currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларБолаларга ҳимоя ордери бериш тартиби қандай?

Болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби қандай?

Life Style

calendar

04.08.2026

eye

46

Болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби қандай?

Болалар жамиятнинг энг ҳимояга муҳтож қатламларидан бири ҳисобланади. Уларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий зўравонлик, эксплуатация, бепарволик ҳамда таъқиб нафақат боланинг жисмоний ва руҳий ривожланишига, балки жамиятнинг барқарор тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2024 йил 14 ноябрьда қабул қилинган "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги ЎРҚ-996-сон Қонун ушбу йўналишдаги энг муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлди. Мазкур қонун болаларга нисбатан зўравонлик тушунчасини, унинг турларини, давлат органларининг ваколатларини ҳамда ҳимоя механизмларини комплекс тартибга солди.

Ҳимоя ордери

Ўзбекистон Республикасининг "Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга қаратилган замонавий ҳуқуқий механизмларни жорий этди. Ушбу механизмлар орасидаҳимоя қилиш режаси ва ҳимоя ордери алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, улар боланинг хавфсизлигини таъминлаш, такрорий зўравонликнинг олдини олиш ҳамда ваколатли давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Қонунга кўра, ҳимоя қилиш режаси зўравонликдан жабрланган ёки зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган боланинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганиндивидуал ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Мазкур режанинг мониторинги ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилиши белгиланган. Мониторингнинг асосий мақсади кўрилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини баҳолаш, зарурат туғилганда ҳимоя қилиш режасини қайта кўриб чиқиш ёки унинг амал қилишини тугатишдан иборат. Мазкур тартиб давлатнинг фақат зўравонлик содир этилганидан кейинги муносабатини эмас, балки боланинг хавфсизлигини доимий назорат қилиш мажбуриятини ҳам назарда тутади.

Ҳимоя қилиш режаси

Қонунчиликда ҳимоя қилиш режасининг қайта кўриб чиқилиши боланинг ҳаётий вазияти ўзгарган ҳолларда амалга оширилиши белгиланган. Бу норма боланинг манфаатлари устуворлиги тамойилининг амалий ифодаси ҳисобланади. Чунки болага нисбатан хавф даражаси вақт ўтиши билан ўзгариши мумкин ва ҳуқуқий ҳимоя чоралари ҳам айнан шу ҳолатларга мос равишда янгиланиши зарур.

Ҳимоя қилиш режасининг амал қилиши зўравонлик оқибатлари ёки таҳдиди бартараф этилганда, бола ўн саккиз ёшга тўлганда ёки бола вафот этган тақдирда тугатилади. Муаллифнинг фикрича, ушбу асослар ҳуқуқий аниқликни таъминлайди, бироқ режанинг бекор қилиниши фақат формал мезонларга эмас, балки боланинг психологик ва ижтимоий ҳолатини комплекс баҳолаш натижаларига ҳам асосланиши мақсадга мувофиқ.

Ҳимоя ордерини расмийлаштириш

Қонуннинг 32-моддасида ҳимоя ордерига зўравонликдан жабрланган болага давлат ҳимоясини таъминлайдиган ҳуқуқий ҳужжат сифатида таъриф берилган. Ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан зўравонлик содир этилганлиги ёки унинг содир этилиши хавфи аниқланган вақтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида расмийлаштирилади. Мазкур қисқа муддат боланинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид туғилган вазиятларда давлатнинг тезкор аралашувини таъминлашга қаратилган.

Қонунчиликка мувофиқ, ҳимоя ордерининг дастлабки амал қилиш муддати ўттиз кун этиб белгиланган. Агар зўравонлик хавфи сақланиб қолса, жабрланувчи ёки унинг қонуний вакили аризасига кўра жиноят ишлари бўйича суд ордер муддатини бир йилгача узайтириши мумкин. Бу тартиб суд назоратини таъминлаш билан бирга, зўравонликнинг давом этиш эҳтимоли мавжуд бўлган ҳолларда болани узоқ муддат ҳимоя қилиш имконини яратади.

Ҳимоя ордери орқали нималар чекланади?

Қонуннинг 35-моддаси ҳимоя ордерида қўлланилиши мумкин бўлган чекловларни аниқ белгилайди. Жумладан, зўравонлик содир этган шахснинг жабрланувчи билан ҳар қандай алоқаси тақиқланиши, у билан бир хонада ёки транспорт воситасида бўлиши чекланиши, қурол сақлаши ва олиб юриши вақтинча тақиқланиши мумкин. Бундан ташқари, зўравонлик содир этган шахс зиммасига жабрланувчининг даволаниш, реабилитация, маслаҳат олиш харажатлари ҳамда моддий ва маънавий зарарни қоплаш мажбурияти юклатилиши мумкин.

Ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати узайтирилганда суд қўшимча чекловлар ҳам белгилаш ҳуқуқига эга. Хусусан, зўравонлик содир этган шахснинг муайян жойларга бориши тақиқланиши, жабрланувчи яшайдиган уй-жойга ёки унинг иш ва таълим муассасасига яқинлашиши чекланиши, шунингдек зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши мажбурий этиб белгиланиши мумкин.

Қонуннинг муҳим жиҳатларидан яна бири шундаки, ҳимоя ордерини бериш ёки унинг муддатини узайтириш жараёнида Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят аломатлари аниқланса, иш материаллари дарҳол тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади. Бу норма ҳимоя ордерининг жиноят ишини қўзғатишга тўсқинлик қилмаслигини, аксинча, жиноят-ҳуқуқий жавобгарликни қўллаш учун муҳим процессуал асос бўлишини кўрсатади.

Амалиётда қандай муаммолар мавжуд?

Шу билан бирга, амалиётда айрим муаммолар ҳам мавжуд. Хусусан, ҳимоя ордери талабларининг ижроси устидан назоратни кучайтириш, хавф даражасини баҳолаш мезонларини ягона амалиёт асосида қўллаш, ички ишлар органлари, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш тизими ва васийлик органлари ўртасидаги ахборот алмашинувини янада такомиллаштириш зарур. Бундан ташқари, ҳимоя ордери берилган ҳар бир бола билан психологик реабилитация ишлари олиб борилиши ва зўравонлик содир этган шахснинг тузатиш дастурларида иштироки устидан мунтазам мониторинг ўрнатилиши мақсадга мувофиқ.

Хулоса қилиб айтганда, ҳимоя ордери болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг замонавий ва самарали ҳуқуқий институти бўлиб, унинг асосий вазифаси зўравонликни тўхтатиш, жабрланувчининг хавфсизлигини таъминлаш ва такрорий зўравонликнинг олдини олишдан иборат. Ушбу институтнинг самарадорлиги қонун нормаларининг изчил қўлланилиши, суд ва ички ишлар органларининг тезкор фаолияти ҳамда барча ваколатли органларнинг ўзаро ҳамкорлигига бевосита боғлиқ.

Шаҳноза Утамурадова
тайёрлади

Улашиш: