currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларХалқ билан очиқ мулоқот — инсон манфаатларига хизмат қилувчи давлат бошқарувининг муҳим мезони

Халқ билан очиқ мулоқот — инсон манфаатларига хизмат қилувчи давлат бошқарувининг муҳим мезони

Ўзбекистон

calendar

31.07.2026

eye

48

Халқ билан очиқ мулоқот — инсон манфаатларига хизмат қилувчи давлат бошқарувининг муҳим мезони

Бугунги кунда давлат бошқарувида асосий эътибор инсон қадри, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, аҳоли билан самарали мулоқот ўрнатишга қаратилмоқда. “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Давлат идоралари фаолиятининг мазмун-моҳияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар, давлат органлари ҳамда мансабдор шахслар фаолиятининг мазмунини белгилаши қайд этилган.

Шунингдек, Конституциянинг 40-моддасига кўра, ҳар ким давлат органлари ва ташкилотларига ариза, таклиф ҳамда шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Мазкур мурожаатлар қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

Мурожаатлар — халқ дардини эшитиш ва муаммоларни ҳал этиш воситаси

Фуқаролар мурожаатлари давлат ва жамият ўртасидаги энг муҳим мулоқот воситаларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила манфаатлари ва муайян ижтимоий муаммо мужассам.

Шу боис давлат органларининг мурожаатлар билан ишлаш тизими аҳоли ва давлат ўртасида ишончли кўприк вазифасини бажаради. Мазкур тизимда тезкорлик, адолат ва натижадорлик асосий мезон бўлиб хизмат қилади.

Давлат раҳбарининг таъбири билан айтганда, “Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак” деган ёндашув барча даражадаги раҳбарлар фаолиятининг бош қоидаларидан бирига айланмоқда.

Aҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янги тизими

Сўнгги йилларда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, давлат органларини халққа янада яқинлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ёндашув асосида вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳудудларга чиқиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиши, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиши муҳим вазифага айланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил
16 февралдаги ПФ-21-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида ҳам халқ билан мулоқотни янада кенгайтириш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизимини такомиллаштириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 апрелдаги “Aҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-51-сон Фармонига асосан ендиликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимлари тегишли Халқ қабулхонасига жамоатчилик асосида раҳбарлик қилади ҳамда мунтазам равишда Халқ қабулхонасида фуқароларни шахсан қабул қилади ва муаммоларини жойида ҳал қилиш чораларини кўради, мурожаатлар таҳлилини олиб боради, шунингдек вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида қилинадиган тақдимотларда аҳоли мурожаатларидаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан режалари ҳақида алоҳида ҳисобот берилади.

Aдлия вазирлигида мурожаатлар билан ишлаш: очиқлик ва самарадорлик

Таъкидлаш лозимки, Aдлия вазирлигида фуқаролар билан бевосита мулоқотни таъминлаш мақсадида қатор қулай механизмлар йўлга қўйилган.

Хусусан, фуқаролар 1008 ва 1148 қисқа ишонч телефонлари, электрон почта орқали, шунингдек, вазирлик биносига келиб бевосита мурожаат қилиш имкониятига эга.

Ҳар ҳафтанинг жума куни Aдлия вазири фуқароларни шахсан қабул қилади. Шунингдек, вазир ўринбосарлари томонидан ҳам белгиланган кунларда шахсий қабуллар ташкил этилади.

Мурожаатларни қабул қилиш жараёнида инклюзивлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус йўлаклар ва зарур шароитлар яратилган.

Шунингдек, аҳоли билан мулоқотни яна жонлантириш, уларни қийнаётган муаммоли масалаларга реал вақт режимида ёрдам бериш мақсадида Aдлия вазирлиги веб-сайтида онлайн-чат функцияси жорий қилинган бўлиб, ушбу функция орқали бугунги кунга қадар жами икки мингга яқин саволларга жавоблар берилди.

2026 йил I ярим йиллиги якунлари: рақамларда натижалар

2026 йилнинг I ярим йиллигида жами 61 014 та мурожаат келиб тушган.

Шундан:

Президент Виртуал қабулхонаси орқали — 13 746 та;

оғзаки мурожаатлар — 23 643 та;

ёзма мурожаатлар — 17 163 та;

электрон мурожаатлар — 2 402 та;

расмий веб-сайт орқали — 4 060 та.

Aдлия вазирлиги раҳбариятининг шахсий ва сайёр қабуллари давомида 263 нафар фуқаро қабул қилинган. Жумладан, Aдлия вазири томонидан — 138 нафар, вазир ўринбосарлари томонидан — 361 нафар фуқаронинг мурожаати кўриб чиқилган.

Келиб тушган мурожаатларнинг:

32 150 таси қаноатлантирилган;

19 587 таси бўйича тушунтириш берилган;

8 914 таси тегишлилиги бўйича юборилган;

550 таси кўрмасдан қолдирилган.

Aдлия вазирлигининг “1008” ва “1148” ишонч телефонлари орқали жами 98 029 та қўнғироқ қабул қилинган.

Шундан:

“1008” орқали — 41 752 та;

“1148” орқали — 56 277 та мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларни ўрганиш натижасида қонунийликни таъминлаш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида 7 250 та таъсир чораси қўлланилган.

Жумладан:

даъво аризалари — 2 190 та;

тақдимномалар — 4 250 та;

маъмурий таклифлар — 665 та;

Бошқа турдаги таъсир чораси — 148 та.

Кўрилган чоралар натижасида:

404 нафар шахсга интизомий чора;

598 нафар шахсга маъмурий чора қўлланилган;

9 нафар шахс билан меҳнат шартномаси бекор қилинган;

2 141 та ҳужжат бекор қилинган.

Шунингдек, жами 97,5 миллиард сўм маблағ ундирилган.

Очиқ мулоқот — ишонч ва масъулият асоси

Давлат органларининг халқ билан доимий мулоқоти жамиятда ишонч муҳитини мустаҳкамлайди. Мурожаатлар билан самарали ишлаш орқали нафақат алоҳида муаммолар ҳал этилади, балки тизимдаги камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш имконияти яратилади.

Давлатнинг ҳақиқий самарадорлиги — унинг халққа қанчалик яқинлиги ва ҳар бир фуқаронинг муаммосига қанчалик тезкор ечим топа олиши билан белгиланади.

Aдлия вазирлиги
Aхборот хизмати

Улашиш: