Ҳуқуқ
20.05.2026
48

Кўпчилигимиз болаликда «китоб одамни ақлли қилади» деган гапни эшитганмиз. Одатда, бу гапларга унчалик қулоқ солмасдик, чунки улар катталарнинг навбатдаги навбатчи ўгитларидек («телефонга кўп тикилма», «фойдалироқ иш билан шуғуллан» ёки «вақтида ухлаш керак») туюларди. Бироқ энди бу фикрнинг исботи шунчаки гап эмас, балки моддий ҳақиқатдир! Китоб ўқиш аудиони тинглаш ёки фильм томоша қилишдан кўра фойдалироқ экани ҳақида аввал ҳам айтилган бўлса, янги тадқиқот буни МРТ (магнит-резонанс томография) маълумотлари билан ҳам тасдиқлади. Энг қизиғи–бу ижобий эффект йиллар ўтиб ҳам яққол сақланиб қолар экан.
Китоб ўқиш ўсмирлар мияси ривожланишига қандай таъсир қилади?
Олимлар 10 000 дан ортиқ ўсмирнинг мия сканерлаш натижалари ва когнитив тестларини ўрганиб чиқдилар. Маълум бўлишича, мунтазам равишда ўз ҳузури (завқ олиш) учун китоб ўқийдиган ўсмирларда бош мия пўстлоғи — айниқса нутқ, диққат, сенсор ахборотни қайта ишлаш ва ўзини назорат қилиш билан боғлиқ бўлган зоналар яхшироқ ривожланган. Фарқлар пешона, чакка ва оролча (инсуляр) пўстлоғида яққол кўзга ташланган.
Болалигидан кўп китоб ўқиган ўсмирлар хотира, диққат, нутқ ва янги муаммоларни ҳал қилиш қобилиятини аниқловчи тестларни анча муваффақиятли топширишган. Айниқса, сўз бойлиги, тўпланган билимлардан фойдаланиш, мураккаб матнларни тушуниш ва ўз фикрини аниқ ифодалаш қобилиятида катта фарқ сезилган. Бундан ташқари, уларда диққатни жамлаш билан боғлиқ муаммолар ва руҳий тушкунлик ҳолатлари камроқ кузатилган.
Муҳим жиҳат: Мактаб дастуридаги «мажбурий» адабиётлар эмас, балки айнан завқ учун (ихтиёрий) ўқилган китоблар энг яхши натижани кўрсатган. Яъни мия ўз хоҳиши билан ўқиш одатига кучлироқ реакция қайтарган.
Шунингдек, бу ерда гап кўпчилик ўйлаганидек «зиёли оила» ёки ота-онанинг яхши маълумотли эканида (ирцият ва муҳит фактори) эмас. Олимлар бу омилларни ҳам алоҳида текшириб кўришган. Оила даромади, ота-онанинг маълумоти ва бошқа ижтимоий омиллар ҳисобга олинганда ҳам, китоб ўқиш барибир мия ривожланишида кескин устунлик бераверган.
Хотира ва диққатни ривожлантириш учун қанча ўқиш керак?
Тадқиқотнинг энг кутилмаган хулосаларидан бири — китоб ўқишнинг ҳам ўз «оптимал режими» борлигидир. Ўсмирларнинг когнитив кўрсаткичлари китоб ортида ўтказилган вақт билан мутаносиб равишда ўсиб борган, бироқ бу маълум бир чегарагача давом этган.
Ҳафтасига 12 соат мутолаа – мия энг юқори даражада фойда оладиган «сеҳрли рақам»дир.
Энг яхши натижа айнан ҳафтасига тахминан 12 соат ўқилганда кузатилган. Ушбу кўрсаткичдан ошганда, натижалар яхшиланишдан тўхтаган, баъзан эса бироз пасайиш ҳам кузатилган. Олимларнинг тахмин қилишича, гап китобнинг ўзида эмас, балки ҳаётий балансда: агар бола ҳаддан ташқари кўп ўқиса, у камроқ ҳаракат қилиши, тенгдошлари билан камроқ мулоқот қилиши мумкин. Ваҳоланки, бу фаолиятлар ҳам мия ривожланиши учун жуда муҳимдир.
Қизиғи шундаки, китоб ўқишни яхши кўрадиган ўсмирлар ўртача ҳисобда:
телефон ва ижтимоий тармоқларда камроқ ўтиришади;
кўпроқ (узоқроқ) ухлашади;
диққатни жамлаш муаммоларига камроқ дуч келишади;
хавотир ва стресс даражаси пастроқ эканини намоён қилишади.
Демак, китоб ўқиш одати нафақат интеллект, ўқиш ёки хотирага, балки умуман ҳаёт тарзига ижобий таъсир кўрсатади.
Нима учун китоблар мияни ижтимоий тармоқлар ва қисқа видеолардан яхшироқ ривожлантиради? Мия «енгил контент»ни жуда яхши кўради. Қисқа видеолар, мемлар ва ижтимоий тармоқларнинг чексиз тасмалари мияга тезкор дофамин (ҳузур гормони) беради ва деярли ҳеч қандай ақлий меҳнат талаб қилмайди. Аммо муаммо ҳам айнан шунда.
Роман, эссе ёки узоқ ҳикоялар мияни анча мураккаб ишларни бажаришга мажбур қилади: қаҳрамонларни хотирада сақлаш, сабаб-оқибат алоқаларини кузатиш, қаҳрамонларнинг ички кечинмаларини тасаввур қилиш ва ғояларни ўзаро боғлаш. Мия учун бу худди тўлақонли жисмоний машғулот (тренировка) кабидир.
Ҳар куни китоб ўқийдиган ўсмирлар ўқимайдиган тенгдошларига қараганда 26% кўпроқ сўзларни танийди.
Ота-онанинг бойлиги ёки маълумоти даражаси ҳам бу тафовутни тўлиқ қоплай олмайди.
Тадқиқотчилар яна бир қизиқарли ҳолатни пайқашди: ижтимоий хулқ-атворга (одамлар билан мулоқотга) энг яхши таъсирни замонавий классик адабиёт кўрсатган. Характери мураккаб ва ноаниқ вазиятларга тушиб қоладиган қаҳрамонлар ҳақида ўқиган ўсмирлар кейинчалик юқорироқ эмпатия (бошқаларни тушуниш) даражасини намоён қилишган ва тенгдошлари билан мулоқотда камроқ муаммоларга дуч келишган.
Комикслар, қисқа матнлар ва ҳатто илмий-оммабоп (научпоп) адабиётларнинг бир қисми бундай эффектни деярли бермаган. Аммо бу комикслар мутлақо фойдасиз дегани эмас: улар болани китоблар оламига олиб кирувчи юмшоқ восита бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Қайси ёшда китоб ўқиш мияга энг кучли таъсир қилади?
Бу ерда ота-оналар учун жуда муҳим бўлган ва кўпчиликка ёқмаслиги мумкин боишган бир жиҳат бор. Тадқиқот маълумотларига кўра, китоб ўқиш мияга энг кучли таъсирни айнан эрта ёшда – тахминан 3 ёшдан 10 ёшгача бўлган даврда кўрсатади.
Бу даврда мия жуда пластик (мослашувчан) бўлади ва мустаҳкам нейрон алоқаларини тезроқ шакллантиради. Завқ учун китоб ўқишни 9–10 ёшгача бошлаган болаларнинг мия тузилиши ҳақиқатдан ҳам бошқалардан ажралиб туради.
Китобга бўлган муҳаббатни ўсмирлик даврида шакллантиришга уринишдан кўра, болаликда сингдириш анча осонроқ. Шундай бўлсада, ўқишни барибир ҳозироқ бошлаш мумкин, бунинг учун: кичик сеанслардан бошлаш, тушунарли китоблар танлаш ва энг муҳим қоида – китоб ўқишни жазога эмас, ёқимли одатга айлантириш лозим. Катталар барибир ҳақ бўлиб чиқишди чоғи: «китоб мияни ривожлантиради» деган гап энди мутлақо бошқача янграмоқда. Ҳар ҳолда, энди бу кўҳна иборанинг ортида жиддий илмий далиллар – ҳатто МРТ суратлари турибди.
Мурод Шамбаев,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.