currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларЯнги Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва маҳалла трансформациялашувининг ўзаро уйғунлиги

Янги Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва маҳалла трансформациялашувининг ўзаро уйғунлиги

Ўзбекистон

calendar

12.03.2026

eye

36

Янги Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва маҳалла трансформациялашувининг ўзаро уйғунлиги

Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис ва халқимизга қилган мурожаатномасида Янги Ўзбекистонни барпо этишда мамлакатимиз ҳал қилувчи босқичга қадам қўяётгани ва мазкур йўналишда ҳар бир соҳа ҳамда тармоқ чуқур трансформация талаб қилиши алоҳида таъкидланган эди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари аниқ мақсад йўлида интенцив тарзда ривожланаётган республикамизда транформациялашув жараёни замон талаби эканлигини ҳам бежиз эътироф этмади. Ва шу ўринда масаланинг моҳиятини қуйидагича асослайди: “Қанчалик оғир бўлмасин, бошлаган демократик ислоҳотларимизни қатъий давом эттирганимиз; халқимизнинг қўллаб-қувватлаши ва ёшларимизнинг ғайрат-шижоати; ҳамжиҳатлик асоси бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини кучайтирганимиз; одамларимизнинг онги ва дунёқарашини ўзгартириб, эл-юртимизни янада жипслаштирганимиз; тадбиркор, деҳқон ва фермерларимизнинг ташаббускорлиги ва мардона меҳнати; ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган дўстона ташқи сиёсатимиз ҳисобига 2025 йилда барча соҳаларда улкан ютуқларга эришдик”.

Демак, табиийки, ҳар бир давлатда адолатли бошқарувнинг ташкил этилиши, соҳа ва тармоқларнинг трансформациялашуви давлат ва халқ ҳамда институционал тузилмалар учун ҳам бирдек манфаатли бўлишини тараққий этган давлатлар ёхуд Янги Ўзбекистон мисолида ҳам кўриш мумкин. Айниқса, мамлакатимизда давлат бошқаруви ва маҳалла институтининг уйғунлик асосида трансформациялашуви натижасида биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришга ўргандик.

 

Маҳалла – барчамиз учун ҳам ота, ҳам она

Давлат бошқарувида ўз миллий давлатчилик тарихи, миллий менталитет, қадрият, урф-одат, анъаналарига таянган мамлакат шубҳасиз истиқболли бошқарувга эга бўлади. Шу нуқтаи назардан маҳалла - миллий давлатчилигимиз тарихида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлиб келмоқда. Янги Ўзбекистон ҳам ўтган тўққиз йил давомида давлат органлари билан уйғун равишда маҳалла тизимини ислоҳ этиб, давлат бошқарувида маҳалланинг ўрни  ва ролини оширишнинг ҳуқуқий механизмига давлат миқёсида эътибор қаратиб келмоқда. Ва у ўз натижасини бермоқда ҳам.

         Ўзбекистон Конституцияси ва қонунчилигига кўра маҳалла давлат органлари тизимига кирмайди. У фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ҳисобланади. Лекин маҳалла ўзининг - одамларни ягона мақсад, яқин қўшничилик, меҳр-оқибат ҳамда миллий қадриятлар асосида бирлаштириш каби тарихий миссияси боис давлат бошқаруви самарадорлигига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади. Айниқса, маҳалланинг ёшларни турли синовларга чидамли, ватанпарвар инсонлар эти тарбиялаш ёхуд жамоатчилик назоратини амалга ошириш сингари муҳим функциялари унинг давлат бошқарувида салмоқли таъсири ва мавқени кўрсатади. 

Чунончи, давлат сиёсати яъни бошқарувнинг таъсири дастлаб инсонлар онги ва хулқ-атворида, сўнг маҳаллаларда ўз натижасини намоён қилади. Бунинг маъноси шуки, сўнгги тўққиз йиллик туб ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир инсон, ҳар бир хонадон ва ҳар бир маҳалла кундалик ҳаётида ҳис қилмоқда. Президентимиз мурожаатномада қайд этганидек: “...бу ишларни бошлаганимизда аҳолимизнинг учдан бир қисми камбағаллик чегарасида яшарди. Кредит, субсидия, компенсация каби 100 дан зиёд хизматлар орқали ижтимоий ҳимоянинг мутлақо янги тизимини йўлга қўйганимиз ва буларни маҳалладаги “еттилик”нинг ўзига берганимиз натижасида 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди, ишсизлик 2 карра қисқарди. Натижада уч йил олдин камбағалликни 2026 йил якуни билан 2 карра қисқартириш бўйича олган маррамизни шу йилнинг ўзида уддаладик”. Мана маҳалланинг давлат бошқарувидаги таъсири ва самараси ёхуд унинг амалда нималарга қодирлигининг исботи. Бу реал натижа, амалий факт, аҳоли муаммолари ҳал этилишининг асоси ҳисобланади.

Бу эса табиийки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлашда маҳалла – барчамиз учун ҳам ота, ҳам она бўлиб давлат бошқарувида самарадорликка эришишда асосий механизм сифатида хизмат қилишининг исботи саналади. Шу боис, ҳуқуқий жиҳатдан маҳалла – Конституция ва қонунлар билан кафолатланадиган фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек, миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одат ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда ҳал этадиган мустақил тузулма ҳисобланар экан.  

Билъакс маҳалланинг тарихий хусусияти ва моҳияти ҳамда функционал вазифаси ёхуд ҳуқуқий аҳамиятидан келиб чиқиб бугун муааксарият фуқаролар ўзини маҳалла жамоасининг ажралмас бир қисми, деб санашади. Дахлдорлик туйғуси билан ёндашиб маҳаллани ҳурмат қилиб қадрлашаяпди. Айниқса, ҳозир аксарият одамлар ўз муаммоларини айнан маҳаллада ҳал этиб, манфаат кўраётгани боис унга нисбатан ишончи янада ортмоқда. Демак, маҳалла – давлат ва жамият бошқарувининг муҳим асоси ҳам ҳисобланар экан.

Давлат бошқаруви ва маҳалла трансформациялашувининг ўзаро уйғунлиги

         Янги Ўзбекистонда биз ўтган тўққиз йил давомида давлат бошқаруви ва маҳалла трансформациялашувининг ўзаро уйғунлигини ўз кўзимиз билан кўриб, мазкур жараёнларга бевосита гувоҳ бўлиб келмоқдамиз. Ва ҳозир ҳам ушбу жараёнларнинг шоҳидимиз. Зеро, мазкур масалаларни яна давлатимиз раҳбарининг мурожаатномаси орқали таҳлил қилсак мантиқан тўғри ва асосли бўлиши шубҳасиз.

Ўзбекистон Президенти мурожаатномада: “Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир” деган улуғ ғояни илгари суради. Мазкур олий мақсадни амалга оширишда бевосита маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёслиги ҳамда маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз юксалишини, яна бир бор эътироф этади. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбари 2026 йилни мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”, деб эълон қилишни таклиф қилди. Билдирилган мазкур фикрлар ва ташаббус давлат бошқарувида стратегик аҳамиятга эга муҳим трансформациялашув жараёни ҳисобланади. Чунки бундай трансформациялашув туфайли давлат бошқарувининг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-маърифий каби уствувор йўналишлари янада ислоҳ этилиб юксалишига бевосита замин яратилади.  

         Мурожаатнома муаллифи, давлат бошқаруви ва маҳалла трансформациялашувининг ўзаро уйғунлиги борасидаги фикрларини давом эттириб шундай дейди: “Юрт ободлиги маҳалладан бошланади. Айнан маҳалладаги йўл, сув, электр ва транспорт таъминоти, боғча, мактаб ва оилавий поликлиникадаги шарт-шароитларга қараб, одамлар ислоҳотларимизга  баҳо беради. Шу боис маҳалла тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади”. Шу ўринда, маҳалла - тизимини трансформациялаш натижасида давлат бошқаруви орқали юртимизни ҳар томонлама юксалтириш, унинг ободлиги ва фаровонлигини таъминлашга эришилиши назардан қочирмаслик керак.

Фикримизни асослаш учун яна давлатимиз раҳбарининг мурожаатномадаги давлат бошқаруви ва маҳалла трансформациялашувининг ўзаро уйғунлиги борасидаги фикрларига асосланамиз.

“Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал этиш учун 500 миллиард сўм, ҳар бир депутатга 3,3 миллион сўмдан беряпмиз. Бу борада “яшил ҳудуд”, “яшил боғ” яратиш бўйича ҳар бир депутатнинг ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирамиз. Бундай ёндашув орқали 2030 йилгача барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кирамиз”.

Дарҳақиқат, мазкур механизмни йўлга қўйиш орқали, давлат бошқарувидаги ислоҳотлар айнан маҳаллалар орқали қуйи тизим ва реал ҳаётга татбиқ этишга эришиш назарда тутилаётганини кўриш мумкаин. Яъни трансформациялашув уйғунлиги амалга оширилмоқда.

         Янги Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва маҳалла трансформациялашуви самарадорлигини оширишнинг аниқ механизми ҳам давлатимиз раҳбарининг мурожаатномасида ўз аксини топган. Мамлакатимизда давлат бошқарувини номарказлаштириш, ҳудудларни босқичма-босқич ривожлантиришга эътибор қаратилади: “... туман бюджети даромадларини камида  2 карра кўпайтиришга шароит яратиб бериш зарур.

Шу мақсадда, 2026 йил 1 январдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғидан тушумнинг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, қолган ҳудудларда 20 фоизи қолдирилиб, бу маблағнинг ярми туманлар бюджетига ўтказилади.

Бундан ташқари, даромадларнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисмининг 50 фоизи, экин ерларни ижарага бериш ва бозорлардан тушумлар ҳам тўлиқ туман бюджетига берилади”. Бунинг маъноси шуки, трансформациялашув жараёни юқоридан қўйи бўғинга қараб дастлаб ҳуқуқий, иқтисодий ва сиёсий аҳамият касб этиб боради. Давлат бюджети ҳисобидан туманларга берилаётган бундай ҳуқуқ – иқтисодий ресурс – сиёсий эркинликнинг таг замирида халқнинг муаммоларини бартараф этиш ва фаровонлигини ошириш мақсади турибди. Дарҳақиқат, давлат бошқарувида марказдан ҳудудларга эркинлик ҳамда имкониятнинг берилиши нафақат давлат органларига балки фуқаролик жамиятининг муҳим институти саналмиш “маҳалла”нинг трансформациялашувини ҳам тезлаштиради.

Фикримизни кенгроқ асослаш учун мурожаатномада белгиланган қуйидаги вазифага эътибор қаратишни лозим топдик: “Вилоят, туман ҳокимларига самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган штат бирликларини қисқартириб, тежалган маблағни аҳоли ўртага қўйган масалаларни ҳал қилиш учун ажратишга рухсат этилади. Бу орқали туманлар бюджетига  йилига 5 триллион сўмлик қўшимча манба шаклланади ва у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланади”. Ҳар бир соғлом фикрловчи инсон гап нима ҳақида кетаётганини яхши тушунади. Гап айнан,  давлат бошқаруви ва маҳалла трансформациялашуви ҳақида бормоқда. Инчунун, давлат органлари маҳалла ривожи ва халқ фаровонлиги йўлида ўз фаолиятини такомиллаштиришга масъул бўлмоқда.

Маҳалланинг трансформациялашуви фақат давлат органлари орқали билвосита амалга оширилар экан, деган бир томонлама янглиш фикрга келмаслик керак. Масаланинг бу томони ҳам Президентимизнинг мурожаатномасида мавжуд муаммони ҳал этишнинг аниқ ечими сифатида адолатли равишда белгилангани эътиборга молик иш бўлган: “Келгувси йилда илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўмни вилоятларнинг ўзига бераяпмиз. Энг муҳими, бу маблағларнинг ҳар бир сўми аҳолимиз учун қўшилган қиймат яратиши зарур. Шу боис бу пуллар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади.

Марҳамат, қайси маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири лойиҳа қилиб, уни асослаб берса, зарур маблағни олсин. Шунда адолатдан бўлади”. Мазкур ҳуқуқий механизм маълум вақт ўтгач реал аҳамият касб этиб, ўз самрасини бериши шубҳасиз. Чунки ушбу трансформациялашувдан давлат бошқаруви органлари – маҳалла институти – халқимиз бирдек манфаат кўради.

Хулоса

Давлат бошқаруви ва маҳалла трансформациялашувининг ўзаро уйғунлиги бевосита замон талаби – одамларнинг эҳтиёж ва манфаатларидан келиб чиқаётганлиги боис ҳам долзарб саналади. Шу нуқтаи назардан мазкур трансформациялашув жараёнида қуйидаги устувор йўналишларга эътибор қаратиш муҳим ҳисобланади.

Биринчидан, мамлакат равнақи ва халқ фаровонлиги айнан маҳалладан бошланади. Мазкур мантиқдан келиб чиқиб, маҳаллани одамларимизнинг турли йўналишлардаги муаммоларини ҳал этадиган тизимга айлантириш зарур бўлади.

Иккинчидан, маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш натижасида давлат бошқарувини кенг миқёсда трансформациялаш ҳамда маҳалланинг юрт равнақидаги ўрни ва ролини янада ошириш устувор вазифа сифатида қаралади.

Учинчидан, фуқароларнинг жамиятнинг устувор йўналишлари саналмиш иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва маданий доирадаги муаммоларини ҳал этиш масаласига комплекс ёндашувни жорий этишга эҳтиёж сезилмоқда.

Тўртинчидан, мазкур комплекс ёндашувни дастлаб танлаб олинган субъектларда экспремент тариқасида синовдан ўтказилиб амалга оширилиши ҳар томонлама ўзини оқлаши шубҳасиз саналади.

        Эшмуҳаммад Қодиров,

Тошкент давлат юридик университети
Конституциявий ҳуқуқ шўъбаси профессори,
юридик фанлар доктори

Улашиш:

Бошқалар

23-феврал 2026, 10:52
3 732

Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.


11-феврал 2026, 04:20
1 114

Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари

Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.


13-феврал 2026, 07:46
713

Қонунчиликда интизомий жазолар ҳақида нима дейилган?

Интизомий жазо – ходим меҳнат интизомини бузган тақдирда иш берувчи томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси.


11-феврал 2026, 06:51
619

Тунги вақтдаги ишнинг давомийлиги неча соат бўлиши керак?

Соат 22-00 дан то соат 6-00 гача бўлган вақт тунги вақт ҳисобланади.