currencies image

11 806,97 UZS

18,43

usd

currencies image

13 430,43 UZS

52,89

eur

currencies image

139,86 UZS

0,48

ru



АсосийЯнгиликларХУЖМШга ҳар ой тўлов қиламан, аммо... мулкдор нималарни талаб қилишга ҳақли?

ХУЖМШга ҳар ой тўлов қиламан, аммо... мулкдор нималарни талаб қилишга ҳақли?

Ҳуқуқ

calendar

21.11.2026

eye

56

ХУЖМШга ҳар ой тўлов қиламан, аммо... мулкдор нималарни талаб қилишга ҳақли?

Кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли ҳар ой уйни бошқариш хизмати учун бошқарув компанияларига мунтазам тўлов қилади. Аммо томдан сув ўтса, лифт тез-тез носоз бўлса ёки йўлакларда чироқ ёнмаса, иситиш тизими тайинли ишламаса, ҳақли савол туғилади: мулкдорлар тўлаётган пуллар нимага сарфланмоқда? Амалиётда бундай келишмовчиликларнинг аксарияти ҳуқуқ ва мажбуриятларни етарлича билмаслик, ҳисоб-китобларнинг шаффоф эмаслиги ҳамда хизматлар сифати билан боғлиқ.

Мулкдорларнинг асосий эътирозлари, одатда, уч масала атрофида жамланади: шартнома расмийлаштирилмасдан тўлов талаб қилиниши, хизматлар сифатининг пастлиги ва қарздорлик ҳисоб-китобидаги тафовутлар.

 

Шартнома бўлмаса, тўлов мажбурияти ҳам йўқми?

Кўпчилик «шартнома тузмаганман, демак, тўлов қилишга мажбур эмасман» деб ҳисоблайди. Бироқ бу нотўғри тасаввур. 2019 йил 7 ноябрдаги «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ, бошқарув шартномаси ҳар бир мулкдор билан ёзма шаклда, умумий йиғилиш қарори асосида тузилади. Шу билан бирга, шартнома нусхасининг мулкдор қўлида мавжуд эмаслиги унинг умумий мол-мулкни сақлаш харажатларида иштирок этиш мажбуриятини ўз-ўзидан бекор қилмайди.

Бироқ бу бошқарув ташкилоти исталган миқдорда тўлов талаб қилиши мумкин, дегани эмас. Тўловнинг ҳуқуқий асоси, миқдори, уни белгилаш тартиби ва тегишли умумий йиғилиш қарори аниқ бўлиши шарт.

Мулкдор ўз ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда бошқарув ташкилотидан қуйидаги маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиши мумкин:

- бошқарув шартномаси билан танишиш ва унинг нусхасини олиш;

- тўлов миқдори қандай тартибда белгилангани ҳақида маълумот олиш;

- умумий йиғилиш қарорлари ва кўрсатиладиган хизматлар рўйхати билан танишиш;

- ҳисобланган қарздорликнинг қайси даврга тегишлилиги, миқдори ва ҳисоб-китоб асосларини текшириш.

 

Умумий ҳудуддаги таъмирлаш харажатлари кимнинг зиммасида?

Баъзан мулкдорлар бошқарув ташкилоти ўз вақтида бартараф этмаган камчиликларни ўз ҳисобидан тузатишга мажбур бўлади. Масалан, йўлакдаги носозликни бартараф этиш ёки умумий ҳудудда таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун шахсий маблағ сарфлайди. Шундан сўнг ушбу харажатни ойлик тўловдан чегиришни истайди.

Бироқ сарфланган маблағни тўловдан ўзбошимчалик билан чегириш мумкин эмас. Бундай харажатларни қоплаш ёки тўловларни қайта ҳисоблаш учун тегишли ҳуқуқий асос ва келишув бўлиши лозим.

Бунинг учун қуйидаги тартибга амал қилиш мақсадга мувофиқ:

1. Ишни бошлашдан олдин бошқарув ташкилотига ёзма мурожаат қилиб, муаммони расман қайд эттириш.

2. Бажариладиган иш ҳажми ва харажатлар сметасини келишиб олиш.

3. Зарур ҳолларда умумий йиғилиш қарорига эришиш.

4. Иш якунлангач, сарф-харажатларни тасдиқловчи чеклар ва бажарилган ишлар далолатномасини расмийлаштириш.

Шунда сарфланган маблағни қоплаш ёки кейинги тўловларни қайта ҳисоблаш масаласини ҳуқуқий асосда ҳал этиш имкони пайдо бўлади.

Ҳуқуқ бузилса, қаерга мурожаат қилиш керак?

Агар бошқарув ташкилотига қилинган мурожаат натижа бермаса, мулкдор соҳадаги ваколатли давлат органларига ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиши мумкин. Низо ҳал этилмаган тақдирда, ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳам мумкин.

Мурожаатга бошқарув шартномаси, тўлов ҳужжатлари, қарздорлик ҳисоб-китоби, бошқарув ташкилоти билан ёзишмалар, шунингдек, мавжуд фото ва видео далилларни илова қилиш масалани холис ўрганишга ёрдам беради.

Амалдаги қонунчиликка кўра, кўп квартирали уйни мулкдорларнинг ўзи, шартнома асосида бошқарувчи ташкилот ёки уй-жой мулкдорлари ширкати бошқариши мумкин. Бошқарув усули мулкдорларнинг умумий йиғилишида белгиланади.

Энг муҳими, бошқарувнинг қайси шакли танланишидан қатъи назар, ўзаро муносабатларнинг асосида учта талаб туриши керак: тўловларнинг ҳуқуқий асоси аниқ бўлиши, хизматлар белгиланган сифатда кўрсатилиши ва маблағлар сарфи бўйича ҳисобдорлик таъминланиши. Зеро, мулкдор тўлаётган ҳар бир сўм эвазига қандай хизмат олаётганини билишга ҳақли, бошқарув ташкилоти эса бу борада очиқ ва ҳисобдор бўлиши шарт.

Мурод Шамбаев

Улашиш: