currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларХодим ариза ёзган куни ишдан бўшаши мумкинми?

Ходим ариза ёзган куни ишдан бўшаши мумкинми?

Life Style

calendar

23.02.2026

eye

93

Ходим ариза ёзган куни ишдан бўшаши мумкинми?

Ходимнинг ўз ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиши меҳнат муносабатларида энг кўп учрайдиган асослардан бири ҳисобланади. Амалиётда эса кўп ҳолларда “ариза берилган куннинг ўзида ишдан бўшатиш мумкинми?” деган савол туғилади. Бу масалада қонун нормаларини тўғри талқин қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 160-моддасига кўра, ходим меҳнат шартномасини ўз ташаббуси билан бекор қилиш учун иш берувчини камида 14 календарь кун олдин ёзма равишда огоҳлантириши шарт.

Бу норма меҳнат муносабатларида барқарорликни таъминлашга қаратилган. Яъни иш берувчи ходим ўрнига бошқа мутахассис топиши, иш жараёнини қайта ташкил этиши учун вақт берилади.

Муддат қандай ҳисобланади?

160-модданинг 3-қисмига мувофиқ, огоҳлантириш муддати ариза олинган кундан кейинги кундан бошланади.

Масалан: Агар ходим 10 июль куни ариза берса, 14 кунлик муддат 11 июлдан ҳисобланади ва 24 июль куни тугайди. Шундан кейин меҳнат шартномаси бекор қилиниши мумкин. Демак, умумий қоидага кўра, 10 июль куни ариза берилган бўлса, ходим шу куни ишдан бўшай олмайди.

Шунингдек, 160-модданинг 4-қисмида икки томон келишган ҳолда меҳнат шартномаси огоҳлантириш муддати тугагунига қадар бекор қилиниши мумкинлиги назарда тутилган. Бир қарашда бу норма ходимни ариза берилган куниёқ ишдан бўшатиш имконини берадигандек туюлиши мумкин. Лекин бу ерда муҳим жиҳат бор. Огоҳлантириш муддати 160-модда 3-қисмига кўра ариза олинган кундан кейинги кундан бошланади. Демак, ҳуқуқий жиҳатдан “огоҳлантириш муддати” деган тушунча ариза берилган куни ҳали бошланмаган бўлади. Шу сабабли, 10 июль куни ариза берилган бўлса, 160-модда 4-қисми асосида муддатдан олдин бекор қилиш имконияти 11 июлдан бошлаб амалга оширилиши мумкин.

Қонунчиликда умумий қоидадан мустасно бўлган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Хусусан, 160-модда 8-қисмига мувофиқ, агар ходимнинг ишдан кетиш сабаби узрли ҳолатлар билан боғлиқ бўлса, меҳнат шартномаси ариза берилган куниёқ бекор қилиниши мумкин.

Бундай ҳолатларга, одатда, қуйидагилар киради:

— соғлиқ ҳолати;

— бошқа жойга кўчиш;

— бошқа ишга ўтиш;

— таълим олиш;

— қонунчиликда белгиланган бошқа асосли сабаблар.

Бу ҳолатларда ходим 14 кунлик муддатни кутиши шарт эмас. Лекин сабаб ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Шунингдек, 157-моддага кўра, меҳнат шартномаси икки томон келишуви асосида бекор қилиниши мумкин. Бу ҳолат 160-моддадан мутлақо мустақил ҳуқуқий асос ҳисобланади. Яъни бунда “огоҳлантириш муддати” қўлланилмайди. Агар иш берувчи ва ходим ўзаро келишиб, махсус келишув ҳужжатини имзоласа, меҳнат шартномаси исталган кунда, жумладан ариза берилган куни ҳам бекор қилиниши мумкин.
Муҳим жиҳат: бу ерда оддий ариза эмас, балки икки томон имзолаган алоҳида келишув мавжуд бўлиши шарт.

Улашиш: