Ҳуқуқ
27.07.2026
72

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали фото ва видеоларни тезкор тарзда тарқатиш оддий ҳолга айланган. Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари иштирокидаги хизмат жараёнлари акс этган тасвирлар ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бироқ бундай материалларни интернет тармоқларида эълон қилишда қонун талабларига риоя этиш муҳим аҳамиятга эга.
Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг хизмат фаолиятини фото ёки видеога олишнинг ўзи қонунга зид эмас. Лекин ушбу материалларни атайлаб қайта ишлаш, монтаж қилиш, воқеалар мазмунини бузиб кўрсатиш ёки ходимнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказадиган тарзда интернет тармоқларида тарқатиш ҳуқуқбузарлик сифатида баҳоланади.
Бундай ҳаракатлар жамоатчиликни чалғитиш, воқеанинг ҳақиқий мазмунини бузиш, давлат органларига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқариши ҳамда муайян шахснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига зарар етказиши мумкин. Шу сабабли қонун бундай ҳолатлар учун алоҳида жавобгарлик белгилаган.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195²-моддасига мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг хизмат фаолиятига оид фото ёки видеоматериалларни унинг обрўсига путур етказиш мақсадида қайта ишлаб, монтаж қилиб ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган тарзда интернет тармоқларида тарқатган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади.
Ушбу ҳуқуқбузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 50 бараваригача жарима ёки 10 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.
Шунинг учун ҳар бир фуқаро ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатишда масъулият билан ёндашиши, фото ва видеоларни таҳрирлаш ёки монтаж қилиш орқали воқеаларни бузиб кўрсатмаслиги лозим. Танқид қилиш ва фикр билдириш қонуний ҳуқуқ ҳисобланади, аммо бу ҳуқуқ бошқа шахснинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўсига қасддан путур етказишга хизмат қилмаслиги керак.
Эсда тутинг: хизмат жараёнини фото ёки видеога олиш мумкин, аммо уни қасддан нотўғри талқин қилиш, монтаж қилиш ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини обрўсизлантириш мақсадида тарқатиш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Феруз Жўраев
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.