Ҳуқуқ
22.04.2026
59

Меҳнат муносабатларини қонуний тарзда расмийлаштириш — иш берувчининг асосий мажбуриятларидан бири ҳисобланади. Амалда эса айрим ҳолларда ходимлар билан меҳнат шартномаси тузмасдан ишга жалб қилиш ҳолатлари учраб туради. Бу эса нафақат ходим ҳуқуқларининг бузилишига, балки иш берувчи учун ҳам ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлади.
Расмийлаштирмаслик нима дегани?
Ишчини расмийлаштирмаслик деганда, ходимни ишга қабул қилишда у билан ёзма меҳнат шартномаси тузмаслик, уни давлат органларида рўйхатдан ўтказмаслик ва иш ҳақини “яширин” тарзда тўлаш тушунилади. Бундай ҳолатда ходим ижтимоий кафолатлардан — меҳнат стажи, таътил, пенсия, тиббий суғурта каби ҳуқуқлардан маҳрум бўлади.
Қонунчиликдаги асослар
Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига кўра, ҳар бир ходим билан ишга қабул қилишда албатта ёзма меҳнат шартномаси тузилиши шарт. Шунингдек, иш берувчи ходимни тегишли тартибда ҳисобга қўйиши ва қонунчиликда белгиланган тўловларни амалга ошириши лозим.
Жавобгарлик турлари
Ишчиларни расмийлаштирмаслик учун қонунчиликда бир қатор жавобгарлик чоралари белгиланган:
1. Маъмурий жавобгарлик
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 175-5-моддасига мувофиқ (ходимлар сонини яшириш), меҳнат қонунчилигини бузган иш берувчиларга БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима қўлланилади. Бу жарималар, одатда, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) асосида белгиланади ва қоидабузарлик оғирлигига қараб оширилиши мумкин. Хусусан, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, —БҲМнинг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
2. Молиявий жавобгарлик
Иш берувчи расмийлаштирилмаган ходим учун солиқлар ва мажбурий тўловларни тўламаган бўлса, уларни қўшимча равишда пеня ва жарималар билан бирга тўлашга мажбур бўлади.
3. Жиноий жавобгарлик
Агар қонунбузарлик катта миқдорда зарар келтирса ёки тизимли равишда содир этилса, иш берувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси асосида жиноий иш қўзғатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда катта жарима, маълум ҳуқуқлардан маҳрум қилиш ёки бошқа жазо чоралари қўлланилиши эҳтимолдан холи эмас.
Ишчиларни расмийлаштирмаслик қисқа муддатда фойда келтиргандек туюлиши мумкин, аммо узоқ муддатда бу катта ҳуқуқий ва молиявий муаммоларга олиб келади. Шунинг учун ҳар бир иш берувчи қонун талабларига амал қилиб, меҳнат муносабатларини расмий тарзда йўлга қўйиши мақсадга мувофиқдир.
Феруз Жўраев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.
Радарга тушиб қоидабузарлик содир этсам, менга жарима балл ҳисобланадими?
Жарима баллари эндиликда нафақат транспорт воситаси эгасига, балки автомобилни ҳақиқатан бошқариб турган шахсга ҳам ёзилади.