currencies image

11 765,21 UZS

0,55

usd

currencies image

13 586,46 UZS

52,41

eur

currencies image

139,35 UZS

0,36

ru



АсосийЯнгиликларГМО: дастурхондаги хавфми ёки замонавий қишлоқ хўжалиги технологияси?

ГМО: дастурхондаги хавфми ёки замонавий қишлоқ хўжалиги технологияси?

Life Style

calendar

15.09.2026

eye

20

ГМО: дастурхондаги хавфми ёки замонавий қишлоқ хўжалиги технологияси?

ГМО ўзи нима?

ГМО — генетик материали лабораторияда мақсадли равишда ўзгартирилган организм.

Масалан, ўсимликка зараркунандаларга чидамлилик, айрим гербицидларга бардошлилик ёки вирусларга қаршилик каби хусусият берилиши мумкин.

Демак, «ГМО» деган сўзнинг ўзи маҳсулот зарарли ёки зарарсиз эканини билдирмайди.

Чунки турли ГМО экинларида турли генлар, турли хусусиятлар ва турли технологиялар қўлланилади. Шунинг учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам ҳар бир ГМ маҳсулотни алоҳида хавфсизлик баҳолашидан ўтказиш кераклигини таъкидлайди.

Ҳозирги илмий маълумотларга кўра, тасдиқланган ва хавфсизлик баҳолашидан ўтган ГМ озиқ-овқатларнинг оддий озиқ-овқатларга нисбатан инсон саломатлиги учун юқорироқ хавф туғдиришига ишончли далил топилмаган.

ЖССТ маълумотларига кўра, халқаро бозорда мавжуд ГМ маҳсулотлар хавфсизлик баҳолашидан ўтган ва улар истеъмоли натижасида аҳолида саломатликка салбий таъсир кўрсатилгани ҳақида далиллар мавжуд эмас.

АҚШ Миллий фанлар академиялари ҳам ГМ экинларидан олинган озиқ-овқатни истеъмол қилиш билан боғлиқ саломатликка зарар етказувчи ишончли далилларни аниқламаган.

АҚШ Озиқ-овқат ва дори воситалари маъмурияти — FDA ҳам баҳоланган генетик муҳандислик асосидаги ўсимлик маҳсулотлари аллергик ёки токсик таъсирга оддий аналогларига қараганда кўпроқ мойил эканини кўрсатувчи далиллар йўқлигини қайд этади.

Европа озиқ-овқат хавфсизлиги агентлигининг сўнгги баҳолашларида ҳам айрим ГМ соя ва маккажўхори навлари бўйича янги хавфлар аниқланмаган.


ГМОдан қандай мақсадда фойдаланилади?

Масалан, гербицидга чидамли ГМ ўсимликлар маълум бир бегона ўтларга қарши курашни енгиллаштиради.

Аммо бир хил гербициддан узоқ вақт ва нотўғри фойдаланиш натижасида унга чидамли бегона ўтлар пайдо бўлиши мумкин.

Бу ҳолат илмий адабиётларда қайд этилган. Миллий академиялар гербицидга чидамли экинлардан фойдаланиш айрим ҳудудларда гербицидларга чидамли бегона ўтлар эволюциясига олиб келганини қайд этган.

Демак, муаммо баъзан геннинг ўзида эмас, ундан қандай фойдаланилаётганида бўлиши мумкин.

 

 

ГМОнинг фойдали томони ҳам борми?

Айрим ГМ экинлар зараркунандаларга чидамли қилиб яратилади. Бу айрим ҳолатларда инсектицидлардан фойдаланишни камайтириши мумкин.

Бошқа навлар эса қурғоқчилик, вируслар ёки муайян касалликларга чидамлилик каби хусусиятлар учун ишлаб чиқилмоқда.

ЖССТ ГМ технологияларининг эҳтимолий афзалликлари қаторида ҳосилдорлик, озиқавий қиймат ва қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш имкониятларини келтиради.

Шу билан бирга, бу «барча ГМО фойдали» дегани ҳам эмас.

Ҳар бир маҳсулотнинг фойдаси ва хавфи алоҳида ўрганилиши керак.

Қайси ГМО? Қайси ген ўзгартирилган? Қандай мақсадда? Қандай шароитда етиштирилган? Қандай пестицид қўлланган? Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича қандай текширувдан ўтган?

Айнан шу саволлар жавобсиз қолса, истеъмолчининг хавотир олиши табиий бўлади.

 

Генетик модификациянинг ўзи маҳсулотни автоматик равишда зарарли қилмайди.

Бугунги илмий далиллар хавфсизлик баҳолашидан ўтган ва бозорда рухсат этилган ГМ озиқ-овқатлар инсон саломатлиги учун оддий аналогларидан юқорироқ хавф туғдиришини кўрсатмаяпти.

Аммо бу мавзуни ёпиш мумкин дегани эмас.

Чунки келажакда янги генлар, янги экинлар ва янги технологиялар пайдо бўлади. Шу сабабли уларнинг ҳар бири алоҳида, мустақил ва доимий илмий назорат асосида баҳоланиши керак.

Энг муҳими эса — истеъмолчига қўрқитувчи афсоналар ҳам, бирёқлама реклама ҳам эмас, аниқ ва текширилган маълумот етказилиши керак.

Феруз Жўраев
тайёрлади

Улашиш: