Ҳуқуқ
21.05.2026
24

Сўнгги йилларда мамлакатимизда норма ижодкорлиги тизимини такомиллаштириш, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатини ошириш ва уларнинг амалиётда самарали ишлашини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар қандай ислоҳотнинг муваффақияти фақат янги қонун ёки қарор қабул қилиниши билан эмас, балки ушбу ҳужжатнинг қанчалик пухта ўйлангани, ҳаётийлиги, барқарорлиги
ва амалиётда қандай натижа бериши билан белгиланади.
Қонунчилик барқарорлиги ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан биридир. У фуқаролар, тадбиркорлар ва давлат органлари учун олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган ҳуқуқий муҳит яратади. Агар ҳуқуқий нормалар тез-тез ўзгарса, аҳоли ва бизнес субъектлари ҳар сафар янги талабларга мослашишга, ўз фаолиятини қайта ташкил этишга, қўшимча харажат қилишга мажбур бўлади. Бу эса ҳуқуқий ишончга, инвестициявий муҳитга ва ислоҳотлар натижадорлигига таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 августдаги ПФ–111-сон Фармонида ҳам ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлигини таъминлаш, сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Ушбу йўналишдаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айрим соҳаларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қисқа муддат ичида бир неча марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Масалан, 2024 йилнинг биринчи чорагида қабул қилинган 9 та қонуннинг 3 тасига, 85 та Президент ҳужжатининг 47 тасига, 59 та Вазирлар Маҳкамаси қарорининг 27 тасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Айрим ҳужжатларга эса 3 ва ундан ортиқ марта ўзгартириш киритилгани қайд этилган.
Албатта, қонунчиликнинг ўзгариб бориши табиий жараён, чунки жамият ривожлангани сари иқтисодий муносабатлар янгиланади, технологиялар ўзгаради ҳамда давлат бошқаруви олдида янги вазифалар пайдо бўлади. Бироқ ҳуқуқий тартибга солишнинг тез-тез ва етарлича асосланмаган ҳолда ўзгариши амалиётда муайян муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли ҳар бир янги норма ёки ўзгартириш пухта таҳлил, аниқ маълумотлар, манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашув ва реал таъсирни баҳолаш асосида қабул қилиниши лозим.
Ҳуқуқий тартибга солишдаги тез-тез ўзгаришлар ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш соҳасида ҳам ўз таъсирини кўрсатган.
Ушбу соҳани тартибга солувчи Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорига ҳозирга қадар 20 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Бу ўзгаришларнинг аксарияти мазмунан янги талаблар ва тартибларни жорий этишга қаратилган. Хусусан, айрим даврларда автомактаблар учун ўқув автодроми, GPS қурилмалари, транспорт воситаларига доир техник талаблар каби янги мажбуриятлар белгиланган. Натижада мазкур соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари сони 1400 тадан 154 тагача қисқарган, кейинчалик 2025 йилга келиб 402 тага етган.
Ушбу ҳолат қонунчиликдаги ҳар бир ўзгариш бизнес муҳитига қандай таъсир қилишини яққол кўрсатади. Тадбиркор янги талабларни бажариш учун инфратузилма яратиши, техника сотиб олиши, ходимларни қайта тайёрлаши ёки фаолиятини қайта ташкил этиши керак бўлади. Аммо маълум вақт ўтиб, талаблар яна ўзгарса, аввал қилинган харажатларнинг самараси пасаяди. Бу эса соҳадаги барқарорликка, рақобатга ва хизматлар нархига таъсир кўрсатади.
Қонунчилик барқарорлиги фақат тадбиркорлар учун эмас, балки аҳоли учун ҳам муҳим. Масалан, қурилиш соҳасида қўшимча талаблар уй-жой таннархига таъсир қилиши, хизмат кўрсатиш соҳасидаги янги мажбуриятлар эса хизмат нархларининг ошишига олиб келиши мумкин. Демак, ҳар бир ҳуқуқий ўзгариш охир-оқибат фуқаролар ҳаётига ҳам таъсир кўрсатади. Шунинг учун қонунчиликни такомиллаштиришда “янги талаб — янги харажат” деган оддий, аммо муҳим тамойил доимо ҳисобга олиниши керак.
Ривожланган давлатлар тажрибасида бу масалага алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Канадада “бирга-бир” қоидаси амал қилади. Унга кўра, агар янги норматив талаб тадбиркорлар учун маъмурий харажатларни оширса, давлат органи шу миқдордаги мавжуд маъмурий юкни қисқартириш чорасини ҳам кўриши керак. Яъни янги мажбурият жорий этилар экан, унга мутаносиб равишда эски, ортиқча ёки самарасиз талаблар қайта кўриб чиқилади. Европа Иттифоқида эса “аввал баҳола, кейин ўзгартир” тамойили мавжуд бўлиб, янги қонунчилик ташаббусидан олдин амалдаги норманинг самарадорлиги баҳоланади.
