Ҳуқуқ
16.04.2026
214

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда товарлар айланмасини шаффофлаштириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда “яширин иқтисодиёти”ни қисқартириш мақсадида мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Айниқса, кундалик истеъмол товарлари қаторига кирувчи ичимлик сувини маркировкалаш масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур йўналишда Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари қабул қилиниб, ҳуқуқий ва ташкилий асослар шакллантирилди.
Ичимлик сувини маркировкалаш тартиби
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрда “Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилиши белгиланди. Ушбу қарор асосида ичимлик суви ҳам маркировкаланиши лозим бўлган товарлар рўйхатига киритилди.
2022 йил 1 ноябрдаги «Алкогольсиз ичимлик суви тизимини жорий этиш тўғрисида»ги ВМҚ-631-сон қарори билан эса ичимлик сувини маркировкалаш тизими амалиётга татбиқ этилди. Унга кўра:
— ҳар бир маҳсулот бир марталик ноёб идентификация коди (Data Matrix) билан белгиланади;
— ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар махсус ахборот тизимида рўйхатдан ўтади;
— маркировка кодлари маҳсулот қадоғига жойлаштирилади ва товар ҳаракати электрон тарзда кузатилади.
2024 йил 3 августдаги "Мажбурий рақамли маркировкалаш лозим бўлган товарларнинг чакана савдосини тартибга солиш тўғрисида"ги ВМҚ-478-сонли қарор эса чакана савдо соҳасида ушбу тизимни янада тартибга солди. Жумладан:
— маркировкасиз ичимлик сувини сотиш тақиқланди;
— ҳар бир сотув жараёнида код сканер қилиниши шартлиги белгиланди;
— маҳсулот айланмаси тўлиқ рақамли ҳисобга олиниши йўлга қўйилди.
Масъул субъектлар
Ичимлик сувини маркировкалаш тизимида бир нечта субъектлар иштирок этади ва уларнинг ҳар бирига муайян мажбуриятлар юклатилган.
Биринчидан, ишлаб чиқарувчилар ва импортчилар маҳсулотни маркировкалаш, кодларни олиш ва тўғри қўллаш, шунингдек ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритиш учун жавобгар ҳисобланади.
Иккинчидан, улгуржи савдо иштирокчилари товар ҳаракатини тизимда акс эттириши, маҳсулотни қонуний айланмада сақлаши ва маркировка кодларининг сақланишини таъминлаши лозим.
Учинчидан, чакана савдо субъектлари фақат маркировкаланган маҳсулотларни қабул қилиши ва сотишда кодларни сканер қилиш орқали тизимга маълумот узатиши шарт.
Шунингдек, солиқ органлари ва бошқа ваколатли идоралар мазкур жараён устидан назоратни амалга оширади.
Жавобгарлик масалалари
Маркировкалаш талабларига риоя этмаслик қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, қуйидаги ҳолатлар ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади:
— маркировкасиз маҳсулот ишлаб чиқариш ёки сотиш;
— сохта маркировка кодларидан фойдаланиш;
— маҳсулотни сканер қилмасдан реализация қилиш;
— ахборот тизимига нотўғри маълумот киритиш.
Бундай ҳолларда:
— маъмурий жарималар қўлланилиши;
— товар мусодара қилиниши;
— айрим ҳолатларда солиқ ҳисоб-китоблари қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Агар қонунбузарлик йирик миқдорда ёки қасддан содир этилган бўлса, жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Хулоса
Ичимлик сувини мажбурий рақамли маркировкалаш тизими бозорда шаффофликни таъминлаш, сифатсиз ва қалбаки маҳсулотларнинг олдини олиш ҳамда истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Ушбу тизим самарали ишлаши учун барча иштирокчилар – ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ва назорат органлари – ўз мажбуриятларини қатъий бажариши зарур. Акс ҳолда, қонунчиликда назарда тутилган жавобгарлик чоралари қўлланилиши муқаррар.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш кафолатлари
Бу жараёнда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва амалдаги қонунлар талабларига қатъий риоя этилиши лозим.
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Ижарачилик сарсонгарчиликми ёки қулайлик?!
Ижарачиларнинг ҳам елкасига шамол тегадиган бўлибди, деб қўйдим.