Тармоқда нима гап?
02.01.2026
428

Бошқа давлатларда бўлгани каби, Ўзбекистон аҳолисининг катта қисми ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланади. Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизда энг оммабоп платформа – Инстаграм бўлиб, унинг фойдаланувчилари сони 4,8 миллиондан ошган. 2023 йил январь ҳолатига Ўзбекистонда интернет фойдаланувчилари сони қарийб 27 миллионга етган. Шулардан 5 миллиондан ортиғи ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланади.
Бу рақамлар шунчаки технологик тараққиётни эмас, балки ёшлар дунёқараши, руҳий ҳолати ва ижтимоий хулқ-атворида юз бераётган чуқур ўзгаришларни ҳам акс эттиради. Савол туғилади: Инстаграм ва ундаги трендлар ўзбек ёшлари ҳаётига қандай таъсир қилмоқда? Ушбу таъсир қанчалик хавфли? Ушбу мақолада Инстаграм трендларининг ўзбек ёшларига кўрсатаётган салбий таъсири маҳаллий ижтимоий контекст асосида атрофлича таҳлил қилинади.
Мукаммаллик босими ва руҳий инқироз
БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ўтказаётган тадқиқотлар сўнгги ўн йил ичида ёшлар, айниқса, қизлар орасида руҳий тушькунлик ва ҳаётдан қониқишнинг пасайганини кўрсатмоқда. Олимлар бу ҳолатни смартфонлар ва ижтимоий тармоқларнинг ҳаддан ташқари фаол қўлланилиши билан боғлайди. Инстаграм фойдаланувчини доимий равишда бошқаларнинг “энг яхши ҳаёти” билан юзлаштиради: идеал қомат, ҳашаматли саёҳатлар, тез бойиш, эрта муваффақият. Натижада ёшлар ўз ҳаётини сунъий стандартлар билан солиштира бошлайди. “Агар муваффақиятга эришмаган бўлсанг, демак етарлича ҳаракат қилмагансан” мазмунидаги мотивацион иборалар эса ички айб ҳисси ва ташвишни кучайтиради.
Айниқса, “мукаммал гўзаллик” ҳақидаги сохта тасаввурлар ўзбек қизлари орасида тобора кучайиб бормоқда. Инстаграмда кенг тарқалган фильтрланган суратлар, сунъий равишда ўзгартирилган қомат ва юз чизгилари реал ҳаётдан узилган, етиб бўлмас гўзаллик стандартларини яратмоқда. Натижада кўплаб ёшлар ўзининг табиий қиёфасини камчилик сифатида қабул қила бошлайди, ўзига бўлган ишончини йўқотади. Бу жараён аста-секин ўзини ўзи паст баҳолаш, доимий ички безовталик, жамиятдан чекиниш ва айрим ҳолларда депрессив ҳолатларнинг шаклланишига олиб келмоқда.
Тезкор контент ва йўқолаётган диққат
Инстаграм Рилс ва ТикТокдаги қисқа видеолар ёшлар диққатини бўлиб юбориб, чуқур фикрлаш, таҳлил қилиш ва узоқ муддатли ўрганиш қобилиятини сезиларли даражада пасайтирмоқда. Тадқиқотларга кўра, ўсмирларнинг 67 фоизи камида бир марта зарарли ёки хавфли онлайн “челленж”ларга дуч келган, бу эса тезкор контентнинг нафақат ақлий, балки жисмоний хавфларини ҳам кўрсатади. Ўзбекистон ёшлари ҳам бу жараёндан мустасно эмас.
Авваллари “одамлар китоб ўқимай қўйди” деган хавотирли фикр янграрди, бугун эса бу ибора “одамлар кино ҳам кўрмай қўйди” деган даражага етди. Сабаби, қисқа видеолар мия фаолиятини доимий тезкор рағбатга ўргатиб, сабр-тоқатни камайтирмоқда. Натижада ёшлар нафақат китоб, балки бир соатлик фильм ёки маърузани ҳам охиригача томоша қилишга қийналмоқда. Бу эса диққатни жамлаш қобилиятининг издан чиқиши ва юзаки тафаккурнинг кучайишига олиб келмоқда.
Оила ва миллий қадриятлар заифлашуви
Ижтимоий тармоқларнинг энг хавотирли оқибатларидан бири – оилавий мулоқотнинг кескин сусайиб боришидир. Бугун кўплаб ўзбек оилаларида фарзандлар нафақат бўш вақтида, балки овқатланиш пайтида ҳам телефондан кўз узмайди, стол атрофидаги суҳбатлар эса тобора қисқариб, ачинарлиси, айрим оилаларда умуман йўқолиб бормоқда. Анъанавий оилавий яқинлик, самимий суҳбат ва бир-бирини тинглаш маданияти аста-секин экранлар ортида кўчирилди. Натижада бир том остида яшаётган одамлар бир-бирига жисмонан яқин, аммо руҳий жиҳатдан тобора узоқлашиб бормоқда.
Нима қилиш керак?
Инстаграм ва бошқа ижтимоий тармоқларни тўлиқ тақиқлаш на реал, на самарали ечимдир. Муаммо платформаларнинг ўзида эмас, балки улардан қандай ва қай даражада фойдаланилаётганидадир. Шунинг учун ечимлар тизимли ва кўп босқичли бўлиши зарур. Аввало, оила даражасида масъулият кучайтирилиши керак. Экран вақтини меъёрлаш, овқатланиш пайтида телефонлардан воз кечиш, фарзандлар билан очиқ ва ишончли мулоқотни тиклаш. Бу усул оддий кўринган, аммо энг самарали чоралар ҳисобланади.
Иккинчидан, таълим тизими рақамли саводхонликни фақат техник билимлар билан чеклаб қўймаслиги лозим. Мактаб ва олий таълим муассасаларида “рақамли гигиена”, кибербуллингдан ҳимояланиш ҳамда ижтимоий тармоқларнинг руҳий ҳолатга таъсири ҳақида мунтазам тушунтиришлар берилиши зарур.
Учинчидан, миллий қадриятларга мос, хавфсиз ва ишончли платформаларни ривожлантириш, инфлуэнсерлар фаолиятига ижтимоий масъулият юклаш ҳамда ёшлар учун бепул онлайн психологик ёрдам хизматларини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, ижтимоий тармоқлар – бу реаллик эмас, балки энг ёрқин лаҳзалардан тузилган иллюзия. Уни ҳаёт мезонига айлантириш ёшлар руҳий саломатлиги учун хавфлидир. Мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади. Бу ёшларнинг руҳий барқарорлиги ва миллий ўзлигини сақлаб қолиш жамиятнинг умумий масъулиятидир. Ижтимоий тармоқлардан онгли фойдаланиш маданиятини шакллантира олсак, Инстаграм хавф эмас, балки фойдали воситага айланиши мумкин.
Жасур ТОЖИБОЕВ,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат
Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.
Меҳнат кодексида таътилга оид нормаларнинг мазмуни: 5 муҳим саволга жавоб
Ҳар йилги меҳнат таътили иш ўрни ва иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда берилади.
Кредит тўлови муддатини кечиктириш ёки узайтириш имкониятлари
Кредит шартномаси амал қилиш даврида тўловлар биринчи маротаба кечиктирилган ёки узайтирилган тақдирда, муайян ҳолатлар мавжуд бўлса, кредит таснифи ўзгартирилмайди ва у шартлари қайта кўриб чиқилган актив сифатида баҳоланмайди.