Ҳуқуқ
12.11.2026
32

Суриштирув, дастлабки тергов ва суд жараёнларида иш бўйича ҳақиқатни аниқлашда гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар ҳамда таржимонларнинг иштироки муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг била туриб ёлғон маълумот бериши одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказиши мумкин. Шу сабабли қонунчиликда ёлғон гувоҳлик берганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 238-моддасига кўра, суриштирув олиб бориш, дастлабки тергов чоғида ёки судда гувоҳнинг ёки жабрланувчининг била туриб ёлғон кўрсатув бериши, экспертнинг била туриб ёлғон хулоса бериши, шунингдек, таржимоннинг бир тилдан иккинчи тилга била туриб нотўғри таржима қилиши жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мазкур жиноятни содир этган шахсга қуйидаги жазолардан бири тайинланиши мумкин:
— 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари;
— 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш;
— 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Шунингдек, суриштирув, дастлабки тергов ёки ишни судда кўриш чоғида гувоҳ ёки жабрланувчини ёлғон кўрсатув беришга, экспертни ёлғон хулоса беришга ёхуд таржимонни нотўғри таржима қилишга пора эвазига оғдириб олиш ҳам жиноят ҳисобланади.
Уларга ёки уларнинг яқин қариндошларига руҳий, психологик, жисмоний ёхуд бошқача тарзда таъсир кўрсатиш орқали ёлғон кўрсатув беришга мажбур қилиш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Бундай қилмишлар учун 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Агар юқорида назарда тутилган ҳаракатлар:
— уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб;
— оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб содир этилган бўлса, —
5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Хулоса қилиб айтганда, суриштирув, тергов ва суд жараёнларида била туриб ёлғон кўрсатма бериш, ёлғон хулоса тақдим этиш ёки нотўғри таржима қилиш, шунингдек, бошқа шахсларни бундай ҳаракатларга ундаш ёки мажбурлаш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Зиёвуддин Намозов,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Такси нархлари ошгани юзасидан ўрганишлар бошланди
Рақобат қўмитаси такси агрегаторларининг истеъмолчилар ва ҳайдовчиларга кўрсатаётган хизматлари юзасидан ўрганиш бошлади.
Моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган? Муҳим 5 та факт
Суд қарорини бажармаслик жавобгарликка сабаб бўлади.
Мол-мулкка қанча вақт эгалик қилиш мулк ҳуқуқини вужудга келтиради?
Фуқаролик кодексининг 187-моддасида мол-мулкка эгалик қилиш муддати орқали мулк ҳуқуқини олиш тартиби белгиланган.
25 та сув омбори туризм масканларига айланиши мумкин
Ҳозирда 56 та сув омборининг бор-йўғи 4 тасида қутқарув хизмати мавжуд.