Ҳуқуқ
25.05.2026
48

Меҳнат фаолиятини бажариш жараёнида ходимнинг соғлиғига зарар етиши ёки касб касаллигига чалиниши нафақат унинг иш қобилиятига, балки кундалик ҳаётига ҳам жиддий таъсир қилади. Шу сабабли қонунчилик ходимни моддий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун алоҳида кафолатларни белгилаган.
Меҳнат кодексининг 325-моддасига кўра, иш берувчи жабрланувчига фақат йўқотилган иш ҳақи ёки ойлик компенсацияни тўлаш билан чекланмайди, балки соғлиқни тиклаш билан боғлиқ қўшимча харажатларни ҳам қоплаши шарт.
Мазкур нормага асосан, агар ходим меҳнатда майиб бўлса ёки касб касаллигига учраса, иш берувчи унинг даволаниш харажатларини қоплаши лозим. Бунга шифохона ва даволаниш билан боғлиқ харажатлар, протезлаш, қўшимча овқатланиш, дори воситаларини харид қилиш, санаторий-курортда даволаниш ҳамда бошқа зарур ёрдам турлари киради. Айрим ҳолларда жабрланувчининг даволаниш жойига бориб-келиш харажатлари, зарурат туғилганда эса унга ҳамроҳлик қилувчи шахснинг йўлкира харажатлари ҳам иш берувчи томонидан қопланади.
Бундан ташқари, ўзгалар парвариши ёки махсус транспорт воситаларига эҳтиёж туғилса, ушбу харажатлар ҳам компенсация қилиниши мумкин.
Бироқ бундай харажатларни ундириш учун муайян асослар мавжуд бўлиши керак. Хусусан, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси жабрланувчининг айнан шу турдаги ёрдамга муҳтож эканини тасдиқлаши лозим.
Шу билан бирга, агар ходим ушбу ёрдамларни давлат ёки бошқа ташкилотлардан бепул олиш ҳуқуқига эга бўлмаса, харажатларни иш берувчи қоплаши шарт ҳисобланади.
Қонунчилик дори воситаларига сарфланган маблағларни ундириш тартибини ҳам аниқ белгилаган.
Ходим ёки жабрланувчи даволовчи шифокор томонидан ёзилган рецепт ҳамда сотиб олинган дорилар акс этган тўлов чекини тақдим этса, иш берувчи ушбу харажатларни қоплаб бериши керак бўлади. Шу сабабли, даволаниш билан боғлиқ барча ҳужжат ва чеклар сақлаб борилиши муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур модда ходимнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида адвокат харажатларини ҳам назарда тутган. Агар жабрланувчи билан иш берувчи ўртасида зарар масаласида низо келиб чиқса ва ушбу низо ходим фойдасига ҳал этилса, адвокатга тўланган ҳақ ҳам иш берувчи томонидан қопланиши мумкин.
Шунингдек, қонунда I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан алоҳида енгиллик белгиланган. Улар учун уй шароитида парвариш зарурлиги ҳақида тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг алоҳида хулосаси талаб қилинмайди. Фақат махсус тиббий ёрдам талаб этиладиган ҳолатлар бундан мустасно ҳисобланади.
Эътиборли жиҳати шундаки, жабрланувчи бир вақтнинг ўзида бир нечта ёрдам турига муҳтож бўлса, ҳар бир ёрдам тури билан боғлиқ харажатлар алоҳида тарзда қопланади. Яъни ходим фақат битта ёрдам тури учун эмас, балки соғлиғини тиклаш учун зарур бўлган барча харажатларни ундириш ҳуқуқига эга.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.
Янги таҳрирдаги “Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисида”ги Қонун бўйича 10 та саволга 10 жавоб
Қонун жами 71 та моддадан иборат бўлиб, расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Қасддан одам ўлдириш жиноятининг назарий-ҳуқуқий асослари ва замонавий кўринишлари
Инсон ҳаёти ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг энг олий қадрият ҳисобланади.