currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликлар“Марказий Осиё. Ногиронлиги бўлган шахслар: янги чақириқлар ва истиқболлар”

“Марказий Осиё. Ногиронлиги бўлган шахслар: янги чақириқлар ва истиқболлар”

#NoComment

calendar

22.11.2025

eye

14

“Марказий Осиё. Ногиронлиги бўлган шахслар: янги чақириқлар ва истиқболлар”

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институтида “Марказий Осиё. Ногиронлиги бўлган шахслар: янги чақириқлар ва истиқболлар” мавзусида илмий-амалий конференция (онлайн ва оффлайн) ўтказилди.

Анжуман Жаҳон банкининг “МУНИС” лойиҳаси (PRIM 01-85 Public Research Institutes Modernization) – “Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузурида Ногиронлик ҳуқуқларини тадқиқ этиш ва тарғибот марказини ташкил этиш” номли халқаро грант лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Конференцияда Давлат ва ҳуқуқ институти, ТДЮУ, ЧДПУ, ТДАУ, БухДУ, НамДУ, ФарДУ, СамДУ, Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, Сассекс университети (Буюк Британия), Лунд университети (Швеция), Сиракуз университети (АҚШ), Трнава Университети (Словакия), Регенцбург университети (Германия), Малайзия миллий университети экспертлари, Марказий Осиё мамлакатлари вакиллари – Тожикистон давлат тижорат университети, Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, И.Жансунуров номидаги Жетису университети, “ITeachMe” жамоат фонди, “New Age” жамоат фонди (Қирғизистон), “Tebigy Quvvat” жамоат бирлашмаси (Туркманистон), Озарбойжон Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институти, фуқаролик жамияти институтлари – Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, “SharoitPlus” ногиронлар жамоат бирлашмаси, маҳаллий ва хорижий ёш олимлар, тадқиқотчилар иштирок этдилар.

Анжуман глобаллашув ва интеграциялашув жараёнлари кучайиб бораётган шароитда ногиронлиги бор шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига доир янгича ҳамда креатив ёндашув, тенденция, йўналишлар ва марказ фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди. 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ижтимоий давлат қиёфасини очиб берди. Шу маънода ижтимоий пакетлар: ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, меҳнат қилиш, соғлиқни сақлаш, шу жумладан, туғруқ, таълим, инклюзив таълим ва тарбия, виждон эркинлиги, малакали юридик ёрдам олиш, давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқларни кафолатли таъминлаш мақсадида академик илм-фан ўз сўзини айтмоғи даркор. Мазкур анжуман мамлакат Конституцияси, “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” (66-мақсад), “Ўзбекистон – 2030” стратегияси”да илгари сурилган асосий ғоя, мақсад (23, 28-мақсадлар) ва вазифалар асосида ўтказилди.

Хусусан: 

— ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг халқаро ва миллий-ҳуқуқий асослари ҳамда уларнинг ўзаро қиёсий таҳлили;
— Марказий Осиё ва узоқ хорижий давлатлар томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга тақдим этилаётган имтиёзлар ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятлар, хусусан, “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция” (Нью-Йорк, 2006-йил 13-декабрь) ижросининг ушбу минтақа давлатлари тажрибаси;
— давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотларнинг ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва аҳамияти;
— резидентлар ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигининг самарадорлиги ва ривожланиш истиқболлари;
— соҳадаги қатор муаммолар таҳлил қилинди, экспертлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилди, муаммоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари соҳа мутахассислари билан муҳокама қилинди.
Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш учун яратилган ўқув дастури муҳокамаси; ходимлар учун ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи бўйича сертификатлаштириш курсларини ташкил этиш, Ногиронлик ҳуқуқларини тадқиқ этиш ва тарғибот марказининг узоқ муддатли стратегик режасини муҳокама қилиш; инклюзив тадқиқот амалиётлари, Марказий Осиёда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи ва сиёсати бўйича яратилган опен-аccесс (бепул) журнал тақдимоти; ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш масалаларига урғу берилди.

Муҳокама мавзуси доирасида тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.

Хулоса. Конференция нафақат илмий-амалий мулоқот платформаси, балки ногиронлиги бор шахсларга доир янги ғоялар, инновацион ёндашувлар, халқаро тажриба ва интеграциялашув механизмларини муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди. Ундан чиқарилган хулосалар мамлакатимизда демократик институтларни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишда асосий дастуриламал сифатида хизмат қилиши мумкин.

Улашиш: