#NoComment
01.12.2025
117

1. Қайси ташкилотларда ишлайдиган ходимлар мақсадли стажировкага юборилиши мумкин?
2025 йил 26 ноябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 743-сон қарорига асосан, “Истиқболли мутахассисларнинг “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан мақсадли стажировкасини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланган. Мазкур низомга асосан, қуйидагилар буюртмачи ташкилот сифатида ўз ходимларини мақсадли стажировкага юбориш учун тавсия этиши мумкин:
— вазирлик;
— идора;
— иқтисодиёт тармоқларининг стратегик корхоналари;
— етакчи олий таълим муассасалари;
— тадқиқот ва таҳлилий марказлар;
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар.
2. Стажировкага ходимларни юбориш қай тартибда ташкил этилади?
Юқорида келтирилган буюртмачи ташкилотлар ҳар йили 10 ноябргача кадрлар тайёрлашга бўлган эҳтиёжлар тўғрисида лавозим ва йўналишлар кесимида, танланган номзодларнинг стажировкасини ташкил қилиш мумкин бўлган хорижий ташкилотлар ва стажировка муддати бўйича асослантирилган маълумотларни Бошқарув самарадорлиги агентлиги (Агентлик) га тақдим этади.
Агентлик эса, юқоридаги маълумотларни умумлаштирган ҳолатда хорижий мамлакатлар кесимидаги квоталарини белгилаш учун асослантирилган таклифларни 10 декабргача “Эл-юрт умиди” жамғармасига тақдим этади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси Бошқарув кенгаши ҳар йили 15 январгача тармоқ йўналишлари бўйича стажировка дастурининг хорижий мамлакатлар кесимидаги квоталарини тасдиқлайди.
Буюртмачи ташкилотлар 1 февралгача мақсадли стажировкага юбориладиган номзодлар рўйхатини шакллантириб, расмий хат асосида Агентликка тақдим этади.
3. Номзодлар рўйхатини шакллантиришда нималарга аҳамият берилади?
Буюртмачи ташкилотлар, биринчи навбатда, Миллий кадрлар захираси таркибига киритилган номзодларни рўйхатга киритиши лозим.
Шунингдек, номзодлар рўйхатини шакллантиришда қуйидагилар инобатга олинади:
— стажировка дастурига мос мутахассислиги бўйича камида 3 йиллик иш тажрибаси, шу жумладан охирги 12 ой давомида ушбу соҳада ишлаган бўлиши;
— давлат тилини билиши;
— стажировка ўташ режалаштирилган хорижий ташкилотнинг шартсиз таклифномаси мавжудлиги (буюртмачи томонидан тавсия этилган номзодлар учун).
4. Кимлар мақсадли стажировкада иштирок эта олмайди?
Қуйидагилар мақсадли стажировкада иштирок эта олмайди:
— 25 ёшдан кичик бўлганлар;
— аввал айни ёки турдош йўналиш бўйича хорижда мақсадли стажировка ўтаб, узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти муддати тугамаганлар;
— коррупцияга оид жиноятларни содир этишда суд томонидан айбдор деб топилган шахслар;
— оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахслар.
5. Номзодларни саралаш тартиби қандай?
Саралаш тартиби қуйидагича:
тест синовлари;
номзодлар билан суҳбат.
Тест синовлари интеллект даражаси (IQ-тест), психологик барқарорлик, давлат тилини билиш, рақамли технологиялар ҳамда сиёсий-ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги билим даражасини аниқлаш юзасидан онлайн режимида ташкил этилади.
Бунда 71 фоиз ва ундан юқори кўрсаткичга эга номзодлар суҳбатга чақирилади.
Суҳбат натижалари 100 баллик тизимда баҳоланади. Унда қуйидаги компетенциялар баҳоланади:
давлат сиёсатини тушуниш ва таҳлил қилиш, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий соҳалари бўйича билими;
стажировка ўташда зарур бўладиган хорижий тилни билиш даражаси;
стратегик фикрлаш ва қарор қабул қилиш қобилияти;
эмоционал барқарорлик ва стрессга чидамлилик;
лидерлик қобилиятлари ва жамоа билан ишлаш салоҳияти;
ижтимоий фаоллик, ташаббускорлик ва масъулият ҳисси.
Суҳбатдан энг юқори балл тўплаган номзодлар баллар рейтинги асосида тасдиқланадиган квота доирасида мақсадли стажировкага тавсия этилади.
6. Мақсадли стажировка доирасида қандай харажатлар қопланади?
Мақсадли стажировка ўташ бўйича хорижий ташкилотга тўланадиган стажировка учун тўлов;
виза харажатлари;
мақсадли стажировка даврида тиббий суғурталаш харажатлари;
барча турдаги транспорт воситалари билан стажировкадан ўтиш жойигача бўлган йўлкира харажатлари (иккала томонга, кўпи билан бир марта);
мақсадли стажировка дастури билан боғлиқ турар-жой, кунлик харажатлар.
7. Мақсадли стажировкадан қайтгач ходимларга қандай мажбуриятлар юклатилади?
“Эл-юрт умиди” жамғармаси Бошқарув кенгаши қарорига асосан ғолиб деб топилган мутахассислар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Агентлик,
буюртмачи ташкилот ва молиявий (қўшимча) кафил ўртасида шартнома тузилади.
Мутахассисларнинг хорижда мақсадли стажировкани ўташи, яшаш ва юриш-туриш тартиб-қоидалари ҳамда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ушбу шартномада белгилаб қўйилади.
Шунингдек, мақсадли стажировкани ўтаган мутахассисларга тўлиқ бандлик режимида 2 йил буюртмачи ташкилотда узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
Наргиза Шарипова,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Давлат фуқаролик хизматчиси билиши лозим бўлган муҳим қоидалар
Давлат фуқаролик хизматчиси – бу қонунчиликка асосан давлат органларида доимий, профессионал асосда ишловчи, давлат вазифаларини амалга оширувчи шахсдир.
5 кунлик иш ҳафтаси, ярим млрд мукофот, ипотекага уй-жой: тиббиёт ходимлари учун янги рағбат ва имтиёзлар
2026 йилдан бошлаб ҳар бир давлат тиббиёт муассасаси ходими Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида бир марталик рағбатлантириш олади.
Ер солиғи ставкаси қандай аниқланади?
Туманлар ва шаҳарлар халқ депутатлари Кенгашлари томонидан жорий солиқ даври учун солиқ ставкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари жойлашган жойдаги солиқ органларига ҳар йили 10 январга қадар тақдим этилади.
Бир ватан, бир эл, бир байроқ
Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ўзининг ранглари ва тимсоллари билан бой маъно-мазмунни ифода этади.