Бу каби ёндашувлар қонунчиликни шошма-шошарлик билан эмас, балки далиллар асосида ривожлантиришга хизмат қилади. Чунки ҳар қандай янги норма, аввало, қуйидаги саволларга жавоб бериши керак: амалдаги тартиб нима учун самарали эмас? Янги талаб қайси муаммони ҳал қилади? Унинг иқтисодий ва ижтимоий таъсири қандай бўлади? Тадбиркор ёки фуқаро бу талабни бажариш учун қанча вақт ва маблағ сарфлайди? Ушбу талабни соддароқ, рақамли ёки камхаражат усулда жорий этиш мумкинми?
Ўзбекистонда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар барқарорлигини баҳолаш бўйича алоҳида методология ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга. Бундай методология ҳужжатларнинг қанчалик тез-тез ўзгариши, ўзгаришлар сабаби, уларнинг тадбиркорлик муҳити ва аҳолига таъсири, янги талабларни бажариш харажатлари, ҳуқуқни қўллашда юзага келаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёнида қонунчилик барқарорлиги алоҳида мезон сифатида кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Яъни норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилаётганда ёки амалдаги ҳужжатга ўзгартириш киритилаётганда, ушбу соҳадаги ҳуқуқий тартибга солиш қанчалик барқарор экани, охирги йилларда неча марта ўзгаргани, мазкур ўзгаришлар қандай натижа бергани ва янги ўзгартиришга ҳақиқатан ҳам эҳтиёж бор-йўқлиги баҳоланиши керак.
Қонунчилик барқарорлигини таъминлашда жамоатчилик муҳокамаси ва манфаатдор томонлар фикри ҳам муҳим ўрин тутади. Янги талаблар аввало уларга амал қиладиган субъектлар — тадбиркорлар, мутахассислар, фуқаролар ва соҳавий ташкилотлар билан муҳокама қилиниши лозим. Чунки амалиётда қайси норма ишлаётгани, қайси тартиб ортиқча юк бўлаётгани ёки қайси талаб тушунарсиз қўлланилаётганини айнан шу субъектлар яхши билади.
Шу билан бирга, қонунчилик барқарорлиги янгиланишга қарши тушунча эмас. Аксинча, барқарорлик — бу ўзгаришларни тўхтатиш эмас, балки уларни тизимли, асосланган ва прогноз қилинадиган тарзда амалга оширишдир. Қонунчилик ҳаётдан ортда қолмаслиги керак, аммо ҳар бир ўзгариш пухта ўйланган, ижроси таъминланган ва жамият учун фойдали бўлиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, қонунчилик барқарорлиги — ҳуқуқий ишонч, иқтисодий фаоллик ва самарали давлат бошқарувининг муҳим шартидир. Барқарор, аниқ ва ҳаётий қонунчилик фуқароларнинг давлатга ишончини мустаҳкамлайди, тадбиркорлик субъектлари учун қулай ва прогноз қилинадиган муҳит яратади, ислоҳотларнинг амалий натижасини оширади.
Шу боис келгусида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва ўзгартириш жараёнида “аввал таҳлил — кейин қарор” тамойилини янада кучайтириш, ҳар бир янги талабнинг реал таъсирини баҳолаш, ортиқча ва такрорланувчи мажбуриятларни қисқартириш ҳамда қонунчилик барқарорлигини таъминлашни норма ижодкорлигининг муҳим мезонларидан бирига айлантириш зарур. Шундагина қабул қилинаётган ҳужжатлар нафақат ҳуқуқий тартибни белгилайди, балки жамият ва иқтисодиёт ривожига хизмат қиладиган ишончли ҳуқуқий асосга айланади.
Саидбурхон Амиров,
Қонунчиликни таҳлил қилиш
ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш
институти масъул ходими
Улашиш:
Бошқалар
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: муҳим 5 саволга жавоб
Электр энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Магистратурада ўқишда хотин-қизларга бериладиган имтиёзлар
Магистратура босқичида тўлов-контракт асосида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт суммалари давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Транспорт воситалари қандай ҳолларда жарима майдончасига олиб кирилади?
Жарима майдончаси — ҳайдовчиларни жазолаш эмас, балки йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора ҳисобланади.
Иш вақтини ҳисобга олиш нима ва унинг қандай турлари мавжуд?
Меҳнат муносабатларида иш вақтини тўғри ҳисобга олиш муҳим аҳамиятга эга.