назарда тутилган.

Амалдаги йўриқномада тайёр заргарлик буюмларини олиб кириш бўйича 65 грамм олтин ва 200 грамм кумуш каби миқдорий меъёрлар ҳам кўрсатилган.

 

7. Катта миқдорда нақд пул олиб ўтилса

Йўловчи декларациясида валютага оид маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Амалдаги йўриқномага кўра, 100 000 000 сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги нақд миллий ва/ёки хорижий валюта мавжуд бўлганда бу ҳақда декларацияда маълумот кўрсатилади.

Шунинг учун катта миқдорда нақд пул билан сафар қилаётган шахс декларация масаласига алоҳида эътибор бериши керак.

 

8. Ўсимлик, ҳайвон ва карантин назоратидаги маҳсулотлар бўлса

Хориждан ҳар қандай озиқ-овқат ёки биологик маҳсулотни чекловсиз олиб кириш мумкин, деб ўйлаш хато.

Йўриқномада тирик ҳайвонлар, гўшт маҳсулотлари, ўсимликлар ва карантин назоратидаги бошқа товарлар чекланган товарлар қаторида кўрсатилган.

Бундай маҳсулотлар учун ветеринария, фитосанитария ёки бошқа назорат талаблари қўлланиши мумкин.

 

9. Тарихий ва маданий бойликлар олиб ўтилаётган бўлса

Санъат асарлари, антиквариат, тарихий буюмлар ва маданий қимматликларни ҳам оддий шахсий буюм сифатида баҳолаб бўлмайди.

Амалдаги йўриқномада тарихий ва маданий бойликлар чекланган товарлар қаторида кўрсатилган.

Шу сабабли бундай буюмларни олиб кириш ёки олиб чиқишда тегишли рухсат ва ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин.

 

10. Товарлар шахсий эҳтиёждан эмас балки тижорат мақсадида олиб кирилса

Масалан, бир хил русумдаги 15–20 та телефон, катта миқдорда бир хил кийим ёки бошқа бир хил товарларни олиб кириш фақат “ҳаммасини ўзим ишлатаман” деган тушунтириш билан ҳал бўлмаслиги мумкин.

Ҳукуматнинг 2025 йилги 244-сон қарори билан жисмоний шахслар олиб ўтаётган товарларнинг мақсадини аниқлаш тартиби ҳам тасдиқланган.

Яъни божхона органи товарнинг миқдори, хусусияти ва бошқа ҳолатларга қараб унинг шахсий эҳтиёж учунми ёки тижорат мақсадидами олиб кирилаётганини баҳолайди.

 

Энг муҳими — чекни сақланг

Хориждан қиммат товар харид қилган бўлсангиз, чек, электрон чек, инвойс ёки бошқа харид ҳужжатини сақлаб қўйиш жуда фойдали.

Чунки товар қийматини аниқлашда унинг ҳақиқий харид нархини тасдиқловчи ҳужжатлар муҳим аҳамият касб этиши мумкин.

 

Хулоса

Ҳар бир йўловчи декларация тўлдириши шарт эмас. Лекин товар белгиланган меъёрдан ошса, чекланган ёки махсус назоратдаги товар бўлса, катта миқдорда валюта олиб ўтилса ёки бошқа қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлса, декларация қилиш талаби пайдо бўлиши мумкин.

Энг тўғри йўл — “декларация қилсам нима бўлади?” деб эмас, “мен олиб кетаётган товар декларация қилиниши шартми?” деб қараш.

Чунки декларация қилиниши шарт бўлган товарни яшириш ёки нотўғри маълумот бериш маъмурий жавобгарликка, айрим ҳолларда эса товарнинг мусодара қилинишига ҳам олиб келиши мумкин.

Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими

Улашиш: