Суд очерклари
02.01.2026
410

Оилавий низолар жамиятда кенг тарқалган муаммолардан бўлиб, уларнинг оқибатлари, энг аввало, болаларга салбий таъсир кўрсатади. Халқаро тажрибада болалар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилса-да, Ўзбекистонда бу борада муаммолар сақланиб қолмоқда.
Кўп ҳолларда болалар манфаатлари ота-оналар ўртасидаги можаролар соясида қолиб кетмоқда. Суд амалиётида болаларнинг руҳий ҳолати ва уларнинг фикрларини ифода этиш имкониятларига етарли эътибор берилмаётгани кузатилади.
Болалар манфаатларини ҳимоя қилиш халқаро ва миллий ҳуқуқий нормалар орқали кафолатланади. Халқаро даражадаги ҳужжатлардан бири – 1989 йилда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция ҳисобланади. Унга кўра, барча қарорларда болалар манфаатлари устувор деб ҳисобланади.
Миллий қонунчиликда бунга эътибор қаратилаётган бўлишига қарамасдан, Ўзбекистон суд амалиётида болалар манфаатларини ҳимоя қилишда бир қатор муаммолар мавжуд. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциянинг 12-моддаси болаларга ўз фикрларини эркин ифода этиш ҳуқуқини беради. Аммо Ўзбекистонда бу амалиёт етарли даражада қўлланилмайди.
Оилавий низоларда болалар манфаатларини аниқлаш учун психологик экспертиза талаб қилинади. Бироқ бу хизматларнинг сифати ва қамрови чекланган.
Боланинг ота ёки она билан яшаш масаласида қарор қабул қилишда унинг руҳий ҳолати тўлиқ баҳоланмайди.
Масалан, Фарғона вилоят суди томонидан 2023 йилда кўриб чиқилган ишда ота-оналар ўртасидаги низо болаларнинг ҳиссий ҳолатига салбий таъсир қилгани аниқланган. Психологик экспертиза орқали бола манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилинган бўлса-да, судда болалар фикрини эшитиш ва психологик хулосаларни таҳлил қилишда чекловлар мавжудлиги салбий натижа берган.
Халқаро амалиётда оилавий низоларни ҳал қилишда болалар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор берилади. АҚШ тажрибасида судлар болалар манфаатларини аниқлашда махсус психологик экспертизалар ва медиаторлардан фойдаланади. Бу аниқ ва қатъий қарорлар қабул қилишга ёрдам беради. Швеция моделида оилавий низоларни судгача ҳал қилиш учун махсус оилавий маслаҳатчилар жалб қилинади. Бу усул болаларнинг руҳий ҳолатини ҳисобга олиб, низоларни камроқ травматик тарзда ҳал қилиш имконини беради.
Ўзбекистонда оилавий низоларда болалар манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарадорлигини ошириш учун медиация институтини кенгайтириш, оилавий низоларни судгача ҳал қилиш учун медиаторлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, психологик экспертиза ва болалар фикрини эшитиш, суд жараёнларида болалар фикрини тинглашни мажбурий қилиш ва психологик экспертизаларнинг сифатини ошириш, болалар манфаатларини ҳимоя қилишга ихтисослашган судьялар ва мутахассисларни тайёрлаш, халқаро тажриба асосида миллий қонунчиликни янада мустаҳкамлаш, болалар манфаатларига устуворлик бериш зарур.
Ҳабиба ХУДОЙБЕРДИЕВА,
фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси,
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Қарз шартномасини тузишда нималарга эътибор қаратиш керак?
Баъзан қарз олиб, қайтариб бермаслик оқибатида яқин қариндошлар ва қадрдон дўстлар ўртасида низо келиб чиқади.
Жиноят ишларда ярашув амалиётини қўллаш тартиби: нималарни билиш муҳим
Барча ишлардан сўнг суд ажрими чиқарилади.
Уй-жойни иккиламчи ижарага бериш тартиби қандай?
Бугунги кунда кўчмас мулк бозорининг энг фаол тармоқларидан бири — бу уй-жой ижараси ҳисобланади.