currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларҚайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?

Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?

Ҳуқуқ

calendar

06.08.2026

eye

53

Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?

Меҳнат муносабатларида ходимнинг иш жойида бўлмаган ҳар бир даври иш ҳақи тўланмайдиган вақт ҳисобланмайди. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 374-моддасига мувофиқ айрим ҳолларда ходим ишламаган бўлса-да, унга қонунчилик асосида иш ҳақи ёки бошқа турдаги тўловлар сақлаб қолинади. Мазкур тартиб ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий кафолатларни таъминлаш ҳамда меҳнат муносабатларида адолат тамойилини қарор топтиришга хизмат қилади.

Қандай ҳолатларда ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?

Ишланмаган вақт учун ҳақ тўланадиган ҳолатларнинг энг муҳимларидан бири — ходимнинг таътил давридир. Қонунчиликка мувофиқ йиллик асосий ва узайтирилган асосий меҳнат таътили учун ҳақ тўланади. Агар ходим таътилдан фойдаланмаган бўлса ёки меҳнат шартномаси бекор қилинганда фойдаланилмаган таътил кунлари қолган бўлса, унга пуллик компенсация берилади. Бундан ташқари, ноқулай меҳнат шароитлари, оғир табиий-иқлим шароитлари, ўқиш билан боғлиқ таътиллар, ижодий таътиллар ҳамда кўп болали ёки ногиронлиги бўлган фарзандни тарбиялаётган аёлларга бериладиган қўшимча таътиллар ҳам ҳақ тўланадиган даврлар ҳисобланади.

Қонунчилик айрим ижтимоий вазифаларни бажарувчи ходимларга ҳам кафолатлар яратади. Жумладан, донор ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, қон топшириши ва ундан кейинги дам олиш куни учун ҳақ тўланади. Шунингдек, давлат ёки жамоат вазифаларини бажариш даврида, қишлоқ хўжалиги ёки бошқа ишларга вақтинча жалб этилган ходимларнинг асосий иш жойидаги иш ҳақи сақлаб қолинади.

Малака ошириш курсларида ўқиш учун ҳақ тўлаш

Ходимларни касбий ривожлантириш ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Шу сабабли қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ишдан ажралган ҳолда ўқиш даврида, шунингдек ишлаб чиқариш амалиётига раҳбарлик қилаётган юқори малакали мутахассисларнинг меҳнати учун ҳам тегишли тўловлар амалга оширилади.

Бекор туриб қолиш ҳолатларига ҳақ тўлаш 

Бундан ташқари, ходимнинг айбисиз юзага келган бекор туриб қолиш ҳолатлари, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврида қонунчиликда назарда тутилган қўшимча тўловлар, мажбурий прогул вақти ёки кам ҳақ тўланадиган ишни бажаришга мажбур бўлган давр учун ҳам қонунчилик асосида ҳақ тўланади.

Вояга етмаганларга ҳақ тўланадиган давр қайси?

Шунингдек, вояга етмаган ходимларнинг имтиёзли иш соатлари, оналарга болани овқатлантириш учун берилган танаффуслар ҳамда тиббий кўрикдан ўтиш билан боғлиқ вақтлар ҳам ишланмаган бўлса-да, ҳақ тўланадиган даврлар сирасига киради. Айрим ҳолларда иш берувчи ўз маблағлари ҳисобидан пенсия, нафақа ёки стипендияларга қўшимча тўловлар белгилаши ҳам мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ишланмаган вақт учун ҳақ тўлаш институти ходимларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини кафолатлашнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Ушбу нормалар ходимнинг таътилга чиқиши, соғлиғи, малакасини ошириши ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа вазифаларни бажариши сабабли даромадсиз қолишининг олдини олади ҳамда меҳнат муносабатларида ижтимоий ҳимоя тамойилларини мустаҳкамлайди.

Зиёвуддин Намозов

Улашиш: