#NoComment
24.02.2026
39

Кибержиноят ўзи нима?
Кибержиноят – бу ахборот технологиялари, компьютер тизимлари ёки интернет тармоғи орқали амалга ошириладиган ижтимоий хавфли қилмиш ҳисобланади. Кибержиноятчилик эса компьютер, компьютер тармоғи ёки тармоқ қурилмасидан фойдаланиб содир қилишга қаратилган жиноий фаолиятдир.
Кибержиноятларнинг дунё бўйича ва маҳаллий даражада ўсиш суръати қандай?
Мутахассислар 2025 йилда глобал миқёсда кибержиноятлар етказган зарарнинг умумий қиймати тахминан 10,5 трлн АҚШ долларига етиши мумкин деб баҳолаган эди.
2025 йилда криптоактивлар айланмаси билан боғлиқ 2 мингдан зиёд жиноят фош этилди ва шу орқали 76 млрд сўм маблағнинг мамлакатдан ноқонуний чиқиб кетишига чек қўйилди. Шунингдек, ушбу йилда кибержиноятчилар фуқароларнинг 1,9 трлн сўм маблағини ноқонуний йўл билан ўзлаштирган. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз бўйича 2021 йилда 4 865 та, 2022 йилда эса 7 570 та, 2023 йилда 6 455 та ҳамда 2024 йилда 50 мингдан ортиқ кибержиноятлар содир этилган.
Халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда қандай тартибга солинган?
“Кибержиноятлар тўғрисида”ги 2001 йил 23 ноябрьда қабул қилинган Будапешт Конвенциясида ҳам компьютер фирибгарлиги ҳақида маълумот берилган. Конвенсиянинг 8-моддасига кўра, агар шахс ўзгалар мулкини қуйидаги ҳолларда қасддан ёки қонунга хилоф равишда маҳрум қилса, Конвенсия иштирокчилари ўз қонунчилиги биноан бу ҳаракатларни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича қонун ва меъёрларни белгилаш чораларини кўради:
а) компьютер маълумотларини ҳар қандай киритиш, ўзгартириш, ўчириш ёки эгаллаш;
б)компьютер тизимининг ишлашига ҳар қандай аралашиш ёлғон ёки ғаразли мақсадларда ўзи ёки бошқа шахслар учун моддий манфаат кўриш.
Кибержиноятларнинг энг кўп учрайдиган киберфрибгарлик тури учун қандай жавобгарлик чоралари қўлланади?
Ҳозирги кунда кибержиноятларнинг кенг тарқалган тури бу киберфрибгарликдир. Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича киберфрибгарлик ҳозирда Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисми “г” банди билан, яъни “ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган бўлса” банди билан квалификация қилинади ҳамда санкциясига мувофиқ, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилишига асос бўлади.
Кибержиноят содир этишнинг ҳозирда кенг тарқалган усули “apk” файллардан ҳимояланиш чоралари қандай?
Аввало, кибержиноятлардан ҳимояланишнинг энг асосий йўли хушёрликдир. Бу ҳозир давр талаби ҳисобланади. Дейлик “телеграм” мессенжери орқали келган“апк” файлни билмасдан ёки у билан бирга келган жалб этувчи матн мазмунига ишониб юклаб олинса, қандай ҳаракатлар кетма-кетлиги амалга оширилиши керак. Одатда бундай файллар “Салом! Тасодифан эски видеоларингни кўриб қолдим. Анча кулдим))” ёки “Сиз катта миқдордаги меросга эга чиқдингиз, уни олишингиз учун қуйидаги ҳавола орқали киринг, шошилинг!” каби жалб этувчи матнлар билан бирга келади. Бундай матнлар ҳар қандай кишини шошириб қўйиши табиий, бундай жумлаларга алданиб қолаётганлар афсуски кўпчиликни ташкил қилмоқда. Алданиб мазкур зарарли “apk” иловаларга кириб қўйганларга қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш тавсия этилади:
1. Кибержиноятчи телефон тизимини қўлга олиб, “телеграм” контактидаги бошқа таниш шахсларни ҳам алдамаслиги ёки ҳозирда кўпайган ҳолат, яъни ноқонуний ишончга кириб бошқа шахслардан қарз сўрамаслиги учун “телеграм” аккаунтни “my.telegram.org” га кириб ўчириб ташлаш лозим бўлади;
2. Фирибгар картадаги пулларни ечиб олишдан ташқари, яна жабрланган шахс номига кредитлар олиб ташламаслиги учун “my.gov.uz”га кириб ундан“кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш ёки тақиқни олиб ташлаш”хизматини танлаб, кредит олишни блоклаб қўйиш жоиз бўлади.
3. Бундан ташқари, фирибгарликка учралган ҳар бир ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жумладан прокуратура, ички ишлар органларининг қисқа ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб, ҳолат юзасидан дарҳол хабар бериш лозимдир.
4. Шунингдек, “Play market” ёки “App store”га кириб расмий “SamCyber102” иловасини юклаб олиш жоиз ҳисобланади. Бу иловага кириб, “Иловаларни текшириш” қисми танланса, ушбу илова қурилмадаги барча зарарли файлларни аниқлаб беради. Кейин эса телефоннинг созламалар қисмига кириб, иловалар орасидан зарарли иловаларни топиб, ўчириб ташлаш керак бўлади. Бу билан кибер фирибгарликка олиб келадиган зарарли файллардан қутуласиз.
Хулоса қилиб айтганда, кибержиноятлар замонавий жамиятда давлат, жамият ва фуқаролар хавфсизлигига жиддий таҳдид сольувчи трансмиллий жиноятлар қаторига киради. Уларнинг олдини олишда фақат жиноий жавобгарликни кучайтириш эмас, балки ахборот хавфсизлиги механизмларини такомиллаштириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, кибержиноятларга қарши самарали курашиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат институтлари ва фуқароларнинг ўзаро ҳамкорлигини талаб этади. Рақамли саводхонликни ошириш ва профильактик чора-тадбирларни кучайтириш кибержиноятлардан ҳимояланишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Улашиш:
Бошқалар
Букмекерлик фаолиятини реклама қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Ўзбекистон қонунчилигида букмекерлик ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни реклама қилиш учун жавобгарлик белгиланган.
Таълим ва ишни бараварига олиб бориш учун қандай шароитлар мавжуд?
Меҳнат кодексининг 383-моддаси ходимларнинг меҳнат фаолиятини таълим билан биргаликда олиб бориш ҳуқуқини мустаҳкамлайди ҳамда иш берувчиларнинг ушбу жараёнда мажбуриятларини белгилайди.
Номингизга кредит олишни чеклашда муҳим 5 жиҳат
Онлайн фирибгарликдан ҳимояланиш — фақат эҳтиёткорлик эмас, олдиндан кўрилган чоралар билан бошланади.
Ҳуқуқий аудит қандай бўлиши керак?
Давлат органлари фаолияти устидан назоратнинг бир нечта шакллари мавжуд.