#NoComment
18.04.2026
59

Халқ қабулхоналари халқимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун ташкил этилганди ва кенг жамоатчилик ишончига сазовор бўлганди. Бироқ вақт ўтиши билан давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларда такрорланувчи ҳолат юзага келди: фуқаро мурожаат қилади, жавоб олади, аммо жавоб қониқтирмайди ва яна мурожаат йўллайди. Бу айланма давом этаверади. Чунки амалдаги тизим мурожаатни ҳал қилишга эмас, балки уни “кўриб чиқиш”га йўналтирилганди.
Халқ қабулхоналари янги очилганида мурожаатларнинг 90–95 фоизи шикоят шаклида бўлгани, кейинчалик бу кўрсаткич 60–65 фоизга тушгани вазиятни яққол кўрсатади.
2025 йил 16 июндаги йиғилишда давлат раҳбари Халқ қабулхоналари фаолиятини танқид қилди. Таъкидланишича, тизим кўп ҳолда аҳоли муаммоларини ҳал қилиш ўрнига мурожаатларни давлат органларига тақсимловчи “диспетчер”га айланиб қолган.
Статистика ҳам буни тасдиқлайди: ўтган йили виртуал ва Халқ қабулхоналарига келган мурожаатларнинг 55 фоизи ижобий ҳал этилмаган. Натижада фуқаролар кўпроқ ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилишга ўта бошлади. Ҳатто “Халқ қабулхоналари керакми?” деган саволлар ҳам пайдо бўлди.
Аслида, Халқ қабулхоналари фақат мурожаат қабул қилувчи эмас, балки ҳудуддаги муаммоларни таҳлил қиладиган ва уларнинг сабабларини аниқлайдиган марказ бўлиши лозим. 2026 йил 1 апрелда қабул қилинган “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони айнан шу муаммонинг ечимига қаратилди.
Фармонга кўра, Президент Халқ қабулхонаси юридик шахс сифатида ташкил этилди. Илгари қабулхоналар кўп жиҳатдан “почта қутиси” вазифасини бажариб, мурожаатларни қабул қилиб, тегишли идораларга юбориш билан чекланарди. Натижалар устидан назорат эса самарали эмасди.
Янги тузилма давлат органларига мажбурий ижро этилиши шарт бўлган тақдимнома ва кўрсатмалар юбориш ваколатига эга. Энди “кўриб чиқинг”, деган сўров ўрнига “бажаринг”, деган талаб қўйилади. Талаб бажарилмаса, материаллар прокуратурага юборилади, қонунбузилиш ҳолатларида эса маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга киритилади. Бу оддий маъмурий ўзгариш эмас, балки жавобгарлик тизимини қайта шакллантиришдир.
Фармонда яна бир муҳим янгилик – очиқ рейтинг тизими назарда тутилган. Ҳар олти ойда давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги очиқ эълон қилинади. Мурожаатлар сони, ҳал этиш даражаси, муддатларга риоя қилиш ва такрорий мурожаатлар улуши каби мезонлар асосида баҳоланади. Энди умумий ҳисоботлар ўрнига аниқ рақамлар ва натижалар талаб қилинади.
Шунингдек, раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда парламент палаталарида эшитилади. Вазирлар ва ҳокимлар ўз тақдимотларида тизимли муаммолар ва уларнинг ечими бўйича аниқ режаларни тақдим этиши шарт.
2026 йил 1 майдан автоматик назорат механизми жорий этилади. Агар мурожаат белгиланган муддатда кўриб чиқилмаса, у автоматик равишда юқори органга ўтади. Бу жараён инсон омилига боғлиқ эмас, тизимнинг ўзи ишлайди.
Мурожаатлар “шошилинч”, “одатий” ва “маслаҳат талаб қилувчи” тоифаларга ажратилади. Назоратга қайтарилган мурожаатлар уч иш куни ичида қайта кўриб чиқилиши шарт.
Шу билан бирга, Халқ қабулхонаси давлат органлари раҳбарларининг шахсий қабуллари ва “ишонч телефон”лари фаолиятини ҳам мониторинг қилади. Демак, раҳбарлар фаолияти ҳам доимий назоратда бўлади.
Фармон вертикал жавобгарлик тизимини мустаҳкамлайди. Туман даражасидан республика даражасигача бўлган занжирда ҳар бир бўғин ўз вазифаси ва масъулиятини аниқ билади. Муаммо қуйи бўғинда ҳал этилмаса, у автоматик равишда юқори босқичга олиб чиқилади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ва туман ҳокимлари тегишли Халқ қабулхоналарига жамоатчилик асосида раҳбарлик қилади. Бу уларнинг шахсан масъулиятини янада оширади.
Шубҳа йўқки, прокуратура назорати, очиқ рейтинг тизими, автоматик назорат механизмлари ва парламент назорати уйғунлиги мазкур тизимни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади.
Фармонга кўра, Президент Халқ қабулхонасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
— Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ариза ва шикоятлар билан келган жисмоний шахсларни ва юридик шахслар вакилларини қабул қилиш ҳамда уларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишини таъминлаш;
— мурожаатлар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳар томонлама, тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши ва назорат қилинишини ташкил этиш;
— мурожаатларда кўтарилган, жойларда аниқланган тизимли муаммоларни таҳлил қилиш, натижалари бўйича тегишли материаллар тайёрлаш;
— жойлардаги Халқ қабулхоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, норматив-услубий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, шунингдек, уларга юкланган вазифа ва функцияларнинг бажарилишини мониторинг қилиш;
— вазирлик ва идоралар, ҳокимликларда мурожаатлар билан ишлашда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш, тегишли ташкилотларга кўрсатма ва топшириқлар юбориш.
Президент Халқ қабулхонаси қуйидаги ҳуқуқ ва ваколатларга эга:
— Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган шахсларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича қонунчилик ҳужжатларининг сўзсиз бажарилиши, зарур ҳолларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ходимлари ва “маҳалла еттилиги” аъзоларини жалб қилган ҳолда ўрганилишини ташкил қилиш;
— давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан сайёр ва оммавий қабуллар режа-графиклар асосида ўтказилишини назорат қилиш, аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган масалалар бўйича қабуллар ташкил этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган талабнома киритиш;
— давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг шахсий қабуллари ўтказилишини ва “ишонч телефон”лари фаолиятини мониторинг қилиш;
— аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати тўғрисида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига таҳлилий ахборотлар киритиш;
— давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарган сабаб ва шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;
— жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш ва аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда кўриб чиқиш учун судга юбориш;
— мурожаатларда кўтарилган масала, муаммо ва келтирилган важларни ҳар томонлама текшириш ва самарали ҳал қилиш юзасидан мурожаатларни кўриб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотларига кўрсатмалар бериш;
— ўз ваколатлари доирасига кирувчи масалалар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларидан статистик, таҳлилий материаллар, хулосалар ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олиш;
— давлат органлари ва ташкилотларининг мурожаатлар ва аҳоли муаммолари билан ишлаш, ижтимоий соҳа ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини ўрганиш мақсадида уларнинг ҳудуди ва биноларига монеликсиз кириш;
— мансабдор шахслар ва фуқаролардан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши хусусида оғзаки ва ёзма тушунтиришлар талаб қилиб олиш;
— давлат органлари ва ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолиятини муҳокама қилишга оид йиғилишларида иштирок этиш;
— қонунчиликда белгиланган тартибда давлат органлари ва ташкилотлари маълумотлар базаларидан фойдаланиш;
— аҳоли кайфиятига таъсир қилаётган масалалар бўйича давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиб бориш;
— ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун, зарур ҳолларда, давлат органлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассисларидан иборат таркибда ишчи гуруҳлар тузиш;
— Президент Халқ қабулхонаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Давлат органлари ва ташкилотлари Президент Халқ қабулхонаси ва жойлардаги Халқ қабулхоналари томонидан киритилган талабнома, тақдимнома, кўрсатмаларни бажармаган тақдирда, ушбу ҳолатлар бўйича материаллар тегишли чоралар кўриш учун прокуратура органларига киритилади.
Энг муҳими, энди фуқаролар мурожаати фақат рўйхатга олинмайди –доимий назоратда бўлади, ижроси кузатилади ва натижа учун масъул шахс жавоб беради.
Шавкат Ёдгоров,
журналист
Улашиш:
Бошқалар
Қандай ҳолатлар никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар сифатида баҳоланади?
Никоҳ — бу икки шахснинг ихтиёрий ва тенг ҳуқуқли иттифоқи бўлиб, у нафақат маънавий, балки жиддий юридик оқибатларни келтириб чиқарадиган шартнома ҳисобланади.
Кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдисида янги босқич: электрон тўлов тизимига ўтиш
Тарафлар ўзаро келишувга эришгач, харидор ёки унинг вакили банкка мурожаат қилиб, тегишли маълумотлар акс эттирилган ариза тақдим этади.
Меҳнат дафтарчасининг ҳуқуқий аҳамияти қандай?
Меҳнат дафтарчаси — бу ходимнинг меҳнат фаолияти ва иш стажини тасдиқловчи асосий восита.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш тартиби тўғрисида 10 та муҳим саволга жавоб
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими манзиллилик тамойилига асосланади.