Ҳуқуқ
13.02.2026
55

Интизомий жазо ўзи нима?
Интизомий жазо – ходим меҳнат интизомини бузган тақдирда иш берувчи томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси. Интизомий жазо чоралари ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган шахслар (органлар) томонидан қўлланилади.
Интизомий жазонинг қандай чоралари мавжуд?
Меҳнат интизомини бузганлиги учун иш берувчи ходимга қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:
1) ҳайфсан;
2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. Ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин. Ходимнинг иш ҳақидан жаримани ушлаб қолиш иш берувчи томонидан Меҳнат кодекснинг 269 ва 270-моддалари талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилади;
3) меҳнат шартномасини бекор қилиш.
Интизомий жазолар қай тартибда қўлланилади?
Иш берувчи ходимдан интизомий жазо чораси қўлланилгунига қадар, шу жумладан агар интизомий қилмиш хизмат текшируви натижаларига кўра аниқланган бўлса, ёзма тушунтиришни талаб қилиши шарт. Ходимнинг ёзма тушунтириш тақдим этишни рад этганлиги интизомий жазо чораси қўлланилиши учун монелик қилмайди ва ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади.
Қонунчиликка кўра, ҳар бир интизомий қилмиш учун фақат битта интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин. Интизомий жазо чорасини танлаш ҳуқуқи иш берувчига тегишлидир.
Жазо чорасини танлашда қуйидагиларга эътибор берилади:
▪️ қилмишнинг оғир-енгиллиги;
▪️ содир этилиши ҳолатлари;
▪️ ходимнинг аввалги иши ва хулқ-атворига.
Интизомий жазо иш берувчининг буйруғи орқали расмийлаштирилади. Ушбу буйруқ қабул қилинганидан сўнг, уч иш куни ичида (ходим ишда бўлмаган вақт ҳисобга олинмасдан) унга жазонинг сабаблари кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб эълон қилинади.
Ўзига нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш ҳақидаги буйруқ билан таништирилмаган ходим интизомий жазоси бўлмаган деб ҳисобланади.
Агар ходим буйруқ билан танишишни рад этса, бу ҳолат ҳам ҳозир бўлган гувоҳлар иштирокида далолатнома билан расмийлаштирилади.
Интизомий жазо қанча муддатга қўлланилади?
Меҳнат кодексининг 314-моддасига кўра, жазо қўллаш муддатлари қуйидагича:
Интизомий қилмиш аниқланганидан сўнг дарҳол, бироқ бир ойдан кечиктирмай жазо қўлланилиши керак, бунда ходим таътилда ёки вақтинча ишга лаёқатсиз бўлса, ушбу давр ҳисобга олинмайди.
Қилмиш содир этилган кундан эътиборан:
- 6 ойдан кечиктирмай;
- агар қилмиш тафтиш, молиявий-хўжалик ёки аудиторлик текшируви натижаларига кўра аниқланган бўлса, 2 йилдан кечиктирмай интизомий жазо қўлланилиши мумкин. Шунингдек, жиноят ишини юритиш даври ушбу муддатларга киритилмайди.
Ходим интизомий жазога тортилганда унга мукофот пули тўланмайдими?
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси 299-моддасининг бешинчи қисмига мувофиқ, интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди.
Яъни бунда ходимнинг меҳнатига боғлиқ бўлмаган тўловлар интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида берилмайди. Кўпинча “премия” яъни мукофот назарда тутилади.
Премиянинг берилиши учун иш берувчилар байрамлар арафасида ходимдаги интизомий жазони ечиб юбориш мумкин.
Меҳнат кодексининг 315-моддаси учинчи қисмига асосан, иш берувчи интизомий жазони ўз ташаббусига кўра, ходимнинг бевосита раҳбарининг, касаба уюшмаси қўмитасининг илтимосномасига, шунингдек ходимнинг илтимосига кўра, бир йил ўтгунига қадар муддатидан олдин олиб ташлаш ҳуқуқига эга. Интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
Лобар Розимова,
“Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Аҳолини рўйхатга олиш бошланди
Аҳолини рўйхатга олиш ўзи нима, унинг ҳуқуқий асоси борми?
Нега хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак?
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир.
Сунъий интеллект ёрдамида шахсга доир маълумотларни ўзгартириш жиноят ҳисобланадими?
"Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш киритилди.
Таълим ва ишни бараварига олиб бориш учун қандай шароитлар мавжуд?
Меҳнат кодексининг 383-моддаси ходимларнинг меҳнат фаолиятини таълим билан биргаликда олиб бориш ҳуқуқини мустаҳкамлайди ҳамда иш берувчиларнинг ушбу жараёнда мажбуриятларини белгилайди.