Суд очерклари
03.09.2026
72

Жиноят ишлари бўйича судларда кўрилган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, аксарият ҳолатлар коррупция ва фирибгарликка оидлигини кўриш мумкин. Айниқса, қонун ҳимоячиларининг ўзи қонунни бузса, дардингни кимга айтасан, деб бекорга ёзғирмайди халқимиз.
Худди шундайлардан бири – йўл-патруль хизмати инспектори бўлиб ишлаган С.Қ. пора олишда айбдор деб топилди. Гап шундаки, инспектор қонун талабларини таъминлаш ўрнига, уларни четлаб ўтиш, ўз фойдасини кўзлаш йўлини танлади.
Воқеа тафсилотига келсак, 2025 йил август ойида Хатирчи туманидаги бозор атрофида хизмат вазифасини бажараётган инспектор С.Қ. йўл четида тўхтаган “Nexia-2” автомашинаси ҳайдовчиси ҳужжатларини текширади. Ҳайдовчи транспорт воситасида носозлик юзага келганини айтиб, вазиятни тушунтиришга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, инспектор буни инобатга олмай, уни қоидабузарликда айблайди.
Воқеа шундан кейин янада кескин тус олади. Ҳайдовчи инспекторнинг ҳаракатларини видеога ола бошлайди. Бу эса вазиятни янада таранглаштиради. Инспектор эса уни “қонуний талабларга бўйсунмаслик”да айблаб, бошқа ходимларни чақиртиради. Ҳайдовчи мажбурий тарзда ички ишлар бўлимига олиб кетилади, автомашинаси эса жарима майдонига жойлаштирилади.
Бир неча соатлик босим ва ноқулай вазиятдан сўнг ҳайдовчи автомашинасини қайтариб олиш учун яна инспекторга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Ана шу пайтда мансаб ваколатидан фойдаланиш орқали ноқонуний манфаат орттириш ҳолати юзага келиб, инспектор маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва ҳайдовчини жавобгарликдан “қутқариш” эвазига пул талаб қилади. Ҳайдовчи унинг банк картасига 400 минг сўм пул ўтказиб бергандан кейингина автомашинаси қайтариб берилади ва баённома тузилмайди. Инспектор эса қопқонга тушади... Судда ушбу ҳолат гувоҳлар кўрсатмалари, пул ўтказмаси ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топди.
Суд ҳукмига кўра, С.Қ. Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан айбдор деб топилди. Унга 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, 2 йил давомида ички ишлар тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Осон пул топаман деб...
Сайёр суд мажлисида кўрилган яна бир жиноят иши оддий бир илтимоснинг, яъни ишга жойлашиш истаги қандай қилиб фирибгарлик ва пора беришга далолатчилик жиноятига айланиб кетишига мисол бўлди.
Судда аниқланишича, судланувчилар О.С. ва Ш.Ҳ.лар олдиндан тил бириктириб, фуқаро Б.А.нинг ишсиз юрган турмуш ўртоғини ишга жойлаштиришни ваъда қилишган. Улар ўзларини гўёки ҳокимлик тизимида танишлари бор, масалани “осон ҳал қилиб берадиган” кишилар сифатида кўрсатишган. Аслида эса бу ваъдалар ортида ҳеч қандай имконият ёки ҳаракатдан асар ҳам бўлмаган. Улар М.Х.ни вилоят ҳокимлигига оддий тозалик хизматчиси (фаррош) сифатида ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 2 минг АҚШ доллари, яъни 25 миллион сўм талаб қилишган.
Савдолари пишиб, Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт” савдо мажмуаси автотураргоҳида М.Х.дан 25 миллион сўм пулни олаётганда О.С.нинг ошиғи олчи эди. Аммо пулни бераётган фуқаро алданаётганини англаб, олдиндан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, ишга жойлашиш учун берилган пуллар тезкор тадбир доирасида махсус кимёвий ишловдан ўтказилган эди. Мўмай пулни олиб, “ҳазм” қиламиз деб чучварани хом санаган “уддабуронлар” тезкор ходимлар томонидан қўлга олинади.
Терговда аниқланишича, судланувчиларда аслида ҳеч қандай реал имконият бўлмаган – улар на ишга жойлаштиришни режалаштирган ва на бу борада бирор амалий ҳаракатда бўлган. Ҳар икки судланувчи судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Осон пул топаман деб, суднинг қора курсисига ўтирган ҳар икки айбдорга 41 миллион 500 минг сўмдан жарима жазоси тайинланди.
Маруса ҲОСИЛОВА,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?
Донор ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, қон топшириши ва ундан кейинги дам олиш куни учун ҳақ тўланади.
Мустақилликнинг 35 йили: бирлик, тараққиёт ва фаровонлик сари
Бу йил халқимиз Ўзбекистон ўз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлайди.
Чуқурга тушган машина учун ким жавобгар: ҳайдовчими ёки йўл эгасими?
Демак, «йўл учун давлат жавоб беради» деган умумий хулоса ҳар доим ҳам тўғри эмас.
Хусусий клиникада ҳам бепул тиббий хизмат олиш мумкинми?
Низомга асосан, хусусий тиббиёт муассасалари томонидан аҳолининг қуйидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатилади.