Содда талқин
22.01.2026
69

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда хавфсиз муҳит тушунчаси тобора кенгроқ мазмун касб этиб бормоқда. У эндиликда жиноятчиликка қарши кураш ёки ҳуқуқ-тартибот масаласи билан чекланиб қолмасдан, жамиятда тинчлик, ишонч, ижтимоий барқарорлик ва фуқароларнинг ўзини ҳимояланган ҳис қилиши билан чамбарчас боғлиқ бўлган тушунчага айланмоқда. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши чуқур ижтимоий-сиёсий мантиққа эга.
Мурожаатномада маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрни алоҳида таъкидланиб, уни ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, фуқароларнинг фаоллигини кучайтириш ва энг муҳими, хавфсиз муҳитни шакллантиришнинг таянч бўғини сифатида кўриш зарурлиги қайд этилди.
Айнан шу стратегик ёндашувнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 5 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-1-сон Қарорини кўриш мумкин. Бу ҳужжат хавфсизлик масаласини аниқ ҳудуд, аниқ маҳалла ҳамда аниқ ижтимоий вазиятлардан келиб чиқиб ҳал этишга қаратилган тизимли ёндашувни таклиф этади. Яъни, Мурожаатномада белгиланган ғоя энди ҳуқуқий ва ташкилий механизмлар орқали реал ҳаётга татбиқ этилади. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундан иборатки, маҳаллада жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ишлар илмий асосда ташкил этилиши белгиланди.
Шу ўринда табиий савол туғилади: нега хавфсиз муҳитни яратиш айнан маҳалладан бошланиши керак? Бу саволга жавоб бериш, мазкур қарорнинг моҳиятини ҳамда Ўзбекистон танлаган хавфсизлик моделининг ўзига хослигини ҳам англаш имконини беради.
Ҳуқуқий назарияга кўра, хавфсиз муҳитни шакллантиришда энг муҳим масала – муаммони имкон қадар эрта аниқлаш ва унга эрта муносабат билдиришдир. Жиноятчилик, зўравонлик ёки ижтимоий беқарорлик ҳеч қачон бирданига пайдо бўлмайди. Унга олиб келувчи омиллар аввал кичик аломатлар, эътибордан четда қолаётган ҳолатлар, оиладаги ёки ёшлар билан боғлиқ муаммоли вазиятлар ёҳуд қўшничилик муносабатларидаги зиддиятлар сифатида намоён бўлади. Ана шу жараёнларни тез ва аниқ кўриш мумкин бўлган макон эса – бу маҳалладир.
Шу сабабли хавфсизликни айнан маҳалладан бошлаш, аввало, муаммони кечикмасдан англаш ва унга индивидуал ёндашиш имконини беради. Бу жазога асосланган ёндашувдан кўра, профилактикага таянган, олдини олишга қаратилган моделнинг устуворлигини таъминлайди.
Ўзбекистон тажрибасида бу ёндашув ўз самарасини бераётгани бевосита амалий натижалар билан ҳам тасдиқланмоқда. Хусусан, 2025 йил 3 январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–1-сон қарори ижроси натижасида маҳаллаларда жиноятчилик даражаси қарийб 1,5 бараварга камайгани қайд этилди. Бу рақам хавфсизликни айнан маҳалла даражасида ташкил этиш тўғри стратегия эканининг амалий исботи дейиш мумкин.
Шу маънода маҳалла хавфсизликни таъминлашда “бирламчи бўғин” вазифасини бажаради. Агар муаммо шу ерда аниқланса, шу ерда муҳокама қилинса ва шу ерда ҳал этилса, у катта ижтимоий хавф даражасига етиб бормайди. Демак, хавфсиз муҳитни маҳалладан бошлаш жамиятни барқарор ривожлантиришга қаратилган онгли, узоқни кўзлаган ва ижтимоий жиҳатдан энг самарали ёндашув деб ҳисоблаш мумкин.
Ўзбекистондаги ёдашувнинг уникаллиги шунда намоён бўладики, маҳаллада инсонлар бир-бирини танийди ҳамда бир-бирининг ҳаётидан хабардор бўлади, муаммога бефарқ бўлиб қарай олмайди. Бу ерда “қонундан қўрқиш”дан кўра, “жамият олдида масъул бўлиш” ҳисси кучлироқ ишлайди. Айнан шу жиҳати билан маҳалла хавфсизликни фақат расмий механизм сифатида эмас, ижтимоий қадрият сифатида шакллантиради. Бундай муҳитда ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш жараёни мажбурий назоратга эмас, балки ўзаро ишонч, ўзаро масъулият ва ижтимоий муносабатларга таянади.
Хорижий тажрибада бу ёндашув кўпинча “community policing”, яъни жамият билан ҳамкорликда хавфсизликни таъминлаш модели орқали ифодаланади. Бунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар аҳолига яқинлашади, муаммоларни биргаликда муҳокама қилади ва профилактика чоралари маҳаллий эҳтиёжлардан келиб чиқиб белгиланади. Юқорида айтилганидек, Ўзбекистонда бу модел янада чуқурроқ ижтимоий асосга эга. Чунки бизда маҳалла аллақачон тарихан шаклланган, жамият ҳаётига сингиб кетган институт ҳисобланади, у хавфсизлик билан бирга тарбия, ижтимоий ҳимоя, келишмовчиликларни ҳал этиш ва бирдамликни мустаҳкамлаш вазифаларини ҳам бажаради.
Шу маънода Ўзбекистон танлаган йўлни “хавфсизликни маҳаллага тушириш” деб эмас, балки “хавфсизликни жамият ичига сингдириш” модели сифатида баҳолаш мумкин. Маҳалла орқали хавфсизликни таъминлаш бу назоратни кўпайтирмайди, балки масъулиятни бўлишади. Давлат ўз вазифасини сақлаб қолган ҳолда, жамиятни ҳам фаол иштирокчига айлантиради ва натижада хавфсизлик жамиятнинг ички эҳтиёжи ва қадриятига айланади.
Шу билан бирга, хавфсиз муҳитни шакллантириш жараёнида бир муҳим хавфни ҳам унутмаслик керак. Баъзи ҳолларда жиноятчиликни камайтириш талаби нотўғри талқин қилиниб, жиноятларни реал камайтириш ўрнига уларни статистикада “йўқ қилиш”, яъни ҳисобдан яшириш ҳолатлари юзага келиши мумкин. Бундай ёндашув ташқи томондан ижобий кўрсаткичларни беради, аммо реал хавфсизликни таъминламайди.
Хорижий тажрибада бунга ўхшаш ҳолатлар учраган. Айрим давлатларда жиноят статистикасига ҳаддан ташқари эътибор қаратилгани сабабли:
аризаларни қабул қилмаслик;
жиноятларни бошқа тоифага ўтказиб ёзиш;
ёки умуман рўйхатга олмаслик ҳолатлари кузатилган.
Натижада “жиноятчилик камайди” деган рақамлар реал вазиятни тўлиқ акс эттирмаган. Бу эса жамиятда ишончсизликни кучайтирган.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Президент қарорида алоҳида банд билан Бош прокуроратура ва Ички ишлар вазирлигига жиноятларни ҳисобдан яшириш, кундалик ҳисоботларга сохта маълумотлар киритиш ҳолатларига тубдан барҳам беришга қаратилган қатъий назорат тизимини жорий этиш вазифасининг юклатилиши жуда муҳим ва принципиал аҳамиятга эга.
Аслида жиноятнинг рўйхатга олиниши тизим ишламаётганидан далолат бермайди. Аксинча, бу тизим ҳалол ишлаётганининг белгиси ҳисобланади. Чунки муаммо яширилмай, очиқ қайд этилса, унга қарши реал чоралар кўриш имконияти пайдо бўлади. Жиноятни яшириш эса хавфсизликни эмас, муаммонинг ўзини яширади.
Шу сабабли хавфсиз муҳитни яратишда асосий мезон рақамларнинг пасайиши эмас, жамиятдаги реал ҳолат бўлиши лозим. Маҳаллада жиноят содир бўлса, уни яширишдан кўра, уни очиқ тан олиб, сабабини аниқлаш ва такрорланишининг олдини олиш механизмларини ишга тушириш энг тўғри йўл ҳисобланади. Фақат шундагина хавфсизлик статистик кўрсаткичдан ҳақиқий ижтимоий қадриятга айланади.
Хулоса қилиб айтганда, хавфсиз муҳитни айнан маҳалладан бошлаш тасодифий танлов эмас. Чунки маҳалла жамиятнинг энг муҳим ижтимоий қадрияти, маҳалладаги барқарорлик ва хавфсизлик эса бутун жамият тинчлигига бевосита таъсир кўрсатиши мумкин.
Маҳалла жамиятнинг энг реал, энг сезгир ва энг тирик бўғини, шу сабабли муаммолар энг аввало шу ерда кўринади, инсоний муносабатлар айнан шу ерда шаклланади ва хавфсизлик энг табиий тарзда шу ерда мустаҳкамланади. Агар хавфсизлик маҳаллада таъминланса, у мажбурлов натижаси эмас, ижтимоий масъулият ва ишонч маҳсулига айланади.
Президент Мурожаатномасида белгиланган 2026 йил концепцияси ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган қарорлар аслида хавфсизликни “юқоридан бошқариш” эмас, балки уни “жамият ичидан барпо этиш” моделига ўтишни англатади. Бу моделда рақамлар эмас, реал ҳаёт муҳим; статистик кўрсаткичлар эмас, инсоннинг ўзини ҳимояланган ҳис қилиши асосий мезон бўлади.
Шу боис саволга жавоб аниқ: хавфсиз муҳит айнан маҳалладан бошланиши керак, чунки маҳалла хавфсизликни расмий тизим даражасидан ижтимоий қадрият даражасига кўтарадиган ягона макондир. Ана шундагина хавфсизлик вақтинчалик натижа эмас, жамият тараққиётининг барқарор асоси бўлиб хизмат қилади.
Умид Собиров,
Тошкент давлат юридик университети
Тадқиқот маркази илмий ходими
Улашиш:
Бошқалар
Давлат органлари ва ташкилотлари функцияларининг мазмун-моҳиятига бағишланган янги услубий қўлланма
Қўлланмада давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функциялари ўзаро боғлиқ тушунчалар экани тушунтирилади.
«Келажак» марказлари қандай ташкилот ва уларнинг вазифаси нималардан иборат?
«Келажак» марказлари кўп тармоқли бўлиб, у фаолият юритадиган ҳудуднинг ўзига хос хусусияти йўналишларида тўгараклар ташкил этади.
Дорихоналарда тез-тез учрайдиган ёзув: “сотиб олинган дори воситалари қайтариб олинмайди”
Бироқ сифатсиз дори воситалари, шунингдек шифокор томонидан берилган рецептга номутаносиб тарзда дорихона томонидан реализация қилинган дори воситалари мазкур Низомга мувофиқ қайтарилиши лозим.
Никоҳ шартномаларини тасдиқлаш тартиби белгиланди
Низомга кўра, нотариуслар томонидан никоҳ шартномаси нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилади.