Ҳуқуқ
10.08.2026
268

Кўп квартирали уйда квартира ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойга эга бўлган мулкдор фақат ўзига тегишли хонанинг эгаси ҳисобланмайди. У, шунингдек, бутун уйга хизмат қиладиган умумий мол-мулкка ҳам улушли мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 211-моддасига кўра, кўп квартирали уйдаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларига ушбу уйнинг умумий мол-мулки улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади. Бундай умумий мол-мулк таркибига уйнинг умумий жойлари, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган қисмлар, пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифт шахталари ва бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, шунингдек, биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалари ҳамда бошқа ускуналар киради.
Демак, кўп квартирали уйдаги том, ертўла, зинапоя, лифт, умумий йўлаклар ёки бир нечта квартирага хизмат кўрсатадиган муҳандислик тармоқлари алоҳида бир квартира мулкдорининг шахсий мулки ҳисобланмайди. Улар ушбу уйдаги турар жойлар ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг умумий улушли мулки ҳисобланади.
Умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқда ҳар бир мулкдорнинг улуши мавжуд бўлиб, ушбу улушларнинг миқдори, шунингдек умумий мол-мулкни сақлаш ва асраш билан боғлиқ харажатларни мулкдорлар ўртасида тақсимлаш тартиби уй-жой тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ белгиланади. Шу сабабли умумий мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи билан бир қаторда уни лозим даражада сақлаш ва асраш билан боғлиқ мажбуриятлар ҳам юзага келади.
Шу билан бирга, қонунчилик умумий мол-мулкдаги улушни квартира ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойдан алоҳида равишда тасарруф этишга йўл қўймайди. Яъни кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкка нисбатан улушли мулк иштирокчиси ўз улушини бошқа шахсга алоҳида тарзда бериши, ундан фуқаролар ёки юридик шахслар фойдасига воз кечиши ёки ушбу улушнинг ўзига тегишли турар жой ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойга бўлган мулк ҳуқуқидан алоҳида тарзда бошқа шахсга ўтишига сабаб бўладиган ҳаракатларни амалга ошириши мумкин эмас.
Шундай қилиб, 211-модданинг асосий мазмуни шундан иборатки, кўп квартирали уйда квартира ёки нотурар жой мулкдори ўз жойигагина эмас, балки бутун уйга хизмат қиладиган умумий мол-мулкка ҳам улушли мулк ҳуқуқи асосида эга бўлади. Ушбу улуш квартира ёки бошқа жойга бўлган мулк ҳуқуқи билан узвий боғлиқ бўлиб, уни алоҳида равишда сотиш, ҳадя қилиш ёки бошқа шахсга ўтказиш мумкин эмас.
Зиёвуддин Намозов,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Бир лаҳзалик ишонч қимматга тушиши мумкин: фирибгарлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Алдаш орқали бошқанинг мол-мулкини қўлга киритиш жиноят ҳисобланади ва бунинг учун жиддий жавобгарлик белгиланган.
Қандай ҳолатлар оқова сув тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади?
Оқова сувларни чиқариб юбориш тармоқлари аҳоли саломатлигини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда санитария-гигиена талабларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Қайси ҳолларда ходимга ишланмаган вақт учун ҳақ тўланади?
Донор ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтиши, қон топшириши ва ундан кейинги дам олиш куни учун ҳақ тўланади.
Чек бермаганлик учун қанча жарима белгиланган?
Агар қонунга кўра чек бериш мажбурий бўлса, уни бермаслик тадбиркор учун жаримага сабаб бўлиши мумкин.