currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларБайрам кунлари ходимларни ишга жалб этиш мумкинми?

Байрам кунлари ходимларни ишга жалб этиш мумкинми?

Life Style

calendar

26.05.2026

eye

50

Байрам кунлари ходимларни ишга жалб этиш мумкинми?

Меҳнат муносабатларида ходимнинг дам олиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган асосий ижтимоий ҳуқуқлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилигига кўра, ходимлар дам олиш кунлари ҳамда ишланмайдиган байрам кунларида ўз розилигисиз ишга жалб қилиниши мумкин эмас. Бу қоида ходимнинг меҳнат қилиш ва дам олиш ўртасидаги мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

Дам олиш кунлари инсоннинг меҳнат қобилиятини тиклаш, саломатлигини сақлаш ва оиласи билан вақт ўтказиши учун муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли қонунчиликда иш берувчига муайян чекловлар қўйилган. Ходимни шанба, якшанба ёки белгиланган байрам кунларида ишга чиқариш учун, аввало, унинг ёзма розилиги олиниши лозим.

Бироқ айрим ҳолатларда қонун истисно тарзида ходимни розиликсиз ҳам ишга жалб қилишга рухсат беради. Масалан:

1) табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатларнинг, ишлаб чиқаришдаги аварияларнинг, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг, шунингдек ёнғинларнинг, тошқинларнинг, зилзилаларнинг, эпидемияларнинг ёки эпизоотияларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда бажариладиган ишлар амалга оширилиши учун;

2) бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун;

3) марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти, совуқ сув таъминоти ва (ёки) сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузадиган кутилмаган ҳолатларни бартараф этишга доир ижтимоий жиҳатдан зарур ишлар амалга оширилиши учун;

4) иш берувчининг мулкини нобуд қилиш ёки унга зарар етказишнинг олдини олиш учун.

Бундай вазиятларда ҳам иш берувчи меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиши шарт. Хусусан, дам олиш ёки байрам кунида ишлаган ходимга юқори миқдорда ҳақ тўланиши ёки унинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш куни берилиши лозим.

Шунингдек, қонун айрим тоифадаги ходимларни — ҳомиладор аёллар, вояга етмаганлар ва соғлиғига кўра алоҳида ҳимояга муҳтож шахсларни дам олиш кунлари ишга жалб қилишда янада қатъий талабларни белгилайди.

Ходимнинг розилигисиз уни дам олиш кунида ишлатиш меҳнат ҳуқуқларининг бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатларда ходим меҳнат инспекциясига ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Хулоса қилиб айтганда, ходимларни меҳнат вазифаси юзасидан истисно ҳолатлардагина агарки, меҳнат шартномасида белгиланган бўлса, жалб этиш мумкин. Бундан ташқари, ходимларни дам олиш кунларида меҳнат қонунчилигида белгилаб қўйилган ҳолатлар юз берган тақдирдагина истисно вазиятларда ишга жалб этиш мумкин бўлади.

Бекжон Исмаилов,
"Адолат" МҲАМ ходими

Улашиш: