Ҳуқуқ
16.09.2026
21

Ўзбекистонда божхона жараёнларини соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай шароитлар яратиш ва божхона маъмурчилигини рақамлаштиришга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди.
Бу борада Президентнинг 2026 йил 27 августдаги «Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–174-сон Фармони қабул қилинди.
Ҳужжат билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган «Янги Ўзбекистон божхонаси – 2030» стратегияси тасдиқланди.
Божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувлар жорий этилади
Стратегия доирасида божхона жараёнларида тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, божхона органлари инфратузилмасини такомиллаштириш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш ва божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш устувор йўналишлар этиб белгиланди.
2026 йил 1 сентябрдан ташқи савдо операцияларини амалга оширишда айрим талаблар бекор қилинади.
Жумладан:
— ташқи савдо шартномасини тузмасдан инвойс асосида импорт қилишда хорижий ҳамкорга олдиндан тўлов ўтказиш чеклови;
— ташқи савдо шартномасини тузмасдан инвойс асосида экспорт қилишда олдиндан 50 фоиз тушумни таъминлаш талаби;
— товарларни миллий валютада экспорт қилишда олдиндан тўловни таъминлаш ёки аккредитив, банк кафолати, суғурта полиси каби тўловнинг кафолатли шаклларини тақдим этиш талаби;
— озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш учун маҳсулот намунаси етарли бўлмаган ҳолатларда санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш талаби бекор қилинади.
Шунингдек, айрим турдаги товарларни олиб киришда рухсатнома ва давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани божхона расмийлаштируви жараёнида тақдим этиш талаби ҳам бекор қилинади.
2026 йил 1 октябрдан солиқ органларида хавф даражаси паст ва қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳномаси фаол бўлган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига импорт қилинадиган товарлар учун тўланадиган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади.
Товарлар экспортида эса назорат жараёнларини рақамлаштириш ва такомиллаштириш ҳисобига:
— божхона расмийлаштируви;
— фитосанитария сертификати;
— фумигация;
— товарнинг келиб чиқиш сертификати
учун йиғим ва тўловлар миқдори 30 фоизга камайтирилади.
2027 йил 1 январдан товарларнинг божхона қийматини назорат қилиш тартиби ҳам ўзгаради.
Хусусан, хавф даражаси паст ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан олиб кирилаётган товарларнинг божхона қийматини товарлар эркин муомалага чиқарилганидан кейин назорат қилиш тартиби жорий этилади.
Бундан ташқари, божхона қийматини назорат қилиш мақсадида товарлар учун қатъий божхона қийматини белгилаш тақиқланади.
Божхона қиймати бўйича дастлабки қарор қабул қилиш амалиёти жорий этилади. Шунингдек, божхона қийматини назорат қилишда расмий диллер ва дистрибьюторларнинг нарх маълумотларидан фойдаланиш йўлга қўйилади.
2027 йил 1 июндан жисмоний шахслар томонидан нотижорат мақсадларда олиб ўтиладиган товарлар бўйича ҳам янги тартиб амал қилади.
Агар ягона божхона тўлови миқдори тўланиши лозим бўлган божхона йиғимлари миқдоридан кам бўлса, ушбу божхона йиғимлари ундирилмайди.
Янги тартиблар ташқи савдо операцияларида ортиқча маъмурий талабларни қисқартириш, божхона жараёнларини рақамлаштириш ва тадбиркорларнинг вақт ҳамда молиявий харажатларини камайтиришга қаратилган.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Автомобиль йўлларини таъмирлашга ким масъул? Муҳим қоидалар
Сифатли йўл — нафақат қулайлик, балки ҳаракат хавфсизлигининг муҳим кафолатидир.
Даромадни яшириш қандай оқибатларга олиб келади?
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 174-моддасида солиқларни ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш учун жавобгарлик белгиланган.
Тошкентда 800 мингдан ортиқ турар-жой оммавий баҳолашдан ўтказилди
Пойтахтдаги квартираларнинг амалдаги кадастр қиймати 57,8 триллион сўмни ташкил этган